platina.uz

Брендга айланган ном: Трамплар оиласининг юксалиши

Уч марта уйланган Доналднинг иккита куёви бор: бири исроиллик ва яна бири ливанлик. Президентнинг Яқин Шарқ бўйича позицияси қандай бўлади, деб ўйлайсиз?

Жаҳон
5 январь, 18:44
Брендга айланган ном: Трамплар оиласининг юксалиши
Фотоколлаж: Platina.uz

AҚШ президентлари ва уларнинг оила аъзолари доимо жамоатчилик эътиборида бўлиб келади. Aммо Доналд Трамп бу борада ўзгача мақомга эга. Зеро, Трамп фамилияси у президент бўлишидан аввал ҳам таниқли эди. Президентлиги эса бу сулола машҳурлигини янада оширишга хизмат қилди.

“Америка орзуси”га мос келмайдиган тарих

Доналд Трампнинг тадбиркорлик тарихи “Америка орзуси” ҳақидаги анъанавий ҳикояларга унчалик ҳам мос келмайди. Тўғри, Доналднинг ота тарафдан бобоси ва бувиси немис иммигрантлари бўлишган. Бироқ Доналд Трамп бойликка эришиш йўлидаги юришини нолдан бошлаган эмас: у ўз фаолиятини отасининг кўчмас мулк ижараси ва қурилиши билан шуғулланувчи компаниясида ишлашдан бошлаган.

1971 йилда Трамп Манҳэттенга кўчиб ўтиб, кўчмас мулк ва банк иши бўйича қудратли шахслар, шу жумладан, унинг кейинги юксалиши ва машҳур бўлиб кетишига катта ҳисса қўшган таниқли адвокат Рой Кон билан танишди.

Кейинчалик The Trump Organization кўплаб кўчмас мулк ва казиноларга эгалик қила бошлади. Шаҳар ҳокимияти ҳамда қудратли амалдорларнинг қўллаб-қувватлашига эришди.

Трамп телеканалларда кўрсатув ва шоулар ташкил этиб, жамоатчилик фикрига таъсир қилишни ўрганди. У шу даражада машҳур бўлдики, кунлардан бир куни АҚШ президентлигига номзодини қўйишга журъат қилди.

Аввалига Республикачилар партиясида сиёсий фаолиятини бошлаган Трамп 1999 йил 8 октябрда бу партияни тарк этиб, “Ислоҳотлар партияси”га ўтиб, шу партия вакили сифатида 2000 йилги президент сайловларига номзодини қўйди. Бироқ феврал ойида сайловолди пойгасидан чиқиб кетди.

2015 йилда эса Республикачилар партияси номзоди сифатида президент сайловларига номзодини қўйди ва ғолиб бўлди. 2017 йил 20 январ куни АҚШнинг 45-президенти сифатида иш бошлади.

Трамп 2020 йилги президент сайловларида қатнашиб, иккинчи муддатга қолишга уринди. Аммо сайловчилар Жо Байденни маъқул кўришди.

Тўрт йиллик президентлик муддати тугаган Жо Байден эса Демократик партия босими остида иккинчи муддатга сайланиш учун ўз номзодини қўймади. Унинг ўрнида президентлик сайловолди пойгасида қатнашган Камала Ҳаррис эса сайловларда Доналд Трампга мағлуб бўлди.

Тез орада, жорий йилнинг 20 январида Доналд Трамп АҚШнинг 47-президенти сифатида Оқ уйга кўчиб ўтади. У Республикачилар партиясидан номзод сифатида АҚШ тарихида Гровер Кливленддан кейин оралиқ танаффус билан 2 та сайловда қатнашиб, ғолиб чиққан сиёсатчи сифатида тарихда қолади.

Трамплар оиласи

Одатда давлат раҳбарларининг оилалари ошкораликни унчалик ёқтиришмайди. AҚШнинг амалдаги президенти Жо Байденнинг қариндошлари ҳақида кўп нарса маълум, лекин асосан унинг гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, ноқонуний қурол сақлаш ва бошқа жиноятларда айбланган ўғли Ҳантерни кўпроқ танишади. Ҳантерни ҳисобга олмаганда Байден оиласи оммавий ахборот воситалари учун унчалик қизиқ эмас. Мисол учун, биринчи хоним Жиллни камдан-кам эслашади. У фақат эри Жо Байден билан турли тадбирларда бирга пайдо бўлганида ОАВ тилига тушади.

