platina.uz

Рамазон арафасида Исроил хурмолари бойкот қилинмоқда

Россияда фаолият юритувчи Халқаро мусулмон юристлар ассоциацияси бутун дунёга тарқатиладиган Исроил хурмоларининг ишлаб чиқарувчилари рўйхатини эълон қилиб, уларни бойкот қилишга чақирди. 

Жаҳон
2 март, 9:46
Рамазон арафасида Исроил хурмолари бойкот қилинмоқда

Ҳар йили муқаддас Рамазон ойи бошланиши арафасида қуритилган хурмо маҳсулоти бутун дунё бозорларига чиқарилади. Жумладан, “Исроилда ишлаб чиқарилган” тамғаси остидаги қутиларда дўконларга чиқарилган хурмолар ҳам Европа бозорларини эгаллайди. Ва ҳар йили уларни бойкот қилишга чақириқлар янграйди.

Нега Исроил хурмолари бойкот қилинмоқда?

Россияда фаолият юритувчи Халқаро мусулмон юристлар ассоциацияси бутун дунёга тарқатиладиган Исроил хурмоларининг ишлаб чиқарувчилари рўйхатини эълон қилиб, уларни бойкот қилишга чақирди. “Геноцидни молиялаштирманг, оккупация ва апартеидни қўллаб қувватламаган” дейилади Ассоциация баёнотида.

Фаоллар шу компания ва бренд маҳсулотларини сотиб олмасликка чақирган

Фаолларнинг билдиришича, агар хурмо ҳақиқатан ҳам Фаластинда етиштирилган бўлса, бу ҳақдаги маълумотлар очиқ кўрсатилади. Мусулмонлар бойкот қилишидан қўрққан исроиллик компаниялар эса хурмо солинган қутиларни “Made in Israel” тамғаси қўймасдан, турли арабча ва исломий шиорлар билан, Фаластин байроғи ва миллий тимсоллари, масжид ва минораларнинг суратларини туширган ҳолда бозорга чиқармоқда. Бироқ товар маркировкаси ҳамда ишлаб чиқарувчи номлари ва брендлари бу маҳсулотлар манбасини ошкор қилиб қўяди.

Исроилнинг Ғазога қарши давом этаётган уруши, айниқса, муқаддас Рамазон ойи арафасида Исроил хурмоларининг Европа бозорида сотилишига сезиларли даражада тўсқинлик қилмоқда.

Исроил экспорти зарар кўриши мумкин

Бойкот Исроил экспортига сезиларли таъсир қилади. Чунки исроиллик ишлаб чиқарувчиларнинг йиллик хурмо экспортининг тахминан учдан бир қисми Рамазон ойига тўғри келади.

Исроилнинг Haaretz нашри маълумотларига кўра, бойкотдан қўрқиш натижасида Исроилнинг Medjool (Меджул) брендли хурмоларини тарғиб этишга қаратилган жами 550 минг долларлик реклама кампанияси тўхтатилган. Чунки бу товар белгиси остида сотиладиган хурмолар Исроил босиб олган Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги ерларда яҳудий фермерлари томонидан етиштирилади.

"Дўкон жавонларида "Исроилда ишлаб чиқарилган" деб ёзилган товарларни кўрган ҳар бир киши уни сотиб олишдан аввал яхшилаб ўйлаб кўрадиган бўлиб қолди", деган хурмо саноатига алоқадор тадбиркор Haaretz нашрига берган интервюсида. – Мусулмонлар нафақат товарларимизни ўзлари сотиб олишмайди, балки улгуржи сотиб олувчи дўкон соҳибларини ҳам бундан қайтаришади, дея қўшимча қилган тадбиркор.

Халқаро миқёсда фаолият кўрсатувчи BDS (Boycott, Divestment and Sanctions – Бойкот, иҳоталаш ва санкциялар) каби турли нодавлат-нотижорат ташкилотлар Рамазон ойи арафасида ва Рамазон давомида Европадаги дўконларга кириб, Исроил хурмоларининг қутиларига “Бу геноцидга хизмат қилади” деган стикерларни ёпиштириб кетишади.

Бундай ҳаракатлар Исроил экспортига катта иқтисодий зарар келтириши мумкин.

Зеро, Исроилнинг Medjool (Меджул) хурмоси бозоридаги улуши 50 фоизга тенг. Исроил Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, фақат Исроилдан хурмо экспорти қиймати 2022 йилда 338 миллион долларни ташкил этган, бошқа барча мевалар экспорти 432 миллион долларга тенг бўлгани инобатга олинса бу сезиларли улуш.

