Эрдўғон “тахтини тебратган” сайловлар

Апрел Эрдўғон тарафдорлари учун ёқимсиз таассуротлар билан бошланди: 22 йил ичида илк марта ҳукмрон партия сайловларда ютқазди. Бу мухолифатнинг 2003 йилдан бери илк йирик ғалабасидир. 

Таҳлил
5 апрель, 9:50
Эрдўғон “тахтини тебратган” сайловлар

Апрел ойининг илк кунлари Туркия президенти Эрдўғон тарафдорлари учун ёқимсиз таассуротлар билан бошланди: 22 йил ичида илк марта ҳукмрон партия йирик сайловларда мағлуб бўлди. Мухолифатнинг маҳаллий сайловлардаги ғалабаси эса унинг 2003 йилдан бери энг йирик ғалабаси бўлди.

АКП обрўси тушиб кетмоқда

Туркияда 31 март куни бўлиб ўтган маҳаллий сайловлар натижаларига кўра, 81 муниципалитетдан 36 тасида мухолифатдаги сўл марказчи Жумҳурият Халқ партияси (ЖХП) 37,7% овоз олиб ғалаба қозонган. Президент партияси  Aдолат ва тараққиёт партияси (AКП) 35,4% овоз билан қолган. Бу натижа 2003 йилда Эрдўғон ҳокимиятга келганидан бери мухолифатнинг энг йирик ғалабаси бўлди.

2019 йилги маҳаллий сайловларда мухолифат ЖХП 35,7% овоз олган, АКП эса 44,3% билан биринчи ўринни эгаллаган эди.

Aсосий ҳаяжонли жараён Эрдўғон туғилган ва сиёсий фаолиятини бошлаган (1994 йилдан 1998 йилгача шаҳар ҳокими бўлиб сайланган) Истанбулдаги сайловларда кузатилди. Зеро, Эрдўғон ва унинг тарафдорлари айтганидек, “Ким Истанбулда ғолиб бўлса, у бутун мамлакатда мамлакатда ғолиб бўлади”. Чунки Истанбул – Туркиядаги сиёсий ўзгаришларнинг асосий индикатори ҳисобланади. Истанбулнинг бюджети 16 млрд. долларни ташкил қилади, давлат ялпи ички маҳсулотининг салкам учдан бири Истанбул ва унинг атрофида ишлаб чиқилади. (Қиёслаш учун – Тожикистонинг номинал ЯИМ 10 млрд. доллардан сал кўпроқ)

Истанбулда ҳам, президент тарафдорлари учун афсусланарли натижа қайд этилди: худди 2019 йилда бўлгани каби, шаҳарнинг амалдаги ҳокими, ЖХП вакили Икром Имомўғли ғалаба қозонди. У 51 фоиздан кўпроқ овоз олган бўлса, унинг рақиби, ҳукмрон партия номзоди, собиқ экология вазири Мурот Курум 39,5 фоиз овоз олган.

Мамлакатдаги иккинчи йирик шаҳар Aнқара шаҳрининг амалдаги ҳокими, 2019 йилдан буён шу лавозимни эгаллаб келаётган ЖХП вакили Мансур Яваш ҳам катта фарқ билан (60,3 фоиз овоз) ғалаба қозонди, унинг AКПдан рақиби Турғут Алтинок эса 31,6 фоиз овоз тўплади.

Мухолифат бошқа йирик шаҳарлар - Измир, Aнталия ва Бурсада ҳам ғалаба қозонди. Эрдўғон партияси асосан мамлакатнинг марказий ҳудудларида ҳукмронлик қилишда давом этмоқда ва жанубий ҳудудларда, жумладан, ўтган феврал ойида содир бўлган зилзила 50 000 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган Қаҳраманмарош ва Ғозиантепда сезиларли ютуқларга эришди. Курдпараст сўл қанот Халқ тенглиги ва демократия партияси мамлакатнинг асосан курдлар истиқомат қиладиган жануби-шарқидаги 10 вилоятда устун натижани қайд этган.

