Сўнгги бир йилдаги жиноий ишлар тақдири нима бўлди?

Platina.uz прокуратура органлари томонидан қўзғатилган ва ўлим билан якунланган жиноий ишлар тақдири нима бўлганига қизиқди.

Жамият
26 март, 19:15
Сўнгги бир йилдаги жиноий ишлар тақдири нима бўлди?

Прокуратура органлари жиноий иш қўзғатган сўнгги бир йилдаги жиноий ишлар тергов тугаб, судга оширилгач, одатда хабар берилмайди, кўп ҳолларда ёпиқ кўрилгани учун эсдан ҳам чиқиб кетади.

Platina.uz охири ўлим билан тугаган айрим жиноятларнинг кейинги тақдири билан қизиқди ва бу борада Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов билан боғланди.

Косонсойдаги портлаш

2023 йил февралда Наманган вилояти Косонсой туманидаги хонадонларнинг бирида газ портлаган, 5 киши турли тан жароҳати олган, 1 нафари шифохонада вафот этган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари мобайнида жиноят иши ЖКнинг 258-моддаси 2-қисми “а,б” бандларидан ЖКнинг 116-моддаси 3-қисмига қайта малакаланиб, “Косонсой тумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари К.Дадаханов ва А.Орипов гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.

Жиноят иши ҳужжатларига кўра, “Косонсой тумангаз” газ таъминоти бўлими газ қурилмаларини назорат қилиш чилангари К.Дадаханов ҳамда “Косонсой тумангаз” газ таъминоти бўлими газ тармоқлари ва газ тақсимлаш пунктларининг ҳолати ва ишлашини назорат қилиш хизмати устаси А.Орипов ўз касбига бепарволик қилиб, касб вазифаларини лозим даражада бажармай, 2015 йилда қурилиш-монтаж ишлари битказилган ерости қувурини шу кунгача бирор маротаба техник кўрикдан ўтказмаган. Оқибатда “Булоқ” кўчасидан ерости газ қувури ўтгани, ушбу ерости газ қувури тешилиб, газ сизиб чиқаётгани ҳолати ўз вақтида аниқланмай қолиб, тешилган газ қувуридан газ сизиб чиқиб, ерости йўллари орқали бир фуқаро уйидаги ертўлага кириб, тўпланган газ ва ҳаво аралашмасидан портлаш содир бўлган.

ЖИБ Косонсой тумани судининг 2023 йил 27 октябрдаги ҳукми билан К.Дадаханов ва А.Орипов ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми билан айбли деб топилиб, 2 йил “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиалида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

NAM MOTORS’даги портлаш

2023 йил 15 феврал куни Наманган туманида жойлашган чўян қуйиш цехидаги парогенератор(автоклав)да пар босими ортиб кетиши туфайли портлаш содир бўлган. Оқибатда 1 нафар ишчи тан жароҳати олган, 2 нафари ҳодиса жойида вафот этган.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси Наманган ҳудудий бўлинмасининг 2023 йил 18 мартдаги хулосасида, NAM MOTORS МЧЖда меҳнат муҳофазаси бўйича масъул П.Келдиев томонидан ишга қабул қилишда меҳнат мухофазаси бўйича ўқитиш ва билимларини синовдан ўтказиб, кириш йўриқномасидан ўтказиш йўлга қўйилмаган.

Натижада “Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқитишни ташкил қилиш ва билимларни текшириш тўғрисида”ги намунавий қоидаларнинг 8-банди талаблари бузилган, жамият раҳбарияти томонидан хавфли ишлаб чиқариш объектида саноат хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши устидан назорат ташкил этилмаган, МЧЖ томонидан автоклавни ўрнатиш учун техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, лойиҳа смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилмаган ва саноат хавфсизлиги экспертизасидан ўтказилмаган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган тумани судининг 2023 йил 11 сентябрдаги ҳукмига кўра, П.Келдиев ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми “а,б” бандларида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, 3 йил озодликни чеклаш жазоси ҳамда И.Тиллабаев (NOSTANDART МЧЖ бўлим бошлиғи) ЖКнинг 28,257-моддаси 2-қисми “а,б” бандларида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

11 ёшли қизча

2023 йил 20 июл куни Фарғона шаҳрида жойлашган қурилиши тугалланмаган бино ёнидан 11 ёшли қизчанинг мурдаси зўрлаш ва қотиллик аломатлари билан топилган эди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97 (Қасддан одам ўлдириш), 118 (Номусга тегиш) ва 119 (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилганди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2024 йил 15 январдаги ҳукмига кўра, М.Солиев ЖКнинг 25,97-моддаси 2-қисми “в,з,о” бандлари, 118-моддаси 4-қисми ва 119-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, узил-кесил 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Вояга етмаган Д.Абдусаломов ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в,з,о” бандлари, 118-моддаси 4-қисми ва 119-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, узил-кесил 13 йил озодликдан маҳрум қилинган.

