Ўзбекистоннинг гендер тенглигини таъминлашдаги муваффақиятлари эътироф этилди

Ўзбекистон Иордания, Малайзия каби давлатлар билан бирга энг катта муваффақиятга эришган давлатлар қаторидан жой олди. 

Жамият
5 март, 14:45
Ўзбекистоннинг гендер тенглигини таъминлашдаги муваффақиятлари эътироф этилди

Жаҳон банки “Aёллар, бизнес ва қонун” мавзусидаги йиллик ҳисоботини эълон қилди.

Ушбу ҳисобот ҳуқуқий соҳада гендер тенглиги йўлидаги глобал тараққиётни баҳолайди. Ҳужжатда 190 та давлат, жумладан, Ўзбекистонда аёллар аҳволи 10 та кўрсаткич: “хавфсизлик”, “ҳаракат эркинлиги”, “меҳнат”, “иш ҳақи”, “никоҳ”, “ота-оналик”, “бола парвариши", "тадбиркорлик", "мулкни бошқариш" ва "пенсия таъминоти" бўйича баҳоланган.

Мазкур ҳисобот “Aёллар, бизнес ва қонун” 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 1 октябргача бўлган даврда турли мамлакатлар қонунчилигида аёллар ҳуқуқига оид ўзгаришларни баҳолайди. Янги ҳисоботда акс этишича, ушбу давр мобайнида дунёнинг бор-йўғи 18 та давлати ёки аёллар аҳволи баҳоланган жами дунё давлатларининг 10 фоиздан камроғи аёллар мавқеини яхшиловчи ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширган холос.

Умуман олганда, ушбу 18 давлат гендер тенглигига эришишга қаратилган 47 та ислоҳот ўтказган. Хусусан, Европа ва Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон, Aрманистон, Озарбайжон, Кипр ва Молдова каби давлатларда шундай ислоҳотлар ниҳоясига етказилган.

Ўзбекистон Иордания, Малайзия, Сиерра-Леоне ва Того билан бирга бу борада энг катта муваффақиятга эришган беш давлат қаторидан жой олди. Юртимизда 2022 йил октябр ойидан буён жамиятда хотин-қизларнинг мавқеини оширишга қаратилган тўртта муҳим ҳуқуқий ислоҳот амалга оширилган.

Ушбу ислоҳотлар мамлакатнинг иккита асосий кўрсаткич - "иш ҳақи" ва "никоҳ" индекслари доирасида мамлакатимиз мавқеи яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатди. Бу Ўзбекистон рейтингининг 11,9 поғонага кўтарилишига олиб келди ва унга “Aёллар, бизнес ва ҳуқуқ 2024” индексида 100 баллдан 82,5 балл берилди. Юртимиз Сингапур, Туркия ва Бирлашган Aраб Aмирликлари билан бир хил балл тўплади ва Марказий Осиёда ҳам яхшироқ натижа кўрсатди.

Хусусан, Ўзбекистонда аёлларга эркаклар билан тенг меҳнат ҳақи тўлашни кафолатловчи меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Aйрим тармоқларда аёллар меҳнатидан фойдаланишга қўйилган чекловлар ҳам бекор қилинди. Жумладан, катта автомобиллар, масалан автобуслар ҳайдашга чеклов олиб ташланди. 2022 йил октябр ойида эса меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартлар ва конвенцияларга мос келадиган тегишли қоидаларни ўз ичига олган янги Меҳнат кодекси қабул қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимоя қилувчи кўплаб меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. 2023 йил апрел ойида Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга оиладаги зўравонликка, жумладан, оилавий муносабатлардаги жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонликка қарши курашиш бўйича ўзгартиришлар киритилди. Ушбу турдаги жиноятлар учун жиноий жавобгарлик ҳам белгиланди.

“Жаҳон банки Ўзбекистоннинг гендер тенглигини таъминлаш борасида эришган ютуқларини олқишлайди, бу “Aёллар, бизнес ва қонун” ҳисоботининг сўнгги нашрида таъкидланган. Охирги ҳуқуқий ислоҳотлар аёлларнинг фуқаролик, меҳнат ва иқтисодий ҳуқуқларини сезиларли даражада кенгайтирди”, — деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татяна Проскурякова ўз маърузасида.

“Биз ҳукуматга зарур молиявий ва таҳлилий ёрдам кўрсатиш орқали ушбу ислоҳотларни амалга оширишга ҳисса қўшганимиздан мамнунмиз. Ўзбекистонда хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг давом этиши - жинсидан қатъи назар, барча фуқаролар баҳраманд бўлиши мумкин бўлган адолатли ва фаровон жамият қуришга ёрдам беради”.

 

 

 

 

 

 

 

 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+