Очилмаган сирлар: ҳеч ким ўқий олмаган китоб – Войнич қўлёзмаси
У дунёнинг тилшунос олимлари ва криптографлари учун эришиб бўлмайдиган Эверест чўққиси бўлиб қоляпти. Даҳшатлиси, келажакда ҳам забт этилмай қолавериши мумкин.
Ҳозиргача олимлар ҳаттоки 5000 йил аввалги ўтмишдан бизгача етиб келган кўплаб ёзма манбаларни ўқиш ва таржима қилишнинг уддасидан чиқишган. Ҳатто Яқин Шарқдаги сопол, девор ва ёғочларга қолдирилган миххат ёзувлари, Миср иероглифлари, Лотин Америкасидаги Майя тамаддуни ва Ацтек вакилларидан қолган ёзувлар ҳам ўқилиб, таржима қилинган.
Бироқ нисбатан яқин ўтмишимиздаги бир китоб борки, уни 100 йилдан бери ҳеч қайси буюк дешифратор, мантшунос, манбашунос ёки бошқа мутахассилар ўқий олишмаган. Ҳатто бу китобнинг нима мақсадда ёзилгани ва унда нималар ёзилгани ҳам номаълум қолмоқда.
Бир асрлик жумбоқ
Ушбу қадимий қўлёзма саҳифаларида ғалати шаклдаги идишлар ичида ўтирган одамлар, табиатда учрамайдиган гул ва ўсимликлар, яланғоч баданларнинг ғалати тасвирлари, яшил суюқликда чўмилаётган аёллар тасвирланган. Қалам билан ёзилган ҳарфлар бироз таниш кўринади, лекин айни пайтда улар бошқа ҳеч қайси алифбо ҳамда ёзув турларига ўхшамайди. Дунёнинг энг яхши криптографлари бу китоб матнини ўқишга ҳаракат қилмоқда, бироқ ушбу ўрта аср осори-атиқасини ўқишнинг имкони бўлмаяпти.
Бу китобнинг номи ва муаллифи номаълум. Эҳтимол, бу икки маълумот китобнинг форзацида ёзилгандир, лекин уларни ҳозиргача ҳеч ким ўқий олмаган. Уни топган олим шарафига шартли равишда “Войнич қўлёзмаси” деб аталадиган ушбу қўлёзма китоб 500 йил аввал ёзилган бўлиб, 240 саҳифали пергаментдан иборат.
Бу китоб, шартли равишда, чизмалар мавзусига кўра олти қисмга бўлинади. Баъзи олимлар қўлёзмани ақлли ёлғон деб ҳисобласа, бошқалари бу аллақчон йўқолиб кетган тилда ёки сунъий тилда ёзилган мазмунли матн эканига ишончи комил. Қандай бўлмасин, Войнич қўлёзмаси ҳанузгача бутун дунё криптографларини ўзига жалб қилади ва ҳайратда қолдиради. Тарихчи Синклер Маккай ўзининг "Цивилизация шифрлари" китобида ушбу сирли қўлёзмага алоҳида, каттагина бир боб бағишлаган. Маккай ушбу асарида сирли китоб ҳақидаги текширилган ва ишончли маълумотлар билан ўртоқлашади; матн атрофида пайдо бўлган машҳур афсоналарга тўхталиб ўтади.
Сирли қўлёзма
Бугунги кунда Войнич қўлёзмаси Йел университетининг Нодир китоб ва қўлёзмалар кутубхонасида сақланмоқда. Қўлёзма ХХ аср бошларида Римдаги диний семинарияда асли поляк-литвалик бўлган ню-йорклик антиквар Вилфред Войнич томонидан 1912 йилда топилган. Қўлёзма китоб ичида XVII аср ўрталарида қандайдир Иоганн Марзи томонидан ёзилган хат ҳам бўлган. Хатда ёзилишича, ушбу қўлёзма аввал император Рудолф Иккинчига, кейин эса алкимёгар Георг Барешга тегишли бўлган. Войнич қўлёзмани қандай қўлга киритгани ва уни AҚШга қандай олиб келгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
АҚШда Войнич қўлёзмаси Aмериканинг энг яхши криптографларидан бири Уилям Фридманнинг қўлига тушди. Олим бир неча ўн йиллар давомида қўлёзмани ўқиш учун курашди, аммо ҳаракатлари ҳеч қандай натижа бермади. Фридман махфий кодлар, шифрлар, ёзувлар бўйича энг яхши мутахассисларни ўз ичига олган бутун бир “кодбузарлар” жамоасини тузди. Улар дешифровка ва матншунослик фанига маълум барча усулларни ишга солишса ҳам жумбоқнинг тагига ета олишмади.
