Исроил Суриядаги Эрон консуллигига жиддий зарба берди
Ҳужум оқибатида икки эронлик генерал ва бешта офицер қурбон бўлган.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Суриянинг Дамашқ шаҳридаги Эрон консуллигига берилган зарбада Сурия ва Ливандаги корпус кучлари генерали ва қўмондони Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳалок бўлганини тасдиқлади. Бу ҳақда Fars News агентлиги хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, зарбалар натижасида бешдан етти нафаргача одам ҳалок бўлган. Улар орасида икки генерал ва бешта офицер ҳам бор. Эроннинг Суриядаги элчиси Ҳусайн Акбарийнинг айтишича, ҳалок бўлганлар орасида корпуснинг бошқа аъзолари ҳам бор. БМТ Бош котиби идораси ушбу зарбадан хавотир билдирди. Эрон давлат матбуоти Исроилни айблади.
Эроннинг Дамашқдаги "Тасним" ахборот агентлигининг хабар беришича, ҳужум оқибатида жами 11 киши ҳалок бўлган. Агентлик маълумотларига кўра, яна 12 киши жароҳат олган. Сурияда инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш маркази олти киши ҳалок бўлганини ёзмоқда. "Тасним" агентлигининг хабар беришича, ҳалок бўлганлар орасида генерал Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий ҳам бор. Эроннинг Дамашқдаги элчиси Ҳусайн Акбарий давлат телевидениеси орқали зарба Исроил ҳаво кучлари томонидан F-35 қирувчи самолётлари ёрдамида амалга оширилганини айтди.
БМТ Бош котиби вакили Стефан Дюжаррик матбуот анжумани чоғида ташкилот Дамашқдаги консулликка ҳужум қилингани ҳақидаги хабарлардан "хавотирда" эканини, аммо содир бўлган воқеалар ҳақида етарлича маълумотга эга эмаслигини айтди. Унинг таъкидлашича, БМТ "ҳар қандай давлатга ташқи ҳужумлар ёки суверенитетнинг бузилишини қоралайди".
Reuters агентлиги билан суҳбатда Исроил ҳарбий воизи мамлакат ҳаво кучларининг зарбага алоқадорлиги ҳақидаги саволларга жавоб беришдан бош тортди. "Биз хорижий ОАВ хабарларига изоҳ бермаймиз", деди у.