Грузияни жунбушга келтирган лойиҳа: сабаб, мақсад ва оқибатлар

Грузия – парламентар республика. Яъни бошқарув борасидаги ваколатлар парламентга кўпроқ берилган. Шу боис, президентнинг ваколатлари чекланган.

Жаҳон
14 май, 17:50
Грузияни жунбушга келтирган лойиҳа: сабаб, мақсад ва оқибатлар

АҚШнинг 42-президенти Билл Клитон ўз чиқишларидан бирида шундай деган эди: “Президент бўлиш -  худди улкан қабристоннинг бошлиғи бўлишга ўхшайди: қўл остингда одам кўп, лекин ҳеч бири гапингга қулоқ солмайди”.

Чунки АҚШда ҳокимият ўзаро бир-бирини тийиб туриш ва назорат қилиш тамойилига асосланади, яккабошчиликка, бутун ҳокимият бир кишининг қўли остида тўпланишига йўл қўйилмайди. Аслида ҳам ҳақиқий демократия шундай бўлмоғи лозим. Ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти ўзаро уйғунликда ишласа, судлар чин маънода мустақил бўлса, бошқарувда самарадорликка, барча аҳоли қатламларининг талаблари ва манфаатлари инобатга олиниши ва қондирилиши, ижтимоий адолат ва холислик таъминланишига имконият яратилади. Шахсга сиғиниш, непотизм (қариндош-уруғ ва таниш-билишчилик) ҳамда коррупциянинг олди олинади.

Қолаверса, ҳокимият бўлинган шароитда, рақиб давлатларнинг таъсир қилиш эҳтимоли деярли йўққа чиқади. Чунки бошқарувнинг ҳар бир элементи  билан “келишиш” ёки сотиб олиш қийинлашади. Авторитар бошқарувда эса “қабила”нинг тепасида турган “қабила бошлиғини” сотиб олиш ёки унга таъсир қилиш кифоя – бутун жамият ва ҳокимият унга бўйсунишга мажбур бўлади.

Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам бор: авторитар бўлмаган бошқарув шаклида тизим яхши йўлга қўйилмаса, сиёсий хаос, анархизм ва бошболдоқчилик белгилари пайдо бўлади. Муҳим қарорлар қабул қилиш қийинлашади. Ёхуд ҳокимиятнинг маълум бир қисмига ташқи таъсир кўрсатилиши натижасида ички саботаж хавфи пайдо бўлади.

Грузиядаги айни вазият ҳам шуни эслатади. Мамлакат президенти бир қарашда мамлакат раҳбари, бироқ яккаҳукмронлик қила олмайди. Айниқса яқинда бошланган можаро – “хорижий агентлар” ҳақидаги қонун лойиҳаси борасидаги мунозаралар бунга ёрқин мисол бўлмоқда.

Мунозарали қонун лойиҳаси

Маълумки, Грузия парламентининг ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитаси жорий йилнинг 13 май куни “Хорижий таъсирнинг шаффофлигини таъминлаш тўғрисида”ги ушбу қонун лойиҳасини учинчи - охирги ўқишда маъқуллади. Депутатларнинг айтишича, лойиҳа “яшин тезлигида” қабул қилинган - уни кўриб чиқишга бир дақиқа ҳам кетмаган.

Мухолиф сиёсий фракция депутати Хатия Деканоидзенинг айтишича, мухолифат ушбу йиғилишда иштирок эта олмаган.

“Хорижий таъсирнинг шаффофлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонун кучга кирса, даромадининг 20 фоиздан кўпроғи хориждан молиялаштириладиган ноҳукумат ташкилотларнинг “хорижий таъсир остидаги агент” сифатида рўйхатдан ўтиши талаб қилинади.

Таъкидлаш керак, шунга ўхшаш қонун (121-Федерал Қонун) 2012 йил 20 июлда Россия Давлат думаси томонидан қабул қилинган бўлиб, у “Нотижорат ташкилотлар ҳақида”ги қонунга айрим тузатишлар киритишни назарда тутади. Тузатишларга кўра, “хорижий агентлар” Россия Адлия вазирлигида махсус рўйхатдан ўтиши ва ОАВларда материал эълон қилганида “Материал хорижий агент томонидан чоп этилди” деган изоҳ қўшган ҳолда ўз мақомини кўрсатишга мажбур.