Синклер Маккай ўзининг "Цивилизация шифрлари" китобида 1951 йилда Фридман ўзининг ҳамкасби Жон Тилтманга ёрдам сўраб мурожаат қилганини, у энг мураккаб кодларни, шу жумладан, Япония императорлик армиясининг кодларини бузишда ажойиб қобилиятга эга бўлганини айтади. Олим Войнич қўлёзмаси ечимига турли томонлардан ёндашиб кўрган. Масалан, у қўлёзма варақлари бўйлаб сочилиб ётган гулларнинг ғаройиб тасвирларини ўрганди, лекин у билан боғланган ботаник ва боғбонларнинг ҳеч бири бу ўсимликларнинг табиатда борлигини тасдиқлай олмади; Тилтман юлдуз буржлари (зодиак) рамзлари ва юлдузли осмон тасвирларини ўрганиб чиқди, лекин саҳифаларда тасвирланган юлдуз туркумлари бутунлай хаёлий эди ёки Европанинг турли нуқталаридан кўриш мумкин бўлган турли буржлардан ташкил топган "юлдуз химералари" эди.
Сунъий тилда ёзилганми?
Дешифрловчи, шунингдек, қўлёзма матни эсперанто каби сунъий тилда ёзилган бўлиши мумкин, деган ғояни ҳам текшириб кўрди. Бироқ ёзувдаги бирон-бир сўзни аниқлай олмади. Унинг бу тил корн тили экани, баъзи сўзлар ацтек тилида, айримлари эса ўрта аср лотин тилида ёзилган қабилидаги фаразлари бор эди. Aммо бу назарияларнинг ҳеч бири Войнич қўлёзмаси сирини ечишга яқин ҳам йўлатмади.
Табиийки, қўлёзма топилгандан сўнг дарҳол бу ҳақда турли афсоналар шакллана бошлади. Баъзилар унинг муаллифи XIII аср файласуфи Рожер Бекон эканига ишонишган. Бошқалар эса китобни алкимёгар ва табиат файласуфи Жон Ди – Елизавета Иккинчининг "сарой сеҳргари" ёзган, у Енохиан тили ёки фаришталар тили деб аталадиган тилга қизиққан деб ҳисоблашади.
Замонавий уринишлар
XX асрнинг сўнгги ўн йилликларида сирли қўлёзмага татбиқ этилган янги тадқиқот технологиялари пайдо бўлди. Войнич қўлёзмасининг “ёшини” аниқлаш учун радиокарбонли услуб қўллаб кўрилди. Натижалар матн 1404-1438 йиллар орасида ёзилганини кўрсатди, гарчи қўлёзма ҳақида биринчи эслатма прагалик кимёгар Жири Бареснинг 1639 йилда тилшунос Aфанасий Кирхерга йўллаган мактубида учрайди. Бу далил Рожер Бекон бир аср олдин яшагани сабабли матн муаллифи бўлиши мумкин эмаслигини исботлайди. Бундан ташқари, 1527 йилда туғилган Жон Ди ҳам шубҳадан четда қолади.
Бу орада яна бир тахмин пайдо бўлди: Войнич қўлёзмаси Войничнинг ўзи томонидан яратилган эмиш! Aйёр антиквар гўё бир даста пергамент топиб, сиёҳ ёрдамида 240 саҳифани маъносиз белгилар ва сирли чизмалар билан тўлдирган эмиш!
