Сўнмас юлдузлар: Брюс Ли ва унинг оғир қисмати
Platina.uz кунгфу ва Ҳолливуд афсонасига айланган юлдуз ҳақида ҳикоя қилади.
Брюс Ли нафақат жанг санъати афсонаси, балки Ғарб ва Шарқ маданиятлари ўртасидаги кўприк бўлиб хизмат қилган. Унинг қисқа, аммо мазмунли ҳаёти ўзидан сўнгги авлодларга кучли таъсир қолдирди.
Брюс Ли 1940 йил 27 ноябрда ота-онаси Америкада гастрол сафарида эканида, Сан-Францискода туғилган. Онаси Грейс Лининг келиб чиқиши немис бўлиб, отаси хитойлик комик актёр Ли Хой Чен. Унинг болалиги ва ёшлик даври Ҳонконгда ўтган. Илк ролини 3 ойлик пайтидаёқ ижро этган. Жанг санъатларига қизиқиши кичиклигида пайдо бўлган. У Wing Chun техникасини машҳур жанг санъати устаси Ип Мандан ўрганган. Ўзининг техник маҳорати ва жанговар услуби билан тенгқурларидан ажралиб турган.
Брюс Ли дастлаб Ҳонконгдаги филмларда кичик роллар ўйнаган, аммо унинг карьераси АҚШда жонланади. 1966 йилда у машҳур "Яшил қовоғари" сериалида Като ролини ижро этади. Бу Брюс Ли учун халқаро шуҳратга йўл очди. Унинг кучли техникаси ва экрандаги харизмаси томошабинларни ҳайратда қолдирди.
Брюс Ли жанг санъатларини нафақат Ғарбга таништирган, балки уларни янги босқичга олиб чиққан. У Jeet Kune Do (Тўсиқларни ёриб ўтиш йўли) деб номланган услубни яратган, бу техникага минимализм ва мослашувчанлик тамойилларини олиб кирган.
Афсонавий филмлар
Брюс Ли ўзининг қисқа, аммо таъсирли кино карьераси давомида бир қатор афсонавий филмларда рол ижро этган, жумладан: "Катта хўжайин", "Ғазаб мушти", "Аждаҳо йўли" (бу филмда у Чак Норрис билан эпик жангни намойиш қилган), "Аждаҳо йўли" ва бошқалар.
Унинг филмлари жанг санъатига оид кино жанрини қайта шакллантирди ва Шарқ жанг санъатларини глобал саҳнага олиб чиқди.
Брюс Лининг тезлиги шу қадар юқори эдики, у овқатланиш таёқчаси ёрдамида ҳаводаги гуручни тутиб олишга қодир эди. Томошабинлар унинг ҳаракатларини фарқлай олиши учун филмларда жанг саҳналари бироз секинлаштирилар эди.
Брюс Лининг тезлиги расман қайд қилинган: 1 метр масофадан бериладиган зарбага 0,05 сония сарфланган. Айрим жанг саҳналарида у 50 нафар рақибини бир неча сонияда йиқитгани акс этган.
Брюс Ли бировнинг кафтидаги тангани олиб, унинг ўрнига бошқасини қўйишни шу қадар тез бажарардики, тангани ушлаб турган одам буни пайқамай қолиши мумкин эди.
Брюс Ли “Ўлим ўйини” филмида вафотидан сўнг бош ролни ижро этган. Филмда унинг дафн маросимида олинган саҳналар мавжуд. Актёр сёмкалар якунланишидан олдин оламдан ўтгани боис айрим саҳналарда монтаж ва дублёрлардан фойдаланилган.
1962 йилда Брюс Ли 11 сония давом этган жангда рақибига 15 та зарба бериб, уни нокаутга учратган. Мухлислари ҳалигача унинг “бир дюйм наридан” туриб бериладиган зарбасини такрорлашга ҳаракат қилади.
Брюс Ли битта қўлининг катта ва кўрсаткич бармоқларида туриб 50 марта, бошқасида яна 50 марта ётиб тура оларди.
Брюс Ли умуртқа поғонасидан олган жиддий жароҳатни енгиб ўта олган. Машғулотдаги муваффақиятсиз ҳаракат туфайли унинг тўртинчи умуртқасига зарар етган. Бу амалда спорт карьерасининг якуни дегани эди. Шифокорлар Брюс ярим йил давомида бошқатдан юришни ўрганиши лозимлигини, умрининг охиригача оғир юкламалардан қочиши кераклигини айтган. Лекин у ўз терапиясини ишлаб чиқиб, нафақат тузалиб кетган, балки илгаригидан ҳам бақувватроқ ва эпчилроқ спортчига айланган.
Бир куни Брюс Ли тасодифан Жеки Чанни дўппослаган. “Аждарнинг чиқиши” филмида у Жекининг юзига асо билан зарба берган. Аммо ёш Жеки бу воқеани ҳазилга йўйган ва ўзи мухлислик қиладиган афсонавий актёр билан яқинроқ танишиш имкониятидан фойдаланиб қолган.
Сирли ўлим
1973 йил 20 июлда Брюс Ли Ҳонконгда "Ўлим ўйини" филми устида ишлаётганда, кутилмаганда жуда эрта, 32 ёшида вафот этди. Унинг ўлими расман дори-дармонларга аллергик реакция сифатида қайд этилди. Аммо кўплаб миш-мишлар ва фитна назариялари ҳанузгача Брюс Ли ўлими ҳақида баҳслашади. Айримлар уни суиқасдга учраган, бошқалар эса ортиқча жисмоний машқлар туфайли ўлган деб ҳисоблашади.
Брюс Ли фақатгина актёр эмас, балки фалсафий шахс ва мотивация манбаи эди. Унинг “Сув каби бўл” деган машҳур сўзлари дунё бўйлаб тарқалган. Бугунги кунда ҳам у жанг санъати, кино ва маданиятда афсона сифатида яшаб келмоқда.
Унинг қисқа ҳаёти ўзида шунчалик чуқур ҳикояларни мужассам қилганки, бу унинг унутилмас мерос сифатида қолишига сабаб бўлган. Брюс Ли – бу қийинчиликларга қарамай, ўз орзусини амалга оширган инсоннинг тимсолидир.