Онкологик бемор болаларни сақлаб қолиш даражаси оширилади

Президент қарори билан болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси соҳасини ривожлантириш вазифалари белгиланди.

Жамият
23 май, 19:07
Онкологик бемор болаларни сақлаб қолиш даражаси оширилади

2030 йилгача онкологик касалликларга чалинган болаларнинг омон қолиш даражаси 60 фоизга оширилади. Бу ҳақда “Онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида сўз боради.

Қарорга кўра, қуйидагилар болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси соҳасини ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди:

  • 2030 йилгача онкологик касалликларга чалинган болаларнинг омон қолиш даражасини 60 фоизга ошириш;
  • гемопоэтик ўзак ҳужайралари ва суяк кўмиги ҳужайраларини трансплантация қилишни ривожлантириш;
  • бемор болаларни зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар билан узлуксиз таъминлаш.

Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази этиб қайта номланди.

Марказ ҳузурида Онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болаларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ташкил этилди.

2024 йил 1 июлдан онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган 18 ёшдан 21 ёшгача бўлган (21 ёш ҳам киради) беморлар белгиланган тиббиёт марказларининг болалар гематологияси ва онкологияси бўлимларида, шунингдек, улар вояга етгунларига қадар ушбу касаллик бўйича тиббий ёрдам кўрсатган бошқа тиббиёт ташкилотларида бепул даволанишни давом эттиради.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+