Ойни забт этишга қайта уриниш бошланди
Ер йўлдошида сув топилгани у ерда яшаш имкониятларини ошириб юборгани қанчалик ҳақиқат?
Рамазон ойи киришини аниқлаш учун одамлар Ойга қарашади. Янги ой ўроғи – ҳилол кўрингач, рўза ойи бошланди, деб эълон қилинади. Чунки исломий амалларни бажариш учун ҳижрий-қамарий – ой тақвимига асосланилади.
Ой пайдо бўлгач, кун сайин “ўсиб боради” ва деярли ҳар тун текислик ва кратерлари, сиртига урилган метеоритлар қолдирган излар кумушранг жилога ўралган ҳолда жилваланади. Аниқроғи, Ойнинг ўзи нур таратмайди, у Қуёш нурини худди ойна каби қайтариб, Ерга сочади. Сирли ёғду таралувчи ушбу осмон объекти Ерга энг яқин самовий жисм ҳисобланади: ҳозир сиз турган жой билан Ой қоялари ўртасида 360-400 минг километрлик масофа бор. Бу кўпми, озми?
Нақадар узоқсан ва нақадар яқин...
Ернинг белбоғи – экватор узунлиги 40 минг 75 километрга тенг. Демак, ойгача бўлган оралиқ Ерни бир айланиб чиқиш масофасидан 10 баробар катта холос. Агар Ердан Ой сари пиёда бориш мумкин бўлганида, ўртача 5 км/соат тезликда тўхтамасдан юрган одам 3 300 сутка, яъни деярли 9 йил юрган бўлар эди. Ўртача 100 км/соат тезликдаги транспорт эса бу масофани тўхтамасдан босиб ўтса, 167 кун ёки 5,5 ой сарфлаган бўлар эди.
Бўлар эди, бўлар эди... булар ҳаммаси хаёлот ва эҳтимол. Аммо реал ҳаётда одамлар Ойга фақат фазовий кемаларда чиқа олишади. 1969 йилда "Аполлон-11" ракетаси Ойга етиб бориш учун нақд 8 кун парвоз қилган эди.
Ой билан яқинлигимиз шу қадарки, тезлиги тахминан сониясига 300 минг км. бўлган нур Ойдан бизга 1,27 сонияда, Қуёшдан эса 8 дақиқада етиб келади. Бироқ Ой биздан шу қадар узоқки, Ер ва унинг орасига Қуёш тизимидаги барча сайёралар бемалол жойлашиб кетади.
Лекин нима бўлганда ҳам, Ой – Ернинг ягона табиий йўлдоши ва бизга бошқа осмон жисмларидан кўра яқинроқ. Қуёшни ҳисобга олмаганда, Ерга энг яқин юлдуз – Проксима кентаври бўлиб, биздан 4,22 ёруғлик йили миқдорида ёки тахминан 40 миллион километр узоқликда жойлашган. Яъни Қуёшдан 8 дақиқада етиб келувчи ёруғлик нури Проксима кентавридан деярли 4 ярим йил деганда етиб келади! Бошқача тушунтирганда, шу тобда мазкур юлдузга қарасак, унинг 4 йил аввалги қиёфасини кўрамиз. Агар шу тобда Проксима кентаври портлаб йўқолиб кетса, биз атиги 4 йилдан кейин бу жараённи кўрамиз.
Шу жиҳатдан олиб қараганда, Ой бизга жуда ва жуда яқин самовий объект. Ой сайёрамизга яқинлиги туфайли биздаги денгиз тўлқинлари ҳаракатига ҳам таъсир қилади: денгиз кўтарилиши ва пасайишлари айнан Ой тортишуви туфайли юз беради.
Худди Ер Қуёш атрофида айлангани каби Ой ҳам Ер атрофида айланади. Ойнинг Ер атрофида бир марта айланиши учун 27 кун керак. Ойнинг Ер атрофида айланиши, унга Ер сояси тушиши боис, Ой ўз шаклини ўзгартиради: биз уни гоҳ тўпдек думалоқ тўлин ой, гоҳ тарвузнинг бир палласи, гоҳида ингичка ўроқдек кўрамиз. Ойнинг шаклидаги ўзгаришлар фазалар деб аталади.
Ой ҳар доим Ерга фақат бир томони билан қараб туради. Ойнинг орқа томони ҳам энди сирли эмас, унинг фотосуратлари 1959 йилдаёқ пайдо бўлган. Фотосуратлар Ойни ўрганишнинг бир усули ҳисобланади. Лекин бошқа йўллар ҳам бор.
