Мирзиёев “Coca Cola” раҳбари ва БМТ бош котиби ўринбосарини қабул қилди

Бугун Самарқанд вилоятида “Coca Cola”нинг янги корхонаси ишга туширилди. 2025 йилда Наманган вилоятида бешинчи завод фойдаланишга топширилади.

Жамият
15 май, 19:02
Мирзиёев “Coca Cola” раҳбари ва БМТ бош котиби ўринбосарини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни “Coca Cola” компанияси раиси ва бош директори Жеймс Куинсини қабул қилди. Учрашувда “Anadolu Group” компанияси раиси Тунжай Ўзилхон ҳам иштирок этди.

“Coca Cola” алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги энг йирик компаниялардан бири бўлиб, фаолияти 200 дан ортиқ мамлакат бозорини қамраб олади, 200 дан зиёд бренд ва 950 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхонасига эга.

Компаниянинг Ўзбекистондаги эксклюзив ҳамкори – “Coca Cola İçecek” Туркиянинг “Anadolu Group” таркибига киради. Ҳозирги кунда мамлакатимизда компаниянинг Тошкент, Урганч ва Наманган вилоятидаги 3 та заводи фаолият юритмоқда.

Учрашувда озиқ-овқат соҳасидаги, шу жумладан "яшил" ечимларни, энергия ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликнинг ижобий суръати қайд этилди. Бугун Самарқанд вилоятида янги корхона ишга туширилди. 2025 йилда Наманган вилоятида бешинчи завод фойдаланишга топширилади.

Инновацион фаолият ва тадқиқотларни ривожлантириш, муҳандислар ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди. Инвестиция дастурини янада кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш, материаллар ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш юзасидан келишувларга эришилди.

15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Минтақавий экспертлар кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган БМТ Бош котибининг ўринбосари – Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронковни қабул қилди.

Учрашув аввалида Владимир Воронков давлатимиз раҳбарига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистоннинг БМТ институтлари ва тузилмалари билан, энг аввало, терроризм ва бошқа трансмиллий хатар ва таҳдидларга қарши кураш соҳасидаги амалий ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Терроризмга қарши кураш бошқармаси фаолиятини қўллаб-қувватлагани учун мамлакатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Владимир Воронков Минтақавий экспертлар кенгашини ташкил этиш ташаббуси амалга оширилгани учун Ўзбекистон томонига алоҳида миннатдорлик билдирди. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ушбу ноёб механизмнинг биринчи йиғилиши муваффақиятли якунлангани таъкидланди.

БМТ Бош котибининг ўринбосари, шунингдек, Ўзбекистоннинг можаролар ҳудудларидан фуқароларни қайтариш, уларни реабилитация қилиш ва жамиятга қайта интеграция қилиш, жумладан, бунда маҳалла институтининг кенг имкониятлари ва салоҳиятидан фойдаланиш бўйича саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Ўзбекистон ва БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини назарда тутувчи 2024–2025 йилларга мўлжалланган янгиланган "йўл харитаси" имзолангани мамнуният билан қайд этилди.

Ёшларни экстремизм ва терроризм ғояларининг бузғунчи таъсиридан ҳимоя қилиш, кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва БМТ институтларида ёш мутахассислар учун стажировкалар ташкил этишга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Афғонистон масаласи юзасидан фикр алмашилди. Бу мамлакатдаги вазиятга халқаро эътиборни кучайтириш, афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари истиқболли лойиҳаларни тезлаштирилган ҳолда амалга ошириш бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилишни топширди.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+