platina.uz

Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия улуши 54 фоизга етказилади

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Абу-Даби саммитидаги нутқида маълум қилди. 

Сиёсат
15 январь, 8:25
Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия улуши 54 фоизга етказилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Абу-Даби Барқарор ривожланиш ҳафталиги” саммитида нутқ сўзлади.

Президент нутқида кам углеродли ривожланиш бўйича узоқ муддатли стратегия ва “яшил” молиялаштириш миллий дастурини ишлаб чиқилгани, инвестиция лойиҳаларида “яшил” компонентларни келгуси беш йилда 50 фоизгача кўпайтирилишини таъкидлади.

“Яшил макон” дастури доирасида шаҳарлар ҳудудларининг камида 30 фоизи кўкаламзор майдонларга айлантирилади.

Ўтган 5 йилда энергетика соҳасига қарийб 20 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилинди ва 9,6 гигаватт замонавий энергия қувватлари ишга туширилди. Жумладан, 3,5 гиваттли 14 та қуёш, шамол электр станциялари ва 300 мегаваттли 2 та сақлаш тизимлари ишга туширилди.

Ҳозирда хорижий ҳамкорлар билан қиймати 26 миллиард доллардан зиёд ва умумий қуввати 24 гигаватт бўлган 50 дан ортиқ йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2030 йилга қадар мамлакатда қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш режа қилинган.

"Сўнгги йилларда Амирликлар билан инвестициялар портфели 26 миллиард доллардан ошди. Улар орасида қайта тикланувчи энергетика лойиҳалари асосий локомотив бўлмоқда.

Бугунги глобал саммит ташкилотчиси – “Masdar” компанияси билан умумий қуввати 1,5 гигаватт бўлган 5 та электр энергия объектини ишга туширдик. Яна 1,6 гигаваттга тенг 3 та генерация лойиҳаси ва қарийб 520 мегаватт соат энергия сақлаш тизимлари барпо этилади.

Бу каби лойиҳаларни Амирликларнинг бошқа етакчи компаниялари ҳамда Саудия Арабистони, Қатар, Туркия, Хитойлик шерикларимиз билан ҳам амалга оширяпмиз", дейди президент.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, фақат Ўзбекистоннинг ўзида 500 гигаватт қуёш, 100 гигаватт шамол ва 10 гигаватт гидроэнергетика ишлаб чиқариш салоҳияти мавжуд.

" Нуфузли илмий марказлар, эксперт ва олимларни Тошкентда очилган “Яшил” университет билан тадқиқотлар ва инновация дастурларини амалга оширишда фаол ҳамкорликка чақирамиз.

Мазкур Университет негизида Ер деградацияси ва чўлланишга қарши кураш бўйича халқаро илмий тадқиқот тармоғини яратишни таклиф этмоқчиман", деди Шавкат Мирзиёев.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+