2017 йил  25 ноябрда эса Россияда ОАВларни ҳам шундай мақом билан “сийлашга” қарор қилишди (327-Федерал Қонун). Фақат бу гал ОАВларга урғу берилди. 327-қонунга кўра, Россия Адлия вазирлиги хорижий шахслар ёки ташкилотлар томонидагн бевосита ёки Россия юридик шахслари воситасида  молиялаштириладиган ёки мол-мулк оладиган ҳар қандай ОАВни “хорижий агент ОАВ” деб эълон қилиши мумкин. Бундай “хорижий агентлар” улар зиммасига юклатилган мажбуриятларга кўра, нотижорат-хорижий агентларга тенглаштирилган.

Энди эса Грузияда худди шундай вазият юзага келди. Россия ва Қирғизистонда президентнинг ўзи бундай қонунни ёқлаган (эҳтимол ташаббускори ҳам) бўлса, демократик ва Европага йўналган тараққиёт йўлини танлаган Грузияда парламент ушбу мунозарали қонун ижодкори ҳамда ҳомийси сифатида майдонга чиқди.

Можаронинг илдизлари

Мазкур қонунни мунозарали дейишнинг сабаби шундаки, уни фақат парламент, анифроғи парламентдаги ҳукмрон сиёсий куч - “Грузия орзуси” партиясининг фракцияси тақдим этган ва уни тасдиқлатиш учун курашмоқда. Грузия президенти ва халқ бунга қарши чиқяпти. Бироқ халқ вакиллари ҳисобланувчи ва тегишли ваколатларга эга парламент бу қонунни маъқулласа, у мамлакат сиёий ҳаёти ва йўналишига сезиларли таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

Ғарб давлатлари раҳбарлари ҳам бу қонуннинг қабул қилинишидан хавотирда. Масалан? АҚШ Давлат департаменти вакили “Грузия орзуси” ҳукмрон партиясининг аксилғарб риторикаси мамлакатлар ўртасидаги муносабатларга таҳдид солади” дея баёнот берди.

Европа кенгаши вакили эса “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши Грузияни Европа Иттифоқидан узоқлаштиради” деган.

Грузияда ушбу қонун қабул қилинишига қарши аҳоли бир неча кундан бери норозилик намойишларини тўхтатгани йўқ. Лойиҳа учинчи марта кўриб  чиқилган 13 май куни ҳам намойишчилар ўз норозиликларини изҳор қилиш ва қонун қабул қилинишига йўл қўймаслик учун парламент биноси томон юришган. Полиция норозик намойишчиларни парламентга яқин боришга йўл қўймаган ва бино атрофидаги кўчаларни ёпиб қўйган. Грузия ИИВ маълумотларига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этгани учун 20 киши, шу жумладан, 3 нафар хорижий фуқаро қўлга олинган.

Аввалги намойишларда ҳам Тбилиси полицияси куч ишлатишга қарор қилган эди: намойишчиларга қарши сув отиш машиналари ва кўздан ёш оқизувчи газлар ишга солинган. Юзлаб одамлар қўлга олинган. Ҳозирча қурбонлар бўлмасада, бир неча кишининг жароҳат олгани айтилмоқда. Намойишчилар эса ўз мақсадларига эришмагунларича тарқалишни хаёлига ҳам келтирмаяпти.

Нафақат фуқаролар, балки ҳукумат мулозимлари ҳам бу қонун қабул қилинишига қаршилигини очиқ айтишмоқда ва ўз ҳаракатлари билан буни намоён қилишмоқда. Масалан, ўтган ҳафта Грузиянинг Франциядаги элчиси айни шу қонундан норозилигини намойиш этиш мақсадида ўз ихтиёри билан истеъфо берди. У Facebook’даги саҳифасида «...мен бу йўналишдаги ўз ролимни кўрмаяпман: Европага йўналиш ва ундан ҳимояланиш бир-бирига мос келмайдиган тушунчалар. Мазкур (“хорижий агентлар” тўғрисидаги)  қонун туфайли шаклланган дўстларимиз ҳамда хорижий ҳамкорларимиз билан шаклланган вазият ҳамда кайфият Франциядаги Грузия элчиси сифатидаги миссиямни жудаям қийинлаштириб қўйди”, деб ёзган.

