platina.uz

Хитойни вайрон қилган маданий инқилоб

Унинг оқибатлари шунчалик даҳшатли эдики, Ден Сяопин бошчилигидаги Хитой раҳбарияти мамлакатни қайта тиклаш учун чуқур ислоҳотлар ўтказишга мажбур бўлди.

Таҳлил
20 январь, 9:04
Хитойни вайрон қилган маданий инқилоб
Фотоколлаж: Platina.uz

XX асрнинг иккинчи ярми Хитой учун туб ўзгаришлар даври бўлди. Бу буюк мамлакат тарихидаги энг фожиали ва баҳсли воқеаларидан бири – 1966 йил май ойида бошланиб, 1976 йил октябригача давом этган “Буюк пролетар маданий инқилоби” ҳисобланади. Мао Цзэдун ташаббуси билан амалга оширилган мазкур инқилоб мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий тарихида чуқур из қолдирди, унинг оқибатларини Хитой бугун ҳам ҳис қилмоқда.

Маданий инқилоб нима?

Маданий инқилоб – бу совет Россияси ва Хитойда жамиятнинг маданий ва мафкуравий ҳаётини тубдан қайта қуришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуидир.

Мафкуравий контекст ва фалокатнинг бошланиши

Маданий инқилоб 1960-йилларнинг бошларида Мао Цзедун Хитой Коммунистик партиясидаги (ХКП) таъсирини йўқотганидан сўнг, назоратни қайта қўлга киритишга бўлган шахсий амбицияларидан келиб чиққан. У партия ва ҳукуматни марксистик-ленинистик тамойиллардан четга чиқишда айблаб, “буржуа тафаккури”нинг ҳар қандай унсурларини йўқ қилишга қарор қилди.

1966 йил май ойида ХКП марказий қўмитаси "Май директиваси"ни эълон қилди ва бу ҳаракатни бошлади. Мао "тўртта эскирган нарса"(эски ғоялар, эски маданият, эски урф-одатлар ва одатлар)га қарши кураш шиори остида ёшларни сафарбар қилди ва тартибсизлик қуролига айланган Қизил гвардияларни (Хунвейбинлар) яратди. Уларнинг сони миллионларга етди ва улар нафақат маданий қадриятларни, балки одамларнинг тақдирини ҳам йўқ қилишга киришиб кетди.

Ижтимоий ва маданий инқироз

Маданий инқилоб нафақат ёдгорликлар, китоб ва санъат асарларининг йўқ қилиниши, балки оммавий қатағонларга ҳам сабаб бўлди. Профессор Фу Лей каби олимлар ҳибсга олиниб, камситилган ва ўз жонига қасд қилишга мажбур этилган.

4,2 миллиондан ортиқ китоблар, ўн минглаб тарихий обидалар, жумладан, қабрлар, ибодатхоналар ва қўлёзмалар йўқ қилинди.

Зиёлилар, жумладан, профессорлар, доктор, муҳандис ва рассомлар “жисмоний меҳнат воситасида қайта тарбиялаш” учун қишлоқ хўжалиги ишларига ёки фабрикаларга мажбуран жўнатилган. Мисол учун, таниқли ёзувчи Ба Цзин заводда ишлаган, у ерда адиб унинг малакасига мутлақо мос келмайдиган жисмоний ишларни бажарган.

“Пастга – қишлоққа” дастури доирасида 1968-1976 йилларда 17 миллионга яқин ёшлар, жумладан, талабалар ва битирувчилар қишлоқларга жўнатилди. Улар нафақат оғир шароитларда яшаган, балки кўпинча шаҳардан ташқарига чиққанини кўрган маҳаллий аҳолининг ишончсизлигига дуч келишган.

Гансу музофотида хунвейбинлар бузиб ташлаган Будда ҳайкали.

Университетлар ёпилди, таълим тизими хароб бўлди. 1966-1970-йилларда олий ўқув юртларида талабалар сони 60 фоиздан пастга тушиб кетди. Мамлакат самарали мутахассисларнинг бутун авлодини йўқотди, бу эса иқтисодий ва илмий ривожланишга таъсир кўрсатди.

Юз минглаб оилалар ажрашиб кетди, миллионлаб одамлар “меҳнат орқали қайта тарбиялаш” учун қишлоқларга сургун қилинди. Уларнинг кўплари очлик, касаллик ёки машаққатли меҳнатдан вафот этишди.

"Кичик Қизил китоб" қандай рол ўйнади?

Мао Цзэдуннинг иқтибослари китоби, шунингдек, “Кичик Қизил китоб” номи билан танилган, Лин Бяо 1960-йилларнинг ўрталарида тузган матнлар, нутқлар ва шиорлар тўпламидир. Маданий инқилоб даврида ҳар бир ҳақиқий инқилобчи ўзи билан бу китобнинг нусхасини ёнида олиб юриши ва ўқиб юриши керак эди. Кўпинча Қизил гвардиячилар бир-бирларини ушбу китобдан олинган иқтибослар билан кутиб олишар эди. Ҳозиргача бутун дунё бўйлаб Маонинг "Иқтибослар китоби"нинг 1 миллиардга яқин нусхаси чоп этилган.