Худди шундай ҳолат Трампдан олдинги президент Барак Обама билан ҳам содир бўлди. Унинг рафиқаси Мишел, албатта, хайриячи сифатида танилган, аммо қизлари ҳақида фақат уларнинг исмлари ва улар ўқиган таълим муассасаларининг номи жамоатчиликка маълум холос.

Трамплар эса мутлақо ўзгача мақомда. Хорижий оммавий ахборот воситаларига назар ташланса, баъзида Трамплар оиласининг қайси аъзоси ҳақида сўз бораётганини чалкаштириб юборасиз.

Кичик Доналд Трамп

Биринчи сабаб – Доналд Трампнинг ўғли – кичик Доналд Трамп бўлади. Маълумки, 1977 йилда бўлажак президент, кейин эса таниқли тадбиркор, бизнес империясининг вориси катта Доналд Трамп чехословакиялик Ивана Зелничковага уйланди. Уларнинг турмушидан уч фарзанд туғилди. Тўнғич ўғилга ҳеч иккиланмасдан, отасининг исмини қўйишди.

Кичик Доналд Трамп кўплаб касбларни ўзгартирди, лекин ота-онаси билан алоқаларини узмади. У, шунингдек, отасининг сайлов кампаниясида ҳам муҳим рол ўйнади. Оҳайо штатидан сенатор Жей Ди Венсни вице-президентликка номзод сифатида қабул қилиш ғояси айнан унга тегишли бўлган. Гарчи ушбу сенатор бир неча йил олдин Трампнинг фаол танқидчиси бўлган, ҳатто уни Ҳитлер билан қиёслаган бўлса-да, кичик Доналд уни дўсти деб ҳисобларди.

Кимберли Гилфойл – 2020 йилдан бери кичик Трампнинг қаллиғи бўлиб, у ҳам катта Доналд Трамп карьерасига ҳисса қўшган. Айтганча, бу аёл “Республика сиёсий ҳаракатлар суперқўмитаси”нинг аъзоси. Aммо бундан олдин ҳам, Fox News телеканалида ишлаб юрганида хам у бўлажак қайнотасини телевизор экранларидан фаол қўллаб-қувватлагани билан машҳур.

Иванка Трамп

Трампнинг биринчи турмушидаги иккинчи фарзанди – қизи Иванка ҳам отасининг сиёсий карьерасида муҳим қаҳрамон. (Унга исм қўйишда ортиқча ўйланиб ўтиришмаган: Иванка – онаси, яъни Трампнинг биринчи хотини – Ивана исмининг кичрайтирилган шакли холос. Иванканинг расман исм-шарифи онаси билан бир хил – инглиз тилида Ivana Marie Trump).

Иванка ёш қизлик пайтида ўз фаолиятини модел сифатида бошлаган, аммо отасидан мерос бўлган ишбилармонлик барибир ўзини намоён қилди: у иқтисодиёт бўйича таълим олди ва ўз заргарлик брендига асос солди.

Иванка отасининг Оқ уйдаги биринчи муддат президентлик даврида унинг (маош олмасдан ишлайдиган) маслаҳатчиси бўлди. У ҳатто президент номидан ҳам бир неча бор баёнотлар берганини таъкидлаш зарур. Иванка раҳбарлигида иқтисодий ташаббуслар ва тадбиркорлик бўлими ташкил этилди (Байден даврида бу тизим бекор қилинди).

Иванканинг 2009 йилдан бери турмуш ўртоғи, яҳудий миллатига мансуб Жаред Кушнер катта Доналд Трампнинг сайловолди кампанияси менежери ва қайнотасининг спичрайтери – нутқлари муаллифи бўлган. Жаред Кушнер 2017-2021 йилларда – Оқ уйда катта маслаҳатчи лавозимида фаолият юритган.

Жаред Кушнер "Aср келишуви" деб номланган – Фаластин-Исроил турар-жой режасини ишлаб чиққани билан ҳам маълум. Лекин Яқин Шарқда бу ташаббусни фақат Исроил қўллаб-қувватлади холос. Шунга қарамасдан, Трамп буни муваффақиятсизлик деб ҳисобламади чоғи, куёвини аввалгидек ўзига яқин олади.

