Мирзиёев Намангандаги двигател корхонаси билан танишди

Президентга 2 миллиард 300 миллион долларлик лойиҳалар билан тақдимот қилинди, инвесторлар билан суҳбат ўтказилди. 

Иқтисод
25 март, 17:41
Мирзиёев Намангандаги двигател корхонаси билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган туманидаги “Nam Motor Servis” корхонаси фаолияти билан танишди.

Тўрт гектардан ортиқ ҳудудда жойлашган ушбу инвестицион лойиҳанинг дастлабки босқичи 2021 йилда ишга туширилган. Хитойдан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди. Натижада йилига ўн минг дона электр двигател, икки минг дона сув насоси ишлаб чиқариш қуввати яратилди. Юз киши иш билан таъминланди.

Корхона маҳсулотлари энергия тежамкорлик классининг “IE2” даражасида бўлиб, халқаро стандартларга жавоб беради. Улар мамлакатимиздаги кон-металлургия комбинатлари, сув хўжалиги ҳамда Марказий Осиё давлатларига етказиб берилмоқда. 

Яна бир муҳим жиҳати, электр двигателлар ишлаб чиқариш 60, сув насослари 100 фоиз маҳаллийлаштирилган. 

Президентимизга корхонанинг истиқболдаги режалари, навбатдаги босқичлар ҳақида маълумот берилди.

Лойиҳанинг иккинчи босқичи май ойида, якуний босқич эса йил охиригача ишга тушади. Натижада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ортиб, ҳамкорлик географияси кенгаяди. Яна 160 та янги иш ўрни яратилади.

Хусусан, бу ерда 2,2 минг тонна эмалланган сим, 6 минг дона электр двигатель, 4 минг дона катта ҳажмдаги сув насоси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Бу қўшимча 500 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари, дегани.

Бошқа тармоқлар ва корхоналар билан кооперацияни кенгайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Наманган вилоятида умумий қиймати 4 миллиард долларлик 47 лойиҳа шакллантирилган. Шундан 2 миллиард 300 миллион долларлик 17 таси давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинди.

Уларга Россия, Хитой, Туркия, БАА, Франция, Германия, Австрия, Италия, Нидерландия, Эрон, Покистон каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Лойиҳалар қурилиш материаллари, электр техникаси, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, тиббиёт, кончилик, балиқчилик ва бошқа тармоқларни қамраб олган.

Масалан, Хитой билан ҳамкорликда Чуст туманида мис қазиб олиш ва қайта ишлаш, покистонлик инвестор томонидан Тўрақўрғон туманида синтетик мато ишлаб чиқариш ва бўяш, Австрия компанияси билан вилоят травматология марказини жиҳозлаш режалаштирилган.

Мазкур 47 та лойиҳа натижасида 40 мингдан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади. 

Давлат раҳбари инвестор ва ташаббускорлар билан бирма-бир суҳбатлашди. Лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги муҳокама қилиниб, уларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

telegram
telegram

Телеграмда кузатиб боринг!

Platina
© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+