Бош прокурор Туркияда қидирувдаги жиноятчи билан гаплашгани акс этган видео тарқалди

Platina.uz сайтига маълум қилишларича, Ниғматилла Йўлдошев қидирувдаги одам билан шахсан таниш бўлмаган.

Жамият
26 апрель, 14:11
Бош прокурор Туркияда қидирувдаги жиноятчи билан гаплашгани акс этган видео тарқалди

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев қидирувдаги жиноятчи Шерали Собиржонов билан Туркияда гаплашиб тургани ҳақидаги видеоёзув тарқалган. Бош прокуратура матбуот хизмати бунга аниқлик киритди.

Маълум бўлишича, 2-4 январ кунлари Ниғматилла Йўлдошев меҳнат таътили даврида саломатлигини тиклаш мақсадида ўз ҳисобидан Туркияга бориб, Medipol Mega тиббиёт клиникасида даволаниш муолажаларидан ўтган. Туркияда унга аввалдан таниш бўлган Азим Жўрабоев (видеода қора рангли курткада турибди) ҳамроҳлик қилган.

Бош прокурор Азим Жўрабоев билан клиникада гаплашиб турган вақтида, уларнинг олдига Шерали Собиржонов келиб, ўзини таништирган. У клиникага фарзандини даволанишга олиб борган ва Бош прокурорни таниб қолган. Шунинг учун уларнинг суҳбатига қўшилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати бошлиғи Ҳаёт Шамсуддиновнинг Platina.uz сайтига қўшимча қилишича, Ниғматилла Йўлдошев Шерали Собиржонов билан аввалдан таниш бўлмаган ва кимлигини ҳам билмаган.

Маълум қилинишича, Шерали Собиржанов Orental Fresh Food МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаб келиб, банкка сохта контрактларни тақдим этган ҳолда ҳақиқий бозор нархи 494 438 долларлик музлатгич ва 430 182 долларлик қуритиш жиҳозлари учун жами 1 млн. 597 минг 630 долларни Хитойга тўлаб, 673 минг долларни талон-торож қилган.

Унга нисбатан 2019 йил 20 июл куни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалар билан сиртдан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинган. Жиноят иши Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментининг иш юритувида бўлиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари вақтинча тўхтатилган.

Тармоқларда тарқалган видеода бош прокурорнинг ёнидаги одам қидирувдаги бошқа шахс, яъни Абдували Абдуллаев экани ҳақида ёлғон хабар тарқатилган.

Абдували Абдуллаев ким?

Абдували Абдуллаев 2018 йил 10 май куни Baxmal Juice Master МЧЖга банкдан 1,1 млн. доллар кредит олиб, кредит қарздорлигининг 633 минг долларини қасддан қопламагани оқибатида гаровдаги O’zengilulgurjisavdo МЧЖга тегишли мулк (маъмурий бино) банк тасарруфига ўтиб кетгани боис, жамият манфаатига катта миқдорда зарар етказган.

O’zengilulgurjisavdo МЧЖ таъсисчиларининг аризасига асосан, 2021 йил 25 январ куни А.Абдуллаевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида айбланувчи А.Абдуллаевга жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари айбланувчи қаерда экани номаълум бўлгани сабабли вақтинча тўхтатилган.

Шунингдек, жиноят иши доирасида Абдували Абдуллаевнинг ўғли Раҳматилла Абдуллаев ҳам айбланувчи (Жиноят кодексининг 168, 233, 184-моддалари билан айблов хулосаси тузилган) сифатида жалб қилинган. 2022 йил 13 июндаги Яккасарой тумани судининг ҳукмига кўра, Р.Абдуллаев Жиноят кодексининг 184-моддаси билан айбли деб топилган ва унга жарима жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 168 ва 233-моддалари билан эса айбсиз деб топилиб, реабилитация қилинган.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 сентябрдаги ажрими билан юқоридаги суд ҳукми ўзгаришсиз, Яккасарой тумани прокурорининг апелляция протести ва шикоятлар қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 28 февралдаги ажрими билан апелляция инстанциясининг юқоридаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгитдан апелляция инстанцияси судида кўриб чиқиш учун юборилган (иш Тошкент шаҳар прокурорининг протести ва фуқаровий даъвогарнинг шикояти асосида кўрилган).

Тошкент вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 26 июндаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳукми бекор қилиниб, Р.Абдуллаев Жиноят кодексининг 168 ва 184-моддалари билан айбли деб топилиб, 4 йил 6 ой озодликни чеклаш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида жаримага тортилган.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг ажрими билан апелляция инстанциясининг ушбу ҳукми ҳам бекор қилиниб, жиноят иши янгитдан апелляция инстанцияси судида кўриб чиқиш учун юборилган.

Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 24 апрелдаги ажримига кўра, Яккасарой тумани судининг 2022 йил 13 июнда дастлаб чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз, Яккасарой тумани прокурорининг Р.Абдуллаевни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 233-моддаси 1-қисми ва 184-моддаси 3-қисми билан айбли деб топиб, жазо тайинлаш ҳақидаги прокурор протести ва жабрланувчиларнинг шикоятлари рад қилинган.

Ҳозирда Бош прокуратура томонидан юқоридаги аппеляция ажримига нисбатан тафтиш тартибида прокурор протести келтириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+