Исроилнинг обрўси тушиб кетмоқда

Охирги пайтларда АҚШ раҳбарияти Исроилнинг амалдаги ҳукумати бошлиғи Бенямин Нетаняҳудан унчалик ҳам рози бўлмаяпти. Ҳатто Исроил ҳамжамиятда баттар ёлғизланиб қолиши ҳақида фаразлар янграмоқда. 

Жаҳон
28 март, 12:00
Исроилнинг обрўси тушиб кетмоқда

Шу ҳафта боши БМТ Хавфсизлик Кенгаши фаолиятида мисли кўрилмаган ҳолат юз берди: Кенгаш Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди! Бу каби резолюцияларга вето қўйиб келаётган AҚШ бу сафар “анъанани бузди” - бетараф қолди. Хавфсизлик кенгашининг қолган 14 аъзоси эса уни ёқлаб овоз берган. Шу пайтгача АҚШ вакили Исроилни ўт очишни тўхтатишга чақирувчи барча резолюцияларга вето қўйиб келаётган эди.

Вашингтон айни даврда урушга “пауза” қўйиш ҲАМАСни батамом мағлуб этишга халақит беради, “террорчилар оташкесимдан фойдаланиб, яна ўзини тиклаб олади ва яна Исроил хавфсизлигига таҳдид қилишда давом этади” деган нуқтаи-назарда собит эди. Қолаверса, Вашингтоннинг иддао қилишича, Исроил ва ҲAМAС ўртасида сулҳ ҳамда гаровга олинганларни озод қилиш бўйича нозик музокаралар давом этаётган бир пайтда ўт очишни тўхтатиш номақбул қарор бўлади.

Мазкур резолюция, шунингдек, барча гаровга олинганларни зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз озод қилишни талаб қилади.

Таъкидлаш керак, БМТ Хавфсизлик кенгаши октябр ойида уруш бошланганидан бери бир неча муваффақиятсиз уринишлардан сўнг биринчи марта ўт очишни тўхтатишга чақирмоқда.

АҚШ режалари ўзгардими?

AҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши спикери Жон Кирбининг маълум қилишича, ушбу резолюцияга вето қўйилмагани, Америка уни маъқуллади, дегани эмас, бу Вашингтоннинг Исроил билан боғлиқ сиёсати ўзгарганини англатмайди. АҚШ шунчаки бетараф қолди холос. У ўт очишни тўхтатишни қўллаб-қувватлаган, бироқ резолюцияни ёқлаб овоз бермаган,Чунки резолюция матнида ҲАМАС фаолияти қораланмаган.

Бироқ шу қадам ҳам Американинг “эркатойи” бўлмиш Исроилни қутуртириб юборди: Исроил томони бундан норозилигини изҳор қилди ҳамда шу ҳафта охирида ўз делегациясининг Вашингтонга режалаштирилган ташрифини бекор қилишга қарор қилди! Қолаверса, Нетаняҳу ушбу резолюцияга амал қилмаслигини очиқ-ойдин маълум қилди. Унинг офиси маълум қилишича, ўт очишни тўхтатиш - гаровга олинганларни озод қилиш жараёнига халақит беради. АҚШ ҳам аввал шу позицияда турган бўлсада, энди ўз режаларини ўзгартиргани Нетаяҳунинг ғазабини келтирмоқда. Шунингдек, Исроил мудофаа вазирининг айтишича, Исроил Ғазода гаровга олинганлар сақланиб қолаётган пайтда урушни тўхтатмайди.

Тўғри, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг координатори Жон Кирби Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант ва AҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жек Салливан ўртасидаги режалаштирилган учрашувлар албатта ўтказилишини айтган.  Лекин АҚШнинг ўт очишга чақирилган резолюцяига вето қўймагани Исроил билан муносабатларда кичик бўлсада  жарлик пайдо бўлганидан дарак бермоқда.

Исроил майдонда ёлғизми?

