Қозоғистон Ўзбекистон билан иттифоқчилик шартномасини ратификация қилди

Ушбу шартнома 2022 йил 23 декабрда Тошкентда имзоланганди. 

Сиёсат
21 май, 11:45
Қозоғистон Ўзбекистон билан иттифоқчилик шартномасини ратификация қилди

Қозоғистон томони Ўзбекистон билан иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилди.

Оқ Ўрда хабарига кўра,  тегишли қонунни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев имзолаган.

Эслатиб ўтамиз, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома 2022 йил 22 декабрда Тошкентда имзоланган.

Ҳужжатдан кўзланган мақсад Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларини ўзаро ҳамкорлик ва икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичига олиб чиқиш, шунингдек, икки давлат мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини янада мустаҳкамлаш ва барқарор иқтисодий ривожланишига кўмаклашишдан иборат.

Шартномага кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳеч қандай блок ёки иттифоқларда қатнашмаслик, шунингдек, бир томонга қарши қаратилган ҳар қандай ҳаракатларда қатнашмаслик мажбуриятини зиммасига олади. 

Бундан ташқари, мамлакатлар ўзаро иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, товар айирбошлаш, сармоявий, тадбиркорлик ва бошқа иқтисодий фаолиятни мустаҳкамлаш ва кўпайтириш, ўзаро боғланган транспорт тизимини ривожлантириш, икки мамлакат халқларининг маънавий ва маданий яқинлигини сақлаш, ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга келишмоқда. 

Шартнома, шунингдек, томонларнинг трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар кўриш қоидаларини ҳам назарда тутади.

Эслатиб ўтамиз,  Ўзбекистон апрел ойида Тожикистон билан ҳам иттифоқчилик шартномаси бўйича келишувга эришганди. 

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+