Эрик Трамп

Доналд Трампнинг биринчи хотини Иванадан туғилган учинчи фарзанди – Эрик бўлади. Хайрият, унга “оригинал” исм қўйишган. У отасининг сайловолди кампанияларида маблағ йиғиш ва тарғибот билан шуғулланди: бу борада унинг молия ва менежмент соҳасида олган билимлари жуда қўл келди. Отаси Доналд Трамп президент этиб сайланганида, Эрик оилавий бизнесга ҳам раҳбарлик қила бошлади.

Эрикнинг рафиқаси Лара – Трамплар оиласида янги чиқаётган юлдуз саналади. Бир йил олдин у республикачиларнинг бошқарув органи ҳисобланган “Республика миллий қўмитаси” ҳамраиси бўлди.

Катта Доналд Трамп ва Ивана Трамп (Зелничкова) 1992 йилда ажрашишди. 2022 йилда президент-бизнесменнинг биринчи рафиқаси вафот этди. Трамп бу вазиятга ҳам ишбилармон сифатида ёндашиб, уни голф майдонига дафн қилди. Америкалик журналистлар Трамп бу йўл билан камроқ солиқ тўлашни мўлжаллаган, деб гумон қилишди: зеро марҳумани хусусий ерга дафн этиш бу ерга худди қабристон каби махсус мақом ҳамда солиқ тўлашда тегишли имтиёзлар беради.

Тиффани Трамп ва унинг турмуш ўртоғи Майкл Булос

Доналд Трампнинг иккинчи хотини Марла Мейплз билан турмушидан Тиффани исмли қизи бор. 1993 йилда туғилган Тиффани Трамп модел, қўшиқчи ва социолог сифатида машҳур. АҚШдаги Жоржтаун университетининг Юридик марказида ҳуқуқий тадқиқотлар бўйича ассистент бўлиб ишлайди.

2016 йилги президент сайловларида отасининг тарғибот кампаниясида фаол қатнашган, Республикачилар партиясининг Миллий съезди спикери бўлган. 2020 йилда ҳам ушбу съездда сўзга чиққан. Отасининг сайловолди кампаниясида иштирок этган.

Тиффанининг турмуш ўртоғи –Майкл Булос 1997 йилда АҚШда, Ливандан Нигерияга келиб қолган ва кейинчалик АҚШга кўчиб ўтган Массад Булос оиласида туғилган.

Гарчи Майкл Булос бошқа куёв – Жаред Кушнер каби қайнотаси Доналд Трампнинг сиёсий кампанияларида бевосита иштирок этмаса-да, Трамплар оиласи учун стретегик аҳамиятга эга. Булос ва унинг отаси Трампларнинг Африка ва Яқин Шарқ билан алоқаларини мустаҳкамлаши учун жуда муҳим. Зеро, Майклнинг отаси Массад Булос 1971 йилда Ливанда, грек-насроний оиласида туғилган миллиардер тадбиркор. Қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат ва машинасозлик технологияларига ихтисослашган SCOA Nigeria компаниясининг бош директори.

Массад Булос 2024 йилги президентлик сайловларида қудаси Доналд Трампни фаол қўллаб-қувватлади, келиб чиқиши араб миллатига мансуб АҚШ фуқароларини Трамп учун овоз беришга тарғиб қилди. У Трампни "глобал тинчлик" тарафдори этиб кўрсатишга уринади.

Булос Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос ва Доналд Трамп ўртасидаги сиёсий мулоқотда воситачилик ҳам қилган.

Ўтган йилнинг декабрида Доналд Трамп қудаси Массадни АҚШ президентининг араб ва Яқин Шарқ ишлари бўйича катта маслаҳатчиси этиб тайинлади.

Мелания Трамп ва унинг ўғли Бэррон Трамп

Трампнинг учинчи рафиқаси – Мелания дарҳол, 2015 йилдаёқ эрининг президентлик амбицияларини қўллаб-қувватлаши билан тилга тушди. Аммо Мелания айрим ҳолларда қовун тушириб қўйгани билан ҳам ОАВ эътиборини тортган. Масалан, Меланиянинг сайловолди нутқларидан бири қисман Мишел Обаманинг шу мавзудаги нутқидан кўчириб олингани жамоатчилик кулгисига сабаб бўлди.