Одамлар узоқ асрлардан бери Ойнинг осмон бўйлаб ҳаракатланиши ва ойнинг турли кунларида унинг шакли қандай ўзгаришини кузатиб келишган. Ойнинг ўзгариб туришини тушунтириш учун турли афсоналар яратишган, бу кузатувлар асосида тақвимлар яратишган. Aммо Галилео Галилей телескопни ихтиро қилгандан кейингина Ойда тоғлар ва кратерлар борлиги маълум бўлди. Шундан кейин одамлар Ой улкан тош шар эканини тушуна бошладилар.
Забт этиш сари илк қадам
Ойнинг ҳақиқий забт этилиши 1966 йилда содир бўлди. Шу йили инсоният тарихида биринчи бор СССР фазовий аппарати “Луна-9” Ойга қўнган эди. Ўшандан бери космик кемалар Ой тупроғини, атмосферасини ўрганишди ва ҳатто Ойда сув борлигини аниқлашди.
Мисол учун, бир неча робот-роверлар Ой сиртини ўрганиб чиқишган. Совет иттифоқи томонидан учирилган биринчи ой ровери “Луноход 1” 1970 йилдан 1971 йилгача Ойда саёҳат қилган. 2013 йилда эса Хитой Ойга “Юту” роверини жўнатди. Ушбу ровер ой тупроғининг таркибини ўрганди ва остида нима яширинганини аниқлаш учун ой қобиғини рентгенограмма қилди.
Бир қатор мамлакатларда Ойни айланиб учадиган, уни суратга оладиган ва ҳар томонлама ўрганадиган космик аппаратлар мавжуд.
Шунингдек, Ой одам қадами етган ҳозирча ягона самовий жисмдир. Юқорида айтилганидек, АҚШлик астронавт Нил Армстронг ҳамда унинг ҳамроҳлари Майкл Коллинз ва Базз Олдрин 1969 йил 16 июлда самога кўтарилган “Аполлон 11” фазо кемасида Ойга етиб бориб, унинг юзасида саёҳат қилишди. Ўшанда уч йил ичида олтита AҚШ экспедицияси Ойга ташриф буюрди. Уларнинг ҳар бирида уч нафардан астронавт парвоз қилган. Улардан бири кемада қолган, икки нафари эса Ойга қадам қўйишган. Жами 12 америкалик Ойда бўлган. Лекин шу билан Ойга учишлар тўхтатилди. Ўшандан бери ярим аср ўтди, лекин бошқа бирор инсон Ойга бормади, фақат роботлар жўнатилди.
Конспирологлар “қайнатган” мавзу
Нега инсоният ва ҳатто АҚШдек қудратли ва бой, илмий-техник жиҳатдан пешқадам давлат ҳам Ойга парвозларни тўхтатиб қўйди?
Бу кўпгина конспирологик талқинларни туғдирган. Бироқ аввало илмий-тарихий қарашлар қимматли.
Аввало, 70-йиллардаги икки асосий қудратли давлат СССР ва АҚШ ўртасида “совуқ уруш” пайтида нафақат қуролланиш бўйича, балки фазовий дастур бўйича ҳам пойга (Space Race) авж олган эди. Бу пойга икки давлат ўртасидаги маданий, технологик ва идеологик қарама-қаршилик пойгаси эди.
Аввало, СССР 1957 йил 4 октябрда биринчи бўлиб сунъий йўлдош учирди.
Орадан 4 ой ўтиб, 1958 йил 1 феврал куни АҚШ ўзининг сунъий йўлдоши – Explorer-I’ни орбитага чиқаришга муваффақ бўлди.
Кейин эса 1961 йил 12 апрел куни Ер орбитасига илк марта инсон чиқарилди. Юрий Гагарин ўтирган фзаовий аппарат Ер атрофини тўлиқ айланиб чиқди.
Бунга жавобан АҚШ 1969 йил 20 июл куни Ойга биринчи инсон қадами етишини таъминлади.
Шундан кейин роверлар учирилди. Шу тарзда пойгадан деярли маъно қолмади. Ойни тадқиқ этиш, эҳтимол ундаги фойдали қазилмаларни аниқлаш ва ўзлаштириш ёхуд Ойга қуроллар жойлаштириш каби режалар ҳам бўлган, албатта. Бироқ БМТ Бош ассамблеясининг 1966 йил 19 декабрдаги XXII резолюцияси билан “Космосни, шу жумладан, Ойни ва бошқа самовий жисмларни тадқиқ қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатларнинг фаолияти тамойиллари тўғрисидаги шартнома” қабул қилинди. Ундан аввалроқ, 1963 йил 17 октябрда чиқарилган XVIII резолюция эса барча давлатларни Ерга яқин орбитага ядро қуроли ташувчи, умуман оммавий қирғин қуроллари мавжуд аппаратларни чиқармаслик ва фазовий жисмларга (жумладан, Ойга ҳам) бундай қуролларни ўрнатмасликка чақирган эди.