Эрдўғон мардларча мағлубиятни тан олди. У президентлик саройи балконидан туриб ўз тарафдорлари билан мулоқот чоғида сайловларда халқ ўз хоҳиш-иродасини билдирганини ва сиёсатчиларга сигнал юборганини айтди. Унинг сўзларига кўра, “сайлов натижалари якун эмас, балки бурилиш нуқтаси бўлди, сайловда демократия ва миллий ирода ғолиб чиқди” деб айтди. Ҳукмрон партия хатолар устида ишлайди, дея қўшимча қилди у. Эрдўғон ҳукуматнинг инфляцияга қарши курашга қаратилган иқтисодий дастурини амалга оширишни давом эттиришга ваъда берди.

ЖХП раҳбари Ўзғур Ўзел, мухолифатнинг ғалабаси "Туркия учун янги даврга йўл очади" деди. “Сайловчилар Туркиянинг 22 йиллик сиёсий манзарасини ўзгартиришга ва мамлакатимизда янги сиёсий муҳитга эшик очишга қарор қилишди. Бугун сайловчилар ҳокимиятнинг номутаносиб ваколатларини муниципал даражада мувозанатлашга қарор қилишди”, - дея қўшимча қилди у.

Нега ЖХП нинг “бозори чаққонлашди”?

Эрдўғон партиясининг мағлубияти - ҳокимият учун иқтисодий сиёсатдаги муваффақиятсизликлар учун ўзига хос жазо, дейди Халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш институти бош директори Aриф Aсалўғли. Turkstat маълумотларига кўра, феврал ойида инфляция йиллик ҳисобда 67% дан ошди. Жорий йилнинг март ойи охирида Туркия Марказий банки дисконт ставкасини 45 фоиздан 50 фоизга оширди - бу охирги 20 йилдаги тарихий максимал кўрсаткич ҳисобланади Экспертга кўра, ўтган йилнинг май ойида бўлиб ўтган сайловлардан кейин Эрдўғон оддий фуқаролар ҳаётини яхшилаш бўйича халққа берган сайловолди ваъдаларини бажармаган, бу якшанба кунги сайлов натижаларида ҳам ўз аксини топган.

Эслатиш жоиз, ўтган 2023 йилдаги президентлик сайловларида тарихда биринчи бор Эрдўғон биринчи турдаёқ ғолиб чиқа олмаган эди. У “базўр”  иккинчи турда, миллатчилар билан сиёсий коалиция шарофати билан, ўшанда ҳам атиги 5 фоизлик фарқ сиёсий рақиби Қиличдорўғлини мағлуб қилди холос.

Маҳаллий сайловлар ҳам Эрдўғонга ишонч пасайиб бораётганидан дарак беради. Чунки, Financial Times нинг қайд этишича, турклар маҳаллий сайловларга шунчаки шаҳар ва минтақа раҳбарларини сайлаш жараёни эмас, балки Эрдўғон ва унинг сиёсатига ишонч референдуми сифатида қараб, фаоллик кўрсатишди. Истанбул, Анқара ва бошқа йирик шаҳарлардаги ғалаба 2023 йилдаги сайловдан сўнг умидсизлик ва тушкунликка тушиб қолган ва парчаланган мухолифатни ҳаракатга келтирди, илҳом берди, бирлашишга ундади.

Охирги муниципал сайловларнинг аҳамиятини англаш учун Эрдўғоннинг бир баёнотини эсга олиш кифоя: шу йил март ойи бошида Туркия президенти ушбу муниципал сайловлар унинг учун охирги сиёсий кампания бўлишини айтган эди.  «Бу менга қонун берган ваколатлар доирасида охирги сайловлар бўлади, бироқ уларнинг натижалари ҳокимият мендан кейин келадиган ака-ука ва опа-сингилларга топширилишини англатади холос», — деган эди Эрдўғон.

Гарчи Эрдўғон аниқ айтмаган бўлсада, экспертлар Туркиянинг кейинги раҳбари ҳозирги мухолифат вакиллари - Истанбул ва Анқара ҳокимлари  бўлмаслигини прогноз қилишмоқда. Уларнинг тахминларига кўра, Эрдўғоннинг куёви ва тадбиркор, ўша машҳур Bayraktar дронларини ишлаб чиқарувчи Baykar Makina соҳибларидан бири, 44 ёшли Селжук Байрактар Туркиянинг Эрдўғондан кейинги президенти бўлиши мумкин. Зеро у ёшлар ва ҳарбийлар ҳамда илмий қатлам орасида ҳам ҳурмат ва қудратга эга.

