ИИВ аҳолини террорчиликка чақириқлар бўйича огоҳлантирди
Энг хавфли жиҳати шуки, ушбу шахсларнинг хабарлари кўп ҳолларда болаларга юборилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги террорчилик хуружлари бўйича тарқалган чақириқлар ҳақида огоҳлантириш билан чиқди.
"Охирги вақтларда республикамиз ҳамда қўшни давлатлар фуқароларига интернет ижтимоий тармоқлари орқали пул мукофоти эвазига савдо ва кўнгилочар марказлар, мактаблар ва бошқа жамоат жойларини миналаштириш таклиф қилинган хабарлар келиб тушмоқда" дейилади хабарда.
Энг хавфли жиҳати шуки, ёвуз ниятли шахсларнинг хабарлари кўп ҳолларда болаларга юборилмоқда. Шунингдек болаларнинг шахсий маълумотлари орқали уларни қўрқитиш ҳолатлари кузатилмоқда.
"Агарда Сизга бу каби хабарлар келиб тушса ваҳимага тушманг ва уларни очиқ чатлар, танишларингиз ва дўстларингизга юбормай, дарҳол" 102" рақамига қўнғироқ қилиб, ички ишлар органларига хабар беринг. Хабар юборувчиларни блокланг ва улар билан ёзишма ва суҳбатга киришманг", дея таъкидланади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 22 март куни Москва вилоятида концерт залида содир бўлган терактда 144 киши ҳалок бўлди. Ушбу ҳодисадан кейин Тошкентдаги жамоат жойларида хавфсизлик чоралари кучайтирилди.