Иқтисодий зарар

Маданий инқилоб жиддий иқтисодий йўқотишларга олиб келди. Шанхай каби айрим провинцияларда саноат ишлаб чиқариши инқилоб даврида 10-20% га камайди. 1968 йилда қишлоқ хўжалиги ишчи кучининг кўп кўчиши сабабли оқсай бошлади, бу эса ғалла ҳосилининг пасайишига олиб келди. Масалан, Aнхуй провинциясида ҳосил етишмаслиги сабабли оммавий тўйиб овқатланмаслик ҳолатлари кузатилган.

Партия ва бошқарув ходимларининг доимий “тозалаб турилиши” бошқарув тизимини фалажлади. Натижада миллий иқтисодиёт таназзулга юз тутди, аҳолининг турмуш даражаси кескин пасайди. Расмий ҳисоб-китобларга кўра, миллионлаб одамлар очликдан ёки қатағон оқибатларидан ўлган.

Сиёсий оқибатлар

Маданий инқилоб Хитой Коммунистик партиясига ишончни сусайтирди. 1971 йилда “Лин Бяо жиноят иши” каби партия ичидаги тозалашлар ўн минглаб партия амалдорларининг ҳаётига зомин бўлди. Мао Цзэдун ўз ҳокимиятини мустаҳкамлади, аммо инқилоб охирига келиб мамлакат чуқур инқироз ҳолатига тушиб қолди. 1976 йил сентябрида – Мао ўлимидан сўнг, партия Маонинг рафиқаси Цзян Цинни ҳам ўз ичига олган “Тўртлик тўдаси”ни “Маданий инқилоб”да айблаб, улардан ўзини четга тортди. 1981 йилда расмий партия пленумида Маданий инқилоб "ўн йиллик фалокат" деб таърифланди.

“Маданий инқилоб” қандай оқибатларга олиб келди?

Бугунги ҳисоб-китобларга кўра, маданий инқилоб даврида 1,4 миллиондан 1,6 миллионгача хитойликлар ўлдирилган. Уларнинг аксарияти мамлакатда тартиб ўрнатиш учун ҳар қандай йўл билан курашган Халқ-озодлик армиясининг “тозалаш” операциялари натижасида ҳалок бўлган. “Маданий инқилоб”нинг бир қанча ижобий таъсирлари орасида соғлиқни сақлаш тизимини жорий этиш (ривожланмаган бўлса ҳам) ва ишчилар ва деҳқонлар учун мактаб таълимини ислоҳ қилиш киради.

Ҳозир Хитойда “маданий инқилоб”га қандай баҳо берилади?

1981 йилда Дэн Сяопин "Тўртлик тўдаси" устидан очиқ суд ўтказишга рухсат берди ва маданий инқилобни "партия ва халқ учун катта фалокат" деб атади. Бугунги кунда расмий партия “Мао 30 фоиз ноҳақ бўлган, аммо 70 фоиз ҳақ бўлган” деб ҳисоблайди. Хитой Маонинг “доимий инқилоб” ҳақидаги ғояларидан воз кечганига анча бўлган. Бугунги кунда партия қатъий иерархияни ифодалайди, мамлакатда ҳокимият монополиясига эга ва ижтимоий барқарорликка алоҳида эътибор беради.

Нега “маданий инқилоб” барбод бўлди?

“Маданий инқилоб” бошиданоқ ҳал қилиб бўлмайдиган қарама-қаршиликларни ўз ичига олди. Мао бир вақтнинг ўзида инқилобчи бўлишни хоҳлади, эски иерархияларни бузди, лекин айни пайтда тўлиқ – авторитар назоратни ўз қўлида сақлаб қолди. Бу қарама-қаршилик шиддатли фракциявий жангларга айланганда, Мао тартибни тиклаш учун ҳарбийларни жалб қилди.

"Янги одам" орзуси кўмилди. Унинг ўрнига "қуролнинг найзасидан чиқувчи ҳокимият" келди. Натижада яна ленинча модел асосида қурилган – иерархия ва бюрократияга эга партия пайдо бўлди. Мао ўлимидан сўнг унинг кўплаб рақиблари, жумладан, ўз ислоҳотлари билан Хитойни янги ривожланиш даврига элтган Дэн Сяопин ҳокимиятни ўз қўлига олди.

Фожиа сабоқлари

Маданий инқилоб экстремизм, шахсга сиғиниш ва анъаналарни йўқ қилиш нималарга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришдир. Унинг оқибатлари шунчалик даҳшатли эдики, Ден Сяопин бошчилигидаги Хитой раҳбарияти мамлакатни қайта тиклаш учун чуқур ислоҳотлар ўтказишга мажбур бўлди. 1978 йилда Хитойни кейинчалик иқтисодий гигантга айлантириш йўлини очиб берган ислоҳотлар ва очиқлик дастури бошланди.

Бироқ маданий инқилоб хотираси оғриқли мавзу бўлиб қолмоқда. Модернизацияга бўлган интилишларга қарамай, бу даврнинг кўплаб жиҳатлари жамиятда муҳокама қилиняпти ва санъат, адабиёт ва академик тадқиқотларда ўз аксини топяпти. “Маданий инқилоб”нинг аччиқ тажрибаси – Хитой учун бу ҳеч қачон унутилмаслиги шарт бўлган сабоқдир.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+