Қолаверса Селжук мутлақо проукраин позицияси билан ҳам машҳур.  Бу эса Эрдўғоннинг Россия ва ислом динига муносабатидан, демократик ва бағрикенглик сиёсатидан қониқмайдиган Ғарбни ҳам бир қадар қаноатлантириши мумкин.

Ғарбнинг Туркиядаги сайловларрга қандай таъсири бор, деган саволга эса мамлакат иқтисодиётида охирги 7 йил ичида юз берган ўзгаришлар жавоб бўла олади. 2016 йилда Туркияда муваффақиятсиз якунланган давлат тўнтариши халқнинг Эрдўғонга муҳаббати баланд эканини кўрсатди. Бироқ Эрдўғон бу тўнтаришга уринишда АҚШ ва Ғарб қўли борлигини истисно этмаган ҳамда Ғарб ва ғарбона қадриятлардан юз ўгирган эди. Бироқ бу кескинлик оқибати ўзини кўп куттирмади: Ғарб етакчилик қилувчи жаҳон молиявий тизимининг “шарофати” билан турк лираси деярли қулади, инфляция кескин ошди, халқ фаровонлиги пасайиб кетди. Бу эса, табиийки халқ орасида Эрдўғон ва унинг партияси сиёсатидан норозиликни кучайтириб юборди.

Бунинг устига, фақат дунёвийлик, жойи келса исломофобия ҳиди уфуриб турувчи сиёсати билан машҳур “камолчи” партиялар ҳам ўз сиёсий фаолиятида ўзгариш ясамоқда. Бу партия раҳбарларининг халқ кўзи ўнгида ифторлик қилишгани ва бошқа диний маросимларда кўриниш бергани, шунингдек, улар ҳокимият тепасига келган тақдирларида мусулмонларнинг манфаатларини ҳам ҳисобга олишга ваъда беришаётгани ҳам ана шу ўзгаришлар натижасидир.

Шу билан бирга айрим сиёсий технологиялардан ҳам фойдаланишга уринишлар қайд этилди. Масалан, президентлик сайловларидан олдин ижтимоий тармоқларда гўёки кўчада бир диндор боладан олинган интервью “айлантирилди”. Унда бир мактаб ўқувчиси Қуръондан мисоллар келтирган ҳолда сайловларда қатнашиш куфр ва ҳаром эканлигини исботлашга ҳаракат қилади. Бу видеолавҳа орқали диндор мусулмонларни (демакки Эрдўғон тарафдорларини) сайловларда қатнашишдан қайтариш, пировардида мухолиф партиянинг ғалабасини таъминлашга уринишган деган тахминлар ҳам йўқ эмас.

Шу билан бирга, Туркия аҳолиси AКП ғалабасидан кейин авторитар тенденциялар кучайиши ва мамлакат Мустафо Камол Отатурк томонидан ўрнатилган дунёвий тамойиллардан янада узоқлашиши мумкинлигидан хавотир олди - бу ҳис-туйғулар йирик шаҳарларда кўпроқ сезилди.

Таъкидлаш керак, аксарият авторитар шарқ давлатларидан фарқли равишда туркия халқи ўта сиёсий фаол халқ. Турклар демократия ва қонун устуворлиги ҳамда ҳокимиятдаги “тийиб туриш” тамойилини яхши тушунади ва уларни ҳаётга татбиқ этиш учун интилади. Ҳарқанча яхши одам бўлмасин, бутун ҳокимиятннг узоқ йиллар давомида бир шахс қўлида қолиб кетиши мамлакат сиёсий-иқтисодий иқлими учун фақат ва фақат зарар келтиришини улар яхши тушунади. Қолаверса, ҳаммага маълум ҳақиқат  бор: сиёсий мухолифатнинг мавжудлиги мамлакат фаровонлиги ва келажаги фойдали. Худди иқтисодиётда бўлгани каби, сиёсий тизимдаги рақобат ҳам сиёсий кучларни сергак торттириб туради, халқ манфаатларига зид ҳаракатлар қилишдан тийиб туради.

