Бишкекда хорижликлар ва маҳаллий аҳоли ўртасида можаро юз берди

Тез-тез инқилоб уюштирилиб, ҳокимият ағдариб ташланиши билан тарихда қолаётган Қирғизистондаги навбатдаги нотинчлик яна ҳар хил гумон-шубҳаларга сабаб бўлди. 

Таҳлил
18 май, 20:50
Бишкекда хорижликлар ва маҳаллий аҳоли ўртасида можаро юз берди

Шу йилнинг 17 майдан 18 майга ўтар кечаси Қирғизистон пойтахтида рўй берган нотинчлик нафақат қирғиз ҳукумати, балки ташқаридаги кузатувчиларни ҳам ташвишга солди. Тез-тез инқилоб уюштирилиб, ҳокимият ағдариб ташланиши билан тарихда қолаётган Қирғизистондаги навбатдаги нотинчлик яна ҳар хил гумон-шубҳаларга сабаб бўлди.

Пойтахт Ички ишлар бошқармасининг мазкур ҳолат юзасидан берган илк баёнотлари одамларни бироз хотиржам торттирди. Маълум бўлишича, шунчаки хорижлик талабалар ва маҳаллий аҳоли ўртасида маиший можаро боис намойишлар келиб чиққан холос. Намойишчилар 13 майда рўй берган ушбу жанжал сабабчилари, яъни хорижлик талабалар гўёки адолатли жазоланмаганидан норозиликларини изҳор қилишган.  Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг маълум қилишича, намойишларда 1000 га яқин киши иштирок этган.

Айрим маълумотларга кўра, Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, Бишкекдаги тунги тўполон ва намойишларда 29 киши жароҳатланган. Улардан 15 нафари шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонаси ва Миллий госпиталга етказилган, қолганларига воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ҳиндистон ва Покистоннинг Бишкекдаги элчихоналари талабаларга вазият яхшилангунга қадар кўчага чиқмасликни тавсия қилмоқда. Покистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси можаро натижасида ўз фуқаролари орасида қурбонлар йўқлигини маълум қилди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларида эса Қирғизистон фуқаролари ва чет эл фуқаролари орасида қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқлиги айтилади.

Бишкекда бир неча хорижлик маҳаллий аҳоли вакилларини калтаклашда гумонланиб қўлга олинган ва жиноят ишлари очилган.

Дастлабки сигнал

ИИВ ходимларига можаро ҳақидаги илк хабар дастлаб тунги соат 23.00 ларга яқин келиб тушган. Уларга Бишкек шаҳридаги Буденний кўчасида жойлашган хорижлик (илк маълумотларга кўра, покистонлик ёки ҳиндистонлик) талабалар истиқомат қилувчи хостелда хорижликлар ва маҳаллий аҳоли ўртасида жанжал ва муштлашув келиб чиққани ҳақида қўнғироқ қилишган. Кейинчалик бу муштлашув суратга олинган видео интернетда ижтимоий тармоқлар бўйлаб тарқалган.

Воқеа жойига милиционерлар етиб келган. Бироқ муштлашув ҳақида хабар топган аҳоли ҳам воқеа жойида тўплана бошлаган. Улар Қурмонжон Додҳо кўчасидан токи Ипак йўли шоҳ кўчасигача бўлган йўналишни тўсиб қўйишган. Милиция улардан тарқалишни талаб қилган. Бироқ намойишчилар буйруққа итоат қилишни хоҳламаган. Милиционерлар 50 га яқин фуқарони туман ИИБларга олиб кетган.

Бироқ интернет орқали воқеадан хабар топган маҳаллий аҳоли можаро жойига келишда давом этган ва оломон кўпая бошлаган. Оммавий тартибсизликлар хавфи туғилган. Шу боис пойтахт ИИБнинг барча ходимлари оёққа турғазилган. Қирғизлар хорижлик талабалар яшовчи ётоқхоналар олдида тўплана бошлагани сабабли, милиция уларнинг барчасини ўраб олиб, қўриқлай бошлаган. ИИВ ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг (МХДҚ) ходимлари намойишчилар билан учрашиш учун воқеа жойига етиб келишган.

Бу пайтда эса ижтимоий тармоқларда гўёки қирғизларнинг хорижликлар ҳамда милиция қўлида ўлгани ёки калтаклангани ҳақида ёлғон маълумотлар кўпроқ тарқала бошлаган.

Шу боис ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари қирғизистонликларни ёлғон маълумот тарқатмаслик ва ва бунинг учун жиноий жавобгарлик борлиги ҳақида огоҳлантиришган.

МХДҚ раисининг ўринбосари Тимур Шабданбеков, Ички ишлар вазири ўринбосари Октябрь Урмамбетов ва пойтахт ИИБ бошлиғи Азамат Токтоналиев намойишчилар билан музокара бошлашга бир неча марта уриниб кўришган. Бироқ ғазабнок оломон уларни тинглашни истамаган. Айрим намойишчилар Кийизбаева кўчасидаги хорижликлар ётоқхонасида мародёрлик қилиб, талончилик билан шуғулланишган.