Яна бир вояга етмаган Б.Хакимов эса ЖКнинг 241-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, ЖКнинг 62-моддаси тартибида ўташ учун 1 йил 7 ой 12 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилган.

13 ёшли бола

2023 йил 14 май куни 2010 йилда туғилган бола А.А.А. Наманган шаҳридаги истироҳат боғидаги аттракционда айланган вақтида бошидан тан жароҳати олиб вафот этган.

2023 йил 30 июл куни атракцион эгаси фуқаро Х.Т.Х.га нисбатан ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми “а” банди билан айб эълон қилинган. 2023 йил 29 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг очиқ суд мажлисида унга ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми билан 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Андижонда ёнган ҳинд

2023 йил 16 май куни Андижонда Ҳиндистон фуқаросининг ёнган жасади топилган эди. Турли гап-сўзларга кўра, марҳум эркак севгилисининг рад жавобидан кейин ўзини ёқиб юборган.

Ўтказилган тезкор-суриштирув ҳаракатлари натижасида номаълум эркак жинсига мансуб жасад 1986 йилда Хиндистонда туғилган, миллати хинд, 1 нафар фарзанди бор, Керала провинцияси, Каннур шаҳрида яшаган фуқаро Алувалаппил Раҳим экани аниқланган.

Тергов ҳаракатлари давомида А.Раҳим “З.М.Бобур” номли истироҳат боғида сайр қилиб юрганини кўрсатувчи видеотасвирлар борлиги аниқланган. Ўтказилган суд-психиолигик экспертизанинг хулосасига асосан, А.Раҳим психологик хусусиятларига кўра унга нисбатан ташқи тазйиқлар бўлмагани, унинг ўз жонига қасд қилишидан олдин руҳиятида ўзгаришлар бўлмагани, бироқ А.Раҳимнинг ўз жонига қасд ёки суиқасд қилишга мойиллиги бўлгани аниқланган, аммо бунга исбот етарли бўлмаган.

Шу сабабли жиноят иши қўзғатиш учун асослар мавжуд бўлган ёки бўлмаганидан қатъи назар, дастлабки терговда шахснинг айбсизлиги аниқланса ёки уни айблаш учун асослар етарли бўлмаса, иш тугатилиши керак ва 2023 йил 16 августда жиноят иши ЖПКнинг 83-модда 1-бандига асосан ҳаракатдан тугатилган.

Бўкадаги тезкор ходимлар

2023 йил июнда Бўка туманида терговга жалб қилинган гумонланувчи шахснинг вафоти билан боғлиқ ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 235-моддаси (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олинган.

ЖИБ Ўртачирчиқ тумани судининг 2023 йил 1 декабрдаги ҳукми билан 3 нафар судланувчига тегишли жазолар тайинланган. Ҳозирда жиноят иши ЖИБ Тошкент вилояти судининг аппеляция инстанциясида қайта  кўрилмоқда.

Қўқондаги ёнғин

2023 ййил июнда Қўқондаги савдо комплексларида содир бўлган ёнғин бўйича Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганди.

Жиноят ишида 1206 нафар шахс жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб эътироф этилганларнинг савдо дўконлари ва расталарига 27,8 млрд. сўм миқдорида, тадбиркорларнинг моддий товар бойликларига 109,6 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етгани аниқланган.

Бундан ташқари, ёнғин оқибатида талафот етган хонадонларнинг 12 нафар эгаларига жами 12,9 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етгани аниқланиб, улар жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб эътироф этилган.

2023 йил 2 сентябрда жиноят иши Фарғона вилояти прокурори томонидан 5 ойга узайтирилган. 2023 йил 18 декабрда жиноят иши юзасидан “Ризқ барака савдо комплекси” МЧЖ раҳбари А.Хошимовга ЖКнинг 207-моддаси 2-қисми ва 259-моддаси 2-қисми “б” банди билан айб эълон қилинган.

Жиноят иши 2024 йил 2 январда айблов хулосаси билан Фарғона вилоят суди орқали жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судига юборилган.

Хулоса

Демак, кўриб турганимиздек, деярли барча ишда айбдорлар қонуний жазосини олган. Фақат Бўкадаги ҳолат сал мавҳумлигича қолмоқда. ИИБ тезкор ходимларининг иши апелляция тартибида қайтадан кўрилмоқда.

telegram
telegram

Телеграмда кузатиб боринг!

Platina
© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+