Кези келганда айтиш лозим, Грузия конституциясида мамлакат Европага йўналиши аниқ кўрсатиб қўйилган. 2008 йилда Грузия ва Россия ўртасида кечган “беш кунлик уруш”дан сўнг, Россия сепаратист ҳудудлар – Жанубий Осетия ва Абхазияни қўллаб-қувватлагани боис икки давлат ўз дипломатик ваколатхоналарини ўзаро ёпган эди. Ҳозир ҳам Россияда Грузия манфаатларини Швейцариянинг Грузия масалалари бўйича бўлими тамсил этади.

Шундан сўнг Грузия жамоатчилиги Россияни агрессор ва истилочи давлат сифатида кўра бошлади. Грузия ҳукумати эса президент Михаил Саакашвили раҳбарлигида кўплаб демократик ва либерал ўзгаришларни амалга оширди, мамлакатда коррупцияга чек қўйилди. Бундай ижобий ўзгаришлар бошқа демократик жамиятлар томонидан ҳам эътироф этилди.

Бироқ 2012 йилда Саакашвили бошлиқ партияни янги сиёсий куч – “Грузия орзуси” партияси ҳокимиятдан суриб чиқарди.

«Грузия орзуси” партияси аввалига сўл ғарбга мойил ҳаракат сифатида ўзини намоён қилди. Лекин 2024 йилга келиб, мазкур партия консерватив ҳамда популист сиёсий кучга айланди. У белгилаган янги йўналишни Венгрия бош вазири Виктор Орбан юритаётган россияпараст сиёсий фаолиятга ўхшатишади. Шу тариқа “Грузия орзуси” партияси асосан аксилевропа ва  россияпараст риторикага муккасидан кета бошлади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, “Грузия орзуси” партиясининг асосчиси Бидзина Иванишвили — ўз бойлигини Россияда (!) шакллантирган миллиардер тадбиркор. Гарчи Иванишвили узоқ вақт давомида ҳеч қандай давлат мансабларини эгалламаган бўлсада, бироқ Грузия мухолифати айнан Иванишвлини Грузиянинг ҳақиқий ҳукмдори, деб билади.

Биринчи уриниш

 “Хорижий таъсирнинг шаффофлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси илк марта 2023 йилда Грузия парламентига киритилган бўлса-да, оммавий норозиликларга сабаб бўлгани боис, шу йилнинг март ойида қайтариб олинган эди.

2023 йил декабр ойида эса Грузия Европа Иттифоқига кириши учун номзод давлат мақомини олди. Бироқ ЕИ билан музокаралар давом этиши учун Грузия ҳукумати қонунчиликни турли йўналишларда либераллаштиришга қаратилган “тўққиз қадам” сиёсатини амалга ошириши лозим эди. ЕИ вакиллари “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун қабул қилиниши Грузиянинг ЕИга кириши бўйича музокараларни қийинлаштириши ҳақида бир неча марта огоҳлантирган.

Жумладан, 25 апрел куни Европарламент Грузияда “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун амалда бўлса, бу мамлакатнинг ЕИга кириши борасида музокаралар бошламасликни тавсия қилувчи резолюцияни қабул қилди.

Иккинчи, самарали уриниш

Мунозарали қонуннинг қабул қилиниши ЕИга киришини қийинлаштириши ҳақидаги хабарлар “Грузия орзуси” партияси  (ва унинг ҳомийларини, айтайлик Россияни) янада руҳлантириб юборди. Чунки бу партия ҳам, унинг ҳомийлари ҳам Грузиянинг ЕИга аъзо бўлишини истамайди.

Шунинг учун 2024 йил баҳорида «Грузия орзуси” “хорижий агентлар” ҳақидаги қонунни яна бир бор парламентга киритди.

Журналистларнинг айтишича, бу қонун орқали Грузия ҳукумати расман ЕИга кириш йўлини танлаган мамлакат ташқи сиёсатини 180 даражага буриб юбориши мумкин. Грузия мухолифати ушбу қонун Россиядаги “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунларига ўхшагани учун унга “рус қонуни” деб ном берган.

ЕИ эса ўз навбатида, агар “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун қабул қилинса, Грузия ЕИга аъзолик ҳуқуқидан маҳрум бўлиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирувчи резолюция қабул қилди.

Бунга жавобан «Грузия орзуси” партияси вакили, парламент спикери Шалва Папуашвили ЕИнинг ушбу резолюцияси “мамлакатимиз учун ҳеч қандай қимматга эга бўлмаган бир парча қоғоз” дея баёнот берди.