Масалан, ўтган йилнинг октябр ойидан бошлаб, Исроилнинг Туркияга хурмо экспорти 50 фоизга камайди, бу эса жами хурмо экспортининг тахминан 10 фоизини ташкил этади.

Исроилнинг Medjool (Меджул) брендли хурмо маҳсулоти қутиларининг сурати

Исроиллик ишлаб чиқарувчилар бойкот кампанияларига қарши туриш, харидорларга хурмоларнинг келиб чиқишини ошкор қилмаслик мақсадида ўз маҳсулотларидаги ёрлиқларни ўзгартириш устида ишламоқда, дея хабар беради Haaretz.

Бу биринчи мартаси эмас...

Аслини олганда, Исроилда ишлаб чиқарилган “қотил хурмонларни” сотиб олмасликка чақириқлар ҳар Рамазон олдидан янграйди. Масалан, 2018 йилда Франциянинг Шамбурси шаҳридаги Carrefour супермаркетлар тармоғига оид дўкон менежери мусулмон харидорларнинг норозилиги боис Исроилда ишлаб чиқарилган хурмо маҳсулотлардан пештахталардан олиб ташлашга мажбур бўлган эди.

Исроилнинг ISRAland янгиликлар портали маълум қилишича, норози харидорлар “Ғазо секторида болаларга қарши ваҳшиёна сиёсат ўтказаётган Исроил маҳсулотларини мусулмонлар учун муқаддас ҳисобланмиш Рамазон ойида сотиш уларни ҳақорат ва масхара қилиш” эканлигини таъкидлашган. Бойкот қилишга чақираётган фаоллар ўз хатти-ҳаракатларини “бу хурмоларни сотиб олиш Исроил қотилликлари ва истилосини молиялаштириш билан баробар, чунки Исроил армияси фаластинликларни қуёндек отиб ўлдирмоқда” дея изоҳлашган.

Бироқ Исроилнинг Франциядаги элчихонаси Франция ҳукуматидан бу борада изоҳ расмий сўрашган. Элчихона ходимлари вазиятни доим мониторинг қилиб бормоқда, Исроил товарларига бойкотни йўққа чиқариш учун маҳаллий тадбиркорлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарияти билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Ўтган йили Рамазон ойида ҳам Буюк Британиядаги фаоллар Исроил хурмоларини сотиб олмасликка чақирувчи кампаниялар ўтказишган. “Ёрлиғини текширинг” шиори остида ташкил этилган мазкур тадбирларда мусулмонларни хурмо сотиб олишдан аввал қутидаги ёрлиқларни текшириб кўриш, Исроилда ишлаб чиқарилган бўлса сотиб олмасликка чақирилган.

Улар исроиллик компаниялар ҳақидаги маълумотлар араб, инглиз, бенгал ва урду тилларида акс этган флайерларни турли ташкилотлар ва таълим муассасалари ҳамда масжидлар олдида тарқатишган эди.

Штрих-код ўзгармайди

Фаоллар нафақат Исроил ҳудудида етиштирилган, балки Исроил томонидан оккупация қилинган Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида етиштирилган хурмоларни сотиб олмасликка чақиришади. Жумладан, маҳсулот қутисидаги маълумотларни текшириш, агар қаерда ишлаб чиқарилгани яширилган бўлсада, товар штрих коди 729 (Исроил маҳсулотини англатади) рақамлари билан бошланган бўлса бойкот қилишни сўрашмоқда.

Euronews нинг маълум қилишича, Исроилнинг нафақат хурмо, балки бошқа маҳсулотларини ҳам бойкот қилишдан қўрққан компаниялар талаби билан Исроил товар коди 729 дан 841 ёки 871 га ўзгартирилгани ҳақида маълумотлар тарқалган.

Бироқ стандартлаштириш бўйича ваколатли идора - GS1 нотижорат ташкилотининг маълум қилишича, штрих коддаги 729 рақами ҳар доим ҳам бу товарнинг Исроилда ишлаб чиқарилганини англатмайди. Компания Исроилда рўйхатдан ўтгани билан, маҳсулотни бошқа давлатда ишлаб чиқарган бўлиши ҳам мумкин. Товар кодидаги рақам унга штрих код берган давлатни англатади холос, дея тушунтирган идора. GS1 нинг билдиришича, 841 рақамлари билан бошланувчи кодлар Испания, 871 эса – Нидерландия томонидан берилган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+