Вазият оғирлаша бошлагани туфайли Бишкек марказига ИИВ Ички қўшинлари сув отиш машиналари билан бирга етиб келган.

18 май соат тонгги 4 да Қирғизистон ИИВ Бишкекда вазият барқарорлшгани, кўчалар тозаланиб, транспорт ҳаракати тиклангани ва партул ходимлари хизмат ўтай бошлагани ҳақида хабар берди.

Қирғизистон Тез ёрдам хизматининг маълум қилишича, намойишчилар орасида қурбонлар ва жароҳатланганлар қайд этилмаган. Тонгги соат 5 га яқин намойишчилар тарқала бошлаган.

Зўриқиш йўл очган даҳлиз

Гарчи бу тўқнашув ва намойишлар маиший сабабларга кўра келиб чиққани айтилаётган бўлсада, бу ҳолат етилиб келаётган инқирознинг шунчаки фасади, гўёки айсбергнинг бизга кўриниб турган кичик қисми бўлиши мумкин.

Экспертларнинг айтишича, охирги пайтларда қирғизистонликлар орасида ҳаёт тарзи ва ҳукумат фаолиятидан норозилик кучая бошлаган.

Интернет тармоқларида тарқатилаётган айрим хабар ва видеолавҳаларда ҳам қирғизистонликлар ўз норозиликларини очиқ намойиш этишаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Масалан, айрим тадбиркорлар ҳукуматда коррупция урчиб кетгани, солиқлар ошиб бораётгани ҳамда ҳукумат аҳолининг талаблари ва норозиликларига қулоқ солмай қўйганидан шикоят қилган.

Бу норозиликларда Ўзбекистон номи ҳам учраб туради. Зеро, айрим тадбиркорларнинг иддао қилишича, Қирғизистон ўзбек тадбиркорлари ва товарларига кенг йўл очиб бериб, тўғри иш қилмаяпти. Шундай видеолавҳалардан бирида сотувчи аёлнинг айтишича, ҳозир Қирғизистон бозоридаги оддий совундан тортиб, машиналаргача, мева-сабзавотдан тортиб, текстил маҳсулотларигача, ҳамма-ҳаммаси Ўзбекистонники. Ўзбекистон маҳсулотлари маҳаллий ва ҳатто Хитой товарларини ҳам сиқиб чиқармоқда, чунки ҳукуматимиз раҳбарлари уларни (ўзбек тадбиркорларини – таҳр.) қўллаб-қувватлаяпти, дейди сотувчи аёл.

Қирғизистон бош вазири тадбиркорлар билан учрашувда шунга ўхшаш эътирозлар асоссиз эканини айтган. Унинг ишонтиришича, агар қирғиз бизнеси ишлаб чиқарадиган маҳсулот ва хизматлар сифат ва нарх бўйича ўзбекистонникидан яхши бўлса, ҳеч ким қаршилик қилмайди. “Агар сен етиштирган бодринг сифат ва нархда ўзбекларникидан авло бўлса, истасанг Тошкентнинг қоқ марказида сот, Ўзбекистон ҳам қаршилик қилмайди” деган бош вазир. “Аммо халққа зарар қилиб, ўзимиздаги қиммат ва сифатсиз товарларни ҳимоя қилиб, чегарамизни ёпиб қўя олмаймиз. Шундай ҳам Каримов пайтида 30 йилга яқин чегаралар қулфланиб тургани ҳар икки давлатга ҳам улкан зарар келтирди”, дейди мулозим.

Қирғизистонлик оддий аҳоли Ўзбекистон билан чегараларни демаркация ва делимитация қилиш жараёнларининг натижаларидан ҳам норози. Уларнинг иддао қилишича, қирғиз ҳукумати гўёки қирғиз ерлари ва сув омборни ўзбекларга бериб юборгани нотўғри бўлган. Бунга жавобан мамлакат президенти Садирбек Жапаров, “биз ердан ютсак, ютдикки, ён берганимиз йўқ. Ҳатто сув омборини ҳам бирга бошқаришга келишдик. Аввал унинг ёнига ҳам бора олмас эдик. Ҳатто сув омборида сув сатҳи қанча бўлиши, қачон ва қанча ҳажмдаги сувни дарёга ташлаш ҳам бизнинг рухсатимиз билан амалга ошадиган бўлди. Бунинг нимаси ён босиш” деган президент.

Шунингдек, Қумтор олтин кони, уран конлари, Хитой билан тузилаётган иқтисодий-сиёсий шартномалар ҳам қирғиз халқида чуқур ташвиш ва шубҳаларга сабаб бўлмоқда.

Бунинг устига, Жаҳон банки маълумотларига кўра, Қирғизистон иқтисодиёти (ЯИМ) 2022 йилда 9 фоизга, 2023 йилда эса 6,2 фоизга ўсган. Бу ўсиш ҳам асосан хизмат кўрсатиш сектори, хусусан, Хитойдан Россияга (!) транзит савдо ҳажмига асосланган. ЯИМ таркибида эса асосан экспорт ва истеъмол пунктлари устувор бўлиб қолмоқда. Мамлакат аҳолиси нисбатан оз (6,8 миллион киши) бўлганига қарамасдан, ЯИМнинг жон бошига улуши 2023 долларни ташкил этяпти холос.