Жорий йилнинг 29 апрел куни эса Грузия парламенти иккинчи ўқишда қонун лойиҳасини маъқуллади. Халқнинг ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинишидан норозилик намойишларига муқобил намойишларни ташкил этишга уринишлар ҳам кузатилди. Шу куни Грузиянинг турли чеккаларидан бир қанча одамлар Тбилисига йиғиб олиб келинган ва улар гўёки ҳукуматни қўллаб митинг ўтказишган. Митингда қатнашишдан бош тортган одамларга “ишдан бўшатиласан” дея таҳдид солинган.

Грузия президенти Саломе Зурабишвили бу митингларни “Путин услубидаги намойишлар” деб атаган. У Франция халқаро радиосига берган интервьюсида грузин халқини 2024 йил 26 октбрга белгиланган парламентга сайловларда “Грузия орзуси” партиясига қарши овоз бериш ва шу орқали “Европага йўналган танловлари”ни тасдиқлашга чақирди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нега Грузия президенти бу қонунга қарши бўлсада, уни бекор қилдира олмаяпти?

Аввало, шуни айтиш керакки, Грузия – парламентар республика. Яъни бошқарув борасидаги ваколатлар парламентга кўпроқ берилган. Шу боис, Грузия президентининг ваколатлари чекланган. У фақат парламент қабул қилган қонунларни имзолаши ёки уларга вето қўйиши мумкин. Бу ҳолда депутатлар аввал қабул қилинган қонун лойиҳасини ҳамда президент эътирозларини яна бир бор қайта кўриб чиқишлари мумкин. Агар президент  эътирозлари инобатга олинмаса ва президент иккинчи марта ҳам қонун лойиҳасини имзоламаса, уни парламент раиси имзолай олади.

Бошқа давлатларнинг қонунчилигида мавжуд ваколат – президент ва парламент келиша олмаган ҳолда парламентни тарқатиб юбориш ваколати ҳам Грузия президентида йўқ.

Бундан ташқари, айрим давлатларда парламент икки палатали бўлади: кўпинча қонунчилик палатаси ва ундан юқори турувчи палата (масалан сенат)дан иборат бўлади. Қонунчилик палатаси халқ сайлаган депутатлардан ташкил топса, юқори палата аъзолари (аксарият ҳолларда президент томонидан) тайинланади. Агар президентга ёқмайдиган қонун лойиҳаси қуйи палатада маъқулланиб, юқори палата - сенатга чиқарилса, сенат аъзолари бу қонунни осонгина орқага қайтара олади.

Грузияда эса парламент бир палатали бўлгани боис, президент бу шаклда ҳам қонун лойиҳасини бекор қила олмайди.

Таъкидлаш керак, Грузия ҳукумати мамлакат президентига ушбу қонунга “вето” қўйиш ҳуқуқидан фойдаланиб, тузатиш киритишни таклиф қилган. Бироқ президент Зурабишвили “шу йўл билан мазкур “ўйинда” иштирок этишни ва бу қонунни қандайдир такомиллаштиришга ҳисса қўшишни истамаслигини” айтиб, бу таклифни рад этди.

“Бу қонун – россияча қонун ва ҳукуматимизнинг услублари ҳам россияча, ҳатто бош вазир нутқи ҳам Россияга монанд бўлди”, дея таъкидлаган Зурабишвили.

Энди нима бўлиши мумкин?

Шунга қарамасдан, Зурабишвили ушбу қонун қабул қилинса, унга вето қўйишга мажбур бўлишини айтган. Ҳукумат вакиллари эса агар президент вето қўйса, Ғарбдаги ҳамкорлар берган “мазмунли тавсия”ларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасини қайта ишлаши мумкинлигини маълум қилган.

“Хорижий агентлар” тўғрисидаги қонундаги айрим талаблар у эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради Айрим талаблар эса 2 ойдан сўнг ҳаётга татбиқ этилади.

Хуллас, Грузия президенти айни вазиятда қонунчилик доирасида ҳеч қандай қаршилик қила олмайди. Ҳамма гап халқда қолган. Халқда эса ҳозирча (!) иккита имконият бор: норозилик намойишларини тўхтатмасдан, қонунни бекор қилишларига эришиш ёки куздаги парламентга сайловларда россияпараст партияга овоз бермасдан, янги ҳукумат шаклланишига эришиш, шу йўл билан Грузиянинг Европага йўналган демократик тараққиёт йўлини сақлаб қолиш холос.

Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+