Шу каби ҳолатларга қарамасдан, Мелания биринчи хоним сифатида ўзини жуда яхши намоён қилди: у Оқ уйда чиройли тадбирлар уюштирди, АҚШдаги шифохоналарга ташриф буюрди ва Aфрика мамлакатларига саёҳат қилди.

Трамп ва Мелания турмушидан туғилган ўғил фарзанд Бэррон 19 ёшда ва ҳали жамоат ҳаётида ўзини кўрсатмаган.

Бойлик – тўсиқ эмас

Трампларнинг таъсири уларнинг сиёсий амбицияларидан анча ташқарига чиқади. Forbes нашри маълумотларига кўра, AҚШ сайланган президентининг шахсий бойлиги тахминан 5,6 миллиард долларни ташкил қилади. Шу боис, масалан, сайлов кампаниясида у ташқи ҳомийларга унчалик қарам бўлмади.

Business Insider нашри маълумотларига кўра, Трамп оиласининг умумий бойлиги 6,7 миллиарддан ошади. Биргина қизи Иванканинг ўзи миллиард доллардан ортиқ бойликка эга.

Трамлар оиласининг бойликка ғарқ бўлган ҳаёти Америка жамиятида тушунмовчиликка сабаб бўлиши табиий. Чунки Доналд Трамп айнан ишчилар қатламини қўллашга ваъдалар бериб, ҳокимият тепасига келган.

Бунинг устига, 2017 йилда Трамплар оиласи “Ҳарви” тўфони қурбонларини қўллаб-қувватлаш учун миллион доллар хайрия қилишди холос. Бу маблағ қимматбаҳо кўчмас мулкларни ижрага бериб катта даромад олувчи, голф майдонлари ва акцияларга эгалик қилувчи сулола, кўп миллиардли бойлик соҳиби бўлмиш Трамплар оиласи учун жуда камтарона хайрия ҳисобланади.

Шу билан бирга, тан олиш лозим, Доналд Трамп саховатдан узоқ шахс эмас. Масалан, у биринчи президентлик муддатида давлат раҳбари сифатида маош олишдан бош тортди. Aммо буни жасорат деб аташ ҳам мумкин эмас: АҚШ президентининг йилига 400 минг долларлик маоши Трамп учун денгиздан томчи холос.

“Америка орзуси”нинг янги тимсоли

Хулоса қилиб айтганда, Трамп – шунчаки фамилия эмас, бу бренд, стратегия ва сиёсат чегараларидан ҳам четга чиқа олган ҳаёт тарзидир. Трамплар сулоласининг ҳар бир аъзоси бизнесдан тортиб шоу-бизнесгача, модадан тортиб глобал сиёсий ташаббусларгача – ҳар бир соҳада ўзига хос ўрнига эга.

Қолаверса, Трамплар оиласининг ҳар бир аъзоси ўз машҳурлиги ва бойлиги билан Трампларнинг умумий оилавий меросини мустаҳкамлайди. Оммавийлик ҳамда машҳурликка бўлган ташналик, обрўни пулга айлантира олиш қобилияти ва ҳар қандай шароитда бренддан унумли фойдаланиш тажрибаси Трампларни шунчаки сиёсий сулоладан машҳур брендга, муваффақият эталонига айлантирди. Ҳатто Доналд Трамп аралашган турли можаро ва жиноят ишлари ҳамда судлашга уринишлар ҳам бунга соя сола олмаяпти.

Бу эталон нафақат Интернетдаги обуначилар ва миллиардлаб даромад билан билан, балки мода, анъана ва тенденцияларни белгилаш, доимо диққат марказида бўлиш ва қарама-қарши ҳис-туйғуларни уйғота олиш қобилияти билан ўлчанадиган янги давр ҳаётининг рамзига айланган. Шу боис Трамплар сулоласи – бу амбиция, куч ва шахсий бренд – муваффақият асоси ҳисобланувчи замонавий Aмериканинг кўзгудаги акси десак ҳам муболаға бўлмайди.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+