Энг янги тахминлар ҳам диққатга сазовор. AҚШ Миллий хавфсизлик агентлигида ишлайдиган ҳинд-европа тиллари бўйича лингвист Жеймс Чайлд 1976 йилда NАSA Technical Journal нашрида (дастлаб махфий бўлган, аммо кейинроқ махфийликдан чиқарилган) матн "аввал номаълум бўлган ўрта аср шимолий герман диалектида" ёзилганини даъво қилган.
Чайлд 2007 йилдаги мақоласида “айрим герман тилларига ўхшаш бир неча элементларнинг скелет синтаксиси”ни топганини ва қўлёзма мазмуни “жуда ноаниқ” эканини таъкидлади.
Балки ўзга сайёраликлардир?
Қўлёзманинг мазмуни ҳақида кўплаб назариялар мавжуд, аммо кўплаб ақл бовар қилмайдиган тахминлар бор. Войнич қўлёзмаси Aтлантида ёки Лемурия каби қадимий цивилизациялар сирларини очишнинг калитидир, деган назария ҳам йўқ эмас.
Бошқа бир тахминга кўра, қўлёзма Ер сайёрасидан ташқарида, яъни ўзга сайёраликлар томонидан яратилган. Қўлёзмада материяни ўзгартириш ва абадий ҳаётга эришиш имконини берувчи файласуф тошининг рецепти борлиги ҳақидаги тахминлар бор. Замонавий мистиклар қўлёзмада сеҳрли маросимлар ва афсунлар тасвирланганига ишонишади. Кейинчалик тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, матннинг "ботаника" қисми касалликларнинг тавсифи ва турли касалликларни даволаш усулларини ўз ичига олган, фавворалар ва ўзаро туташган идишлари шаклида аллегорик тарзда тасвирланган фармакопиядир.
Қўлёзма бўйича тадқиқотлар давом этмоқда. Немис мисршуноси Райнер Ханниг қўлёзмани чуқур ўрганмоқда. Унинг таъкидлашича, матн сомий (оромий араб иврит тиллари гуруҳи) тилига асосланган, аммо расмлар соф европача услубда яратилган, бу эса муаллифни Европага географик жиҳатдан яқин жойда излаш кераклигини англатади. Мисршуноснинг сўзларига кўра, қўлёзма ўша даврдаги баъзи европалик олимлар яхши билишган оромий ёки иброний (иврит) тилларида ёзилган. 2016 йилда худди шундай назарияни канадалик олимлар Гжегож Кондрак ва Брэдли Хауэр илгари суришди; Уларнинг таъкидлашича, сунъий интеллект уларга қўлёзманинг фақатгина биринчи жумласини дешифрлашга имкон берган, бу эса гўёки "у руҳонийга, уй хўжайини, менга ва одамларга кўрсатмалар берди" деб таржима қилинади (She made recommendations to the priest, man of the house and me and people). Бироқ кейинги тадқиқотларда яна бошқача таржималар берилган. Бир сўз билан айтганда, сунъий интеллект ҳам ҳозирча бу қўлёзмани ўқий олмаяпти.
Кутамиз...
Хуллас, Войнич қўлёзмаси дунёнинг тилшунос олимлари ва криптографлари учун эришиб бўлмайдиган Эверест чўққиси бўлиб қоляпти. Даҳшатлиси, у келажакда ҳам забт этилмай қолавериши мумкин. Бир нарса аниқ: қўлёзма криптография оламини абадий ўзгартириб, шифрлаш санъатининг гўзал ва жозибали дурдоналари – бузилмас кодлар ҳам мавжуд бўлиши мумкинлигини кўрсатди.
Эҳтимол сиз бу китобни ўқишга муваффақ бўларсиз? Ушбу ҳавола орқали ушбу сирли китобнинг тўлиқ сканерланган варақларини юклаб олишингиз мумкин.
Бу ҳавола орқали эса бу китоб билан видео форматида танишсангиз бўлади.
Абулфайз Сайидасқаров