Жиззахнинг олис ҳудудларида хотин-қизлар ойига 3-4 миллион сўмдан даромад топмоқда

Бахмал туманида тикувчи аёллар тадбиркорлар билан кичик кооперациялар ташкил қилиб, ишламоқда. 

Жамият
22 апрель, 13:09
Жиззахнинг олис ҳудудларида хотин-қизлар ойига 3-4 миллион сўмдан даромад топмоқда

Президент Халқ қабулхонаси топшириқлар бўйича ўзига бириктирилган Жиззах вилояти туманларида иш олиб бориб, қисқа муддатда мурожаатчилар бандлиги таъминланмоқда.

Хусусан, Президент Халқ қабулхонаси ҳисобидан Бахмал туманида истиқомат қилувчи 80 нафар хотин-қизга тикув машиналари ва пишириқ пишириш печлари олиб берилди. 

Тикув машинали бўлган 75 нафар аёллар бахмаллик 22 тадбиркор билан кичик кооперациялар ташкил қилиб, иш бошлади. 22 тадбиркорнинг барчаси тикувчилик соҳасида бой тажрибага, етарлича салоҳият-у барқарор иш ҳажмига, энг муҳими ўз бозорига эга.

Зулайҳо Йўлдошева тўрт йилдан бери Бахмалнинг Наврўз қишлоғидан Тошкент бозорларига кийим-кечак етказиб беради. Буюртмаси кундан кун кўпайиб бораётган бу оилавий корхона билан шу қишлоқлик яна 9 нафар тикувчи кооперация ташкил қилгач, цехнинг ишчилари сони 22 нафарга етди.

Худди шундай камида беш йиллик тажрибага эга бахмаллик Марҳабо Назарова ва Меҳринисо Раҳмонова каби ёш тадбиркорлар ҳам 3-4 нафардан янги чеварларни ёнига олиб, фаолиятини янада кенгайтирди. Уларнинг айтишича, ишлаган чевар Бахмалнинг шу чекка қишлоғида туриб ҳам ойига 3-4 миллион сўм бемалол даромад қила олади.

Президент Халқ қабулхонасининг аҳоли қўшимча даромад қилиши учун шароит-у имконият яратишга оид навбатдаги лойиҳаси локацияси бизни икки карра оғир чўл ҳудуд бўлмиш Арнасойга етаклади. Мақсад – оқар сув тақчил маҳалда томорқалардаги экинларни сақлаб қолиш учун сизот сувларидан фойдаланишни ташкил қилишдан иборат. Бунинг учун тез орада оғир шароитдаги 500 та хонадон томорқасида ички имкониятлар ҳисобидан қудуқ қазилади. Ичишга яроқсиз бу сизот сувларига маҳаллий ўғит аралаштирилиб, асосан ёз чилласида экинларни суғориш мумкин. “Чинобод” маҳалласида яшовчи Ўлмасжон Худойбердиев бир неча йилдирки шу усулдан фойдаланиб, даромад қилади.

Туман секторлари раҳбарлари бу борада яна бир ташаббус билан чиқишди: “Зарафшон” маҳалласида тажриба тариқасида ички имкониятлар ҳисобилан томорқаларга 7 тонналик резервуарлар ўрнатиляпти. Агар бу тажриба амалда ўзини оқласа, кейинги босқичда арнасойлик яна 150 та хонадон ўз томорқасида захира суғориш механизмига эга бўлади.

“Ғафур Ғулом” маҳалласида яшовчи Олим Шомилов ўтган йил декабрда кредит олиб, Арнасойда биринчи бўлиб томорқасида кичик гидропоника қурди. Томчилатиб суғориш орқали қулупнай етиштирди. Даромад яхши бўлганини кўрган қўни-қўшнилар ҳам бунга қизиқиб бошлаган.

 

 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+