Ҳар қандай ифлос қилмишлари ва қотилликлари АҚШ ва Ғарб томонидан оқлаб келинаётган Исроил бундай “кескин” муносабатга биринчи бор дуч келмоқда. Лекин бундай ноодатий муносабат АҚШ-Исроил муносабатларининг стратегик режаларига таъсир қилмайди. Бу шунчаки ўзгараётган вазиятга мослашув тариқасида қўйилган тактик қадам.

 Сионист медиамагнатлар таъсирида экани тахмин қилинувчи The Economist ҳафталик нашрининг 2024 йил 23 март сони муқоваси. Суратга “Исроил ёлғиз” деб изоҳ ёзилган.

Зеро, АҚШ Исроилдан эмас, унинг амалдаги ҳукумат раҳбаридан норози. Охирги пайтларда АҚШ раҳбарияти Исроилнинг амалдаги ҳукумати бошлиғи Бенямин Нетаняҳудан унчалик ҳам рози бўлмаяпти. Жумладан, АҚШ президенти Жо Байден ҳам “агар Нетаняҳу ҳозир олиб бораётган сиёсатини ўзгартирмаса, Исроил халқаро ҳамжамиятда баттар ёлғизланиб қолиши, унга қарши жамоатчилик фикри кучайиб кетишига сабаб бўлиши мумкин” деган эди.

Гарчи АҚШ Исроилга яхлит бир сиёсий тизим,  “абадий” иттифоқчи сифатида муносабатда бўлиб келаётган бўлсада, Исроилнинг амалдаги ҳукумати ўтган йили 7 октябрдан кейин юзага келган инқирозда умумий ўйин қоидаларига амал қилмасдан, АҚШ нуқтаи-назарини менсимасдан, саркашлик қила бошлагани Вашингтонга ёқмаслиги табиий.

Экспертларнинг айтишича, барча диктаторлар каби, Нетаняҳу ҳам айни пайтда кичкина бўлсада бир “ғалаба”га муҳтож. Зеро унинг ташаббуси билан бошланган суд ислоҳотлари – судларни ҳукуматга бўйсундириш ва шу тарзда ўз тахтини дахлсиз қилишга интилиш – Исроил халқининг норозиликлари ва намойишларига сабаб бўлаётган эди. Шу боис Нетаняҳу учун 7 октябр воқеалари айни муддао бўлди, дейиш мумкин. Тўғри, ҲАМАСнинг ҳеч бир қаршиликсиз Исроил ҳудудларига босқин уюштириб, яҳудий фуқароларни гаровга олганига йўл қўйгани учун Исроил ҳукумати ва разведкаси ҳамда армияси қаттиқ танқидларга дучор бўлди. Бироқ курсиси “лиқиллаб” қолган Нетаняҳу учун ўз муваффақиятсизликларини ювиб кета оладиган имконият туғилди.  Агар Нетаняҳу бу урушда ҲАМАСни яксон қила олса, унинг барча хатолари унут бўлиши мумкин.

Бироқ Нетаняҳу ушбу “тарихий” имкониятдан ҳам эплаб фойдалана олмаяпти. “Аксилтеррор уруши”нинг 6 ойдан бери тугамаётгани, гаровдагилар ҳамон озод этилмагани, исроиллик аскарларнинг ўлаётгани, ҳарбий-иқтисодий ресурслар самарасиз исроф қилинаётгани - яна Исроил халқи онгидаги “Нетаняҳу - нобоп раҳбар” деган шубҳа-гумонларни мустаҳкамлай бошлади.

Бунинг устига, қудратли яҳудий лоббисининг мустаҳкам тўрларига ўраб-чирмаб ташланган бўлсада, Исроилнинг шу пайтгача амалга ошириб келаётган қонли ҳамда ваҳшиёна “шўхликлари”га панжа орасидан қараб келаётган бўлсада, ҳатто АҚШнинг ҳам сабр косаси тўла бошлади. Шу пайтгача Ғазо секторидаги 32 мингдан зиёд тинч фуқаро ўлдирилгани, Ғазо сектори инфраструктурасини тузатиб бўлмас даражада вайрон қилгани боис, жаҳон ҳамжамияти Исроилнинг асил башараси - прояҳудий медиа яратган “бечора жабрдийда” образига мутлақо тескари эканини секин-аста англаб ета бошлади. Нафақат аксилғарб сиёсий қатлам ва давлатлар, ҳатто Ғарб ҳамда яҳудий миллатига мансуб аҳоли вакиллари ҳам Исроилнинг фаластинликларни геноцид қилаётганига жим қараб тура олмаяпти. Намойишлар ва ОАВдаги чиқишлар ҳам шундан дарак бермоқда. Уларга қарши намойишлар ўтказиш учун Исроил давлати ҳатто одамларга пул бериб, Исроилни қўлловчи намойишларни уюштиришга ҳам мажбур бўлмоқда.