Шу билан бирга, қирғизистонликлар орасида “ҳукуматда таниш-билишчилик илдиз отмоқда” деган тахминлар асосидаги норозилик ҳам кучайиб бормоқда. Улар мамлакат президенти Садир Жапаров ўз дўсти Камчибек Ташиевни МХДҚ раиси этиб тайинлагани ва ҳукуматнинг барча муҳим нуқталарини, бизнес йўналишларини ўз танишлари билан бирга эгаллаб олиб, ўз ҳокимиятини кучайтирган ҳолда авторитар ҳукмдорга, ҳатто диктаторга айланиб қолишда айблайди.

Лекин мустақил сиёсатчи Марс Сариевнинг фикрига кўра, “Жапаров-Ташиев тандеми” Қирғизистонда ҳокимият барқарорлигини таъминловчи ижобий омил.

Сиёсатчининг ишонишича, Ташиев - мамлакатнинг “жанубий клани”, Жапаров эса - “шимол клани” вакили. Бундай уйғунлик Қирғизистоннинг барча ҳудудлари манфаатини таъминлаш кафолати бўлиб хизмат қилади.

Бироқ ҳар қандай авторитар ҳукумат халққа сўз эркинлиги ва эркин намойишлар орқали ўз фикрини изҳор қилиш ҳуқуқларини беришдан манфаатдор эмас. Бундай бошқарувда “бош ёрилса, дўппи ичида қолсин” деган ақида устувор бўлади.

Бундай шубҳаларни тасдиқлаган ҳолда, Ғарб ОАВлари 2020 йиллардан бошлаб, айниқса 2023 йил охириларида Қирғизистонда сўз эркинлиги бўғила бошлаганини қайд этди

Қирғизистонда айрим мустақил ОАВ офисларида ўтказилган тинтувлар, қамоққа олинган журналист ва блогерлар ҳақидаги хабарлар боис энди Қирғизистон - Ғарб суйиб такрорлаб келган “демократия оролчаси” эмаслигидан дарак бермоқда.

Ҳатто Қирғизистон 2022 йилда илк марта Economist Intelligence Unit’нинг демократия индекслари бўйича авторитар давлатлар рўйхатига киритилди

Порох бочкасига учқун етишмаяптими?

Шунчаки хорижлик талабалар билан жанжал натижаси, дея изоҳланаётган бу намойишлар бежизга қирғиз ҳукуматини хавотирга солмаган. Зеро аҳоли норозилиги ортиб бораётган бир шароитда асил вазият анча оғирроқ бўлиши мумкин. Арзимаган маиший сабабдан бошланган норозиликлар ҳукуматни ағдариш билан якунланган даврларни Қирғизистоннинг амалдаги ҳукумати унутгани йўқ. Улардан керакли “сабоқ” чиқарган бўлса ажаб эмас.

Ён қўшни Қозоғистонда бензин нархи ошганидан норозилик намойишлари бутун мамлакатни қамраб олиб, катта шов-шувларга сабаб бўлгани, ҳатто президент Қосимжўмарт Тоқаев Коллектив хавфсизлик  шартномаси давлатларидан ҳарбий ёрдам сўрашга мажбур бўлгани ҳам Қирғизистон ҳукуматининг ёдидан чиққани йўқ. 

Қолаверса, айрим улкан давлатлар ҳам “ўз манфаат доирасида” деб ҳисобловчи давлатларда сиёсий-иқтисодий барқарорлик ҳукмрон бўлишидан унчалик ҳам манфаатдор эмас. Чунки бу шароитда “буюк давлатга” эҳтиёж сезилмайди, унинг таъсир қилиш дастаклари кучсизланиши мумкин. Бишкекда содир бўлган можаро каби норозилик кўринишлари ҳам келажакда шундай манфаатдор давлатлар учун яхшигина баҳона бўлиб хизмат қилмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Лекин Ғарб таҳлилчиларининг афсус билан қайд этишича, ҳозир Қирғизистонни бошқараётган сиёсий элита халқ норозилигини музокаралар йўли билан ҳал қилишга, бундай хавотирли сигналлар асосида ўз фаолияти ва йўналишларини коррекция қилишга рағбати йўқлигини ошкор қилиб қўймоқда.

Таҳлилчиларнинг хавотирларига кўра, Қирғизистон ҳукумати бир пайтлар Марказий Осиё диктаторлари қўллаган “самарали” усул – халқни куч ва қўрқитиш воситасида ушлаб туриш йўлини танлаган бўлиши эҳтимолга яқин. Бундай йўл қандай оқибатларга олиб келишини эса прогноз қилиш ҳам шарт эмас. Қирғизистонга қўшни давлатларнинг яқин тарихига бирров назар ташлаш кифоя.

Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+