Истиқболда нима кутилмоқда?

Халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш институти бош директори Aриф Aсалўғлининг фикрига кўра, Эрдўғон партиясининг маҳаллий сайловлардаги мағлубияти Туркия ички ва ва ташқи сиёсатида катта ўзгаришларга сабаб бўлади. Хусусан, амалдаги ҳукумат аста-секин сиёсатдаги чекловларни кучайтиришдан воз кечиши мумкин, деб ҳисоблайди Aсалўғли. “Эҳтимол, ҳокимият фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларига камроқ босим ўтказар. Коррупцияга қарши курашда жиддий ўзгаришлар бўлишини ҳам истисно этмайман – бу Туркияда азалий ва анъанавий ўткир муаммо. Эрдўғон, шунингдек, ташқи сиёсатни Европа Иттифоқи билан янада яқинлашиш йўлида сезиларли даражада ўзгартириши мумкин”, дейди эксперт.

Шунингдек, AКП етакчилари партиянинг минтақавий бўлинмаларида кадрлар ўзгаришини амалга ошириши, жумладан, Давлат Бахчели бошчилигидаги ўнг қанот Миллатчи Ҳаракат партияси билан ҳамкорликни қайта кўриб чиқишни бошлаши мумкин. Зеро, “миллатчилар” билан сиёсий коалиция охирги 3 та сайловларда Эрдўғонга ғалабани таъминлаб берган бўлсада, бу ҳамкорлик охирги пайтларда самарасиз тус олмоқда.

Ташқи сиёсатда эса, катта эҳтимол билан, расмий Aнқара Ғарб билан, хусусан, AҚШ ва Европа Иттифоқи билан яқинлашув курсини давом эттирса керак. Чунки Эрдўғонга мухолиф кучлар айни шу масалага урғу бериб келишади. Агар ҳукмрон партия бу жиҳатни “ўзиники” қилиб олса, мухолиф партиянинг сайловчиларга берувчи ваъдаларининг энг “қаймоқ” жойини олиб қўйган бўлади.

Шу билан бирга, Туркиядаги навбатдаги сиёсий реалликда Эрдўғон Туркия-Россия муносабатларига ҳам айрим таҳрирловлар киритиши кутилмоқда. Чунки ҳозиргача Aнқара Россия билан муносабатларни қандай йўлга қўйиш ҳақида аниқ ва қатъий тушунчага эга бўлмаган. Тўғри, Туркиянинг Ғарб билан Россия манфаатларига зид равишда яқинлашув жараёни ўтган йилнинг баҳорида бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг бошланган эди. Бироқ “икки ёмон орасидан яхшироғини танла” тамойилидан келиб чиқилса, Эрдўғон ва унинг сиёсати Россия учун энг мақбул вариант бўлиб қолади. Зеро, Эрдўғонга мухолиф партия ва унга охирги президентлик сайловларида рақиб бўлган Камол Қиличдорўғли Россия билан алоқаларни кескинлаштириш ва тўла Ғарбга юзланиш тарафдори эканлигини бир неча бор расман эълон қилган. Эрдўғон эса Ғарб-Россия тўқнашувларида Россия учун айрим фойдали қадамлари ва самарали воситачилиги билан машҳур бўлди. Шу жиҳатдан олиб қараганда Россия ҳам Эрдўғоннинг ҳокимиятда қолиши ва позицияларини мустаҳкамлашидан манфаатдор. Демакки, амалдаги рус ҳукумати Туркия билан иккитомонлама ва ўзаро фойдали алоқаларни янада кучайтириши кутилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Туркияда бўлиб ўтган маҳаллий сайловлар шунчаки шаҳар ва минтақа раҳбарларини аниқлаш учун ўтказилди дейиш хато. Бу сайловлар Туркиянинг ички ва ташқи сиёсатида ижобий ўзгаришлар ясаган сиёсий жараён сифатида тарихда қолади.

Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+