Тўғри, АҚШ Исроилга ёрдамини тўхтатмасликка ваъда бериб келади ва ваъдасининг устидан чиқиши аниқ. Бироқ қўли қон эканлиги фош бўлган нусхага ёрдам беришда давом этавериш АҚШнинг халқаро майдондаги обрўсига, унинг “холис, тинликправар ва демократик воситачи” имиджига жиддий путур етказиши мумкин. Қолаверса АҚШ Исроилни ҳимоя қилиш учун ўзи шакллантирган “юмшоқ куч”ни жуда кўп сарфлаб юбораётганидан мамнун эмаслиги аниқ.

“Исломий терроризм” атамасини ўйлаб топган сиёсатчи

Нетаняҳу ва унинг ЛИКУД партияси ўта синонист ва ўта исломофоб мафкура соҳиблари ҳисобланади.

Таъкидлаш керак, Исроил давлатининг пайдо бўлиши террорлар билан бошланган ва у ҳозиргача террорчилик сиёсатини давом эттириб келмоқда. Бироқ дунёдаги йирик медиалойиҳалар сионист бойлар томонидан эгаллаб олгани боис, террорчилик атамасини осонлик билан мусулмонларга тўнкаб қўйишнинг уддасидан чиқишди.

Яқин Шарқда илк террорчи гуруҳлар 1920-40 йилларида, ўшанда Британия мандати остида бўлган Фаластин ерларида ташкил этилган қуролли яҳудийлар - сионистик тўдалар шаклида пайдо бўлган. Уларнинг фаолияти Британия томонидан тақиқланган бўлсада, сионистик қуролли тўдалар  одамлар тўпланувчи жойларда портлашлар уюштирар ва бошқа турли провокацияларни ташкил этишарди. Британия маъмурияти яҳудийларнинг Фаластинга кўчиб келишлари учун квоталар ҳамда чекловлар белгилагани синонист террорчиларга ёқмагани боис улар ҳатто Британия аскарларига ҳам ҳужум қила бошлаган.

“Иргун” яҳудий террорчи гуруҳи портлатган автобус. 1947 йил 29 декабр. Етти нафар араб йўловчи ҳалок бўлган.

Бироқ террор атамасини мусулмонлар, хусусан фаластинликлар билан боғлаб дунёга тақдим этган ва “мусулмон - потенциал террорчи” деган тушунчани Ғарб афкор оммасига “едира” олган нусха – Бенямин Нетанҳу бўлади. Қайд этиш жоиз, Исроилнинг аввалги бош вазирлари мана шундай террорчи сионистик гуруҳларнинг аъзоси бўлишган. Бенямин Нетаняҳу эса 1949 йилда туғилгани боис,  уларнинг сафида турмаганига қарамасдан, уларнинг маслаклари ва мафкурасини мерос қилиб олган, илик-илигигача сионист раҳбар ҳисобланади.

Нетаняҳу ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб, Исроил армиясининг фаластинликларга қарши қонли ҳарбий опреацияларида иштирок этган, кейинчалик уларга бош-қош бўлган шахс. Унинг шу даврларда ёзган деярли ҳар бир китобининг номи “Террор” сўзи билан бошланади. Нетаняҳу, Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант таъбири билан айтганда, “фаластинликлар одам эмас, ёввойи ҳайвон” деган ақида асосида ҳаракат қилади.

  Яҳудий террорчилар бомба жойлаб портлатган Қуддусдаги меҳмонхона.

Булардан хулоса қилиш мумкинки, Нетаняҳу ҳукумат тепасида қолар экан, ноинсоний ҳамда хунрезлик сиёсатини давом эттиради, демакки, АҚШнинг манфаатларига зид қадамлар қўйишда давом этади. Шу боис тахмин қилиш мумкинки, АҚШ томони Нетаняҳунинг ҳокимиятдан кетишидан манфаатдор ва бунга шароит яратиш учун амалий чора-тадбирлар режасини шакллантириши ва амалга ошириш ҳам мумкин.

Бироқ Нетаняҳу учун ҳокимиятдан кетиш – қамида кўп йиллик қамоқ жазоси ва сиёсатдаги бутун обрўсидан маҳрум бўлиш билан баробар. Ғазога қарши урушда ғолиб бўлмаслик ҳам айни натижаларга олиб келади. Шу боис Нетанҳу ўз лавозимида қолиш учун 32 минг эмас, яна 100 минг фаластинликни ўлдириб юборишга ҳам тайёр. У “ҲАМАСни енгдим”, деган биргина гапни айта олиш учун ҳамма қадрият ва муносабатларни қурбон қилишга тайёр турибди.

Қоғозда қолиб кетувчи навбатдаги резолюция

Резолюция қабул қилингани албатта ижобий ўзгариш. БМТ Бош котиби Aнтониу Гутерриш ҳам ўт очишни тўхтатиш ва “барча гаровга олинганларни зудлик билан ва сўзсиз озод қилиш”ни таъминлаш учун резолюцияни “ижро этиш” кераклигини айтди. Афсуски, бу масалада энг нозик ва муҳим сўз шу – “ижро этиш”!

Тарихга қарайдиган бўлсак, Исроил БМТнинг Фаластин масаласи бўйича бирорта резолюциясини бажармаган АҚШ ва Европа давлатлари каби ҳимоячилар бор экан, Исроил бундан кейин ҳам ўз билганига иш тутиши, ваҳшиёна “эркалик”ларини давом эттириши эҳтимолга яқинроқ. Исроил армияси фаластинликларни ваҳшиёна қириб ташлаётгани, сув, газ ва ёқилғидан мосуво қилаётгани етмагандек, уларга жўнатилаётган дори-дармон ва озиқ-овқатдан иборат гуманитар юкларни ҳам чегарасидан ўтказмаяпти. Қолаверса, резолюция матнида “Рамазон ойида ўт очишни тўхтатиш” жумласи бор. Рамазоннинг эса ярми ўтиб бўлди. Демакки ўт очишни тўхтатиш эҳтимоли кун сайин пасайиб бормоқда.

Бироқ “томчи тошни кемиради” деган нақл бор. ЖАР адвокатлари Халқаро судда Исроилга қарши даъво иши очтиришганида унинг бефойда эканлиги айтилган ва натижа ҳам шунга яраша бўлган эди. Одамларнинг кўчаларга аксилисроил намойишларга чиқишлари ҳам шундай самарасиз ва бефойда уриниш, дея баҳоланганди. Бироқ бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётган кўринади: борган сари кўпроқ давлатлар Исроилни “тартибга чақириш”ни, унинг хунрезликларига чек қўйишни талаб қилмоқда. Афсуски улар, жумладан Европа давлатлари ҳам АҚШнинг вето ҳуқуқи олдида ожиз эди. Шу боис бу галги резолюцияга вето қўймаганини - АҚШнинг бу можаро ижобий ҳал бўлишига ҳисса қўшиш учун амалий қадам қўйиши дея баҳоласак ҳам бўлади.

Айни шароитда Россия-Эрон-Хитой “ўқи”нинг кучайиб бораётгани, улар эса ўқ отишни тўхтатиш ва Фаластин давлати тузилишини ёқлаб баёнотлар бераётгани келажакка умид уйғотиши табиий. Зеро, бутун дунё норози нигоҳ билан қараб турганида подани булғаётган битта тиррақи бузоқни ҳимоя қилавериш нафақат АҚШ обрўсига путур етказади, балки америка халқи норозиликларини кучайтириб, Жо Байденнинг сайланмай қолиш эҳтимолини ҳам оширади. Сайловга эса оз қолди...

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+