Бироқ конспирологик қарашларга кўра, АҚШлик асронавтлар Ойда турли номаълум учар жисмларни кўришган, ҳатто ҳаёт аломатларига дуч келишган. Яна айрим тахминларга кўра, биздан ривожланганроқ маданият вакиллари Ойга бошқа келмаслик, Ой “банд” экани ҳақида огоҳлантирган эмиш.
Бироқ реал тахминларга кўра, кўплаб фазовий ҳамда Ойга йўналтирилган деярли барча миссиялар барбод бўлган. Негадир барча уринишлар бесамар кетган ва шундан кейин парвозлар тўхтатиб қўйилган.
Ҳатто 2023 йил 19 августда Россиянинг (СССРни ҳисобга олмаганда) биринчи ва ягона жиддий лойиҳаси – “Луна-25” миссияси ҳам муваффақиятсиз якунланди. Россия аппарати Ойга юмшоқ қўна олмасдан, фалокатга учради.
Бироқ К.Э.Циолковской номидаги Россия космонавтика академияси академиги, «Роскосмос» давлат госкорпорацияси жамоатчилик кенгаши аъзоси, АНО «Роскосмос Медиа» илмий муҳаррири Игорь Марининнинг айтишича, 1976 йилда собиқ Совет Иттифоқи Ойга охирги станция – «Луна-24»ни учирган эди. У Ойдан илмий текширувлар учун Ой тупроғининг учинчи партиясини олиб тушган. Шундан кейин асосий фазовий давлатлар СССР ва АҚШ ҳам Ой билан қизиқмай қўйган. Чунки Ой тупроғида олимларни қизиқтира оладиган бирор янгилик топишмаган.
Ўн йил олдин ҳамма нарса ўзгарди. Россия Фанлар академиясининг Космик тадқиқотлар институтида ишлаб чиқилган ва Aмерика Ой станциясига ўрнатилган қурилма кўп миқдорда сув аломати – муз мавжудлигини тасдиқлади. Кейинчалик бошқа жойларда сув белгилари топилди, айниқса, қутблар яқинида кўп учрагани айтилади. Бу эса шуни англатадики, ҳаёт кечириш учун асосий ва зарур модда – сувни ажратиб олиш ва уни космонавтлар истеъмол қилиши мумкин. Яъни Ойда одам яшайдиган стационар базалар қурилса, улар учун сувни Ердан ракета ёрдамида етказиш шарт бўлмайди. Чунки фазога чиқариладиган ҳар бир килограмм юк катта харажат талаб қилади.
Шунингдек, Ойдаги сув ўзлаштирилса, сувни водород ва кислородга парчалаш ҳам мумкин. Бу эса нафас олиш учун Ойга кислород чиқариш мажбуриятини ҳам кун тартибидан олиб ташлайди. Сувдан ажратиб олинган водород эса ракета двигателлари ҳамда электр қуввати ишлаб чиқариш генераторлари учун ёқилғи сифатида ишлатилиши мумкин.
Қолаверса, ҳозирги даврга келиб, ҳамма харажат халқ ва парламент назоратида турувчи АҚШ учун Ой, умуман фазога парвозлар заруриятини исботлаб бериш жуда мушкул. Бироқ миллардер тадқиқотчи Илон Маскнинг Space X ташкилоти ҳамда Аmazon компанияси асосчиси Жефф Безоснинг хусусий Blue origin фазовий лойиҳаси фазога тижорий парвозларни амалга ошириш имкониятини яратди. Улар эса оламшумул илмий режаларни мақсад қилишмоқда. Шу боис ҳозир Ойга учиш арзонроқ ва у ерда база яратиш 1960-1970-йиллардагига қараганда реалроқ бўлиб қолди.
Саёҳатга бориш мумкин, доимий яшашга эмас
Кўпчилик мутахасисларнинг таъкидлашича, инсон ҳеч қачон Ойда доимий яшамайди. Бу инсониятга керак ҳам эмас. Ер йўқ қилинган ёки турли табиий фалокатлар туфайли инсониятни бошқа сайёрага ёки Ойга кўчириш режалари ҳам ҳозирча фақат фантастик филмлар учун сюжет бўлишга ярайди холос.
Чунки Ойда доимий ҳаёт кечириш учун шароит жуда оғир. Ой атмосферасида кислород йўқ, сув бемалол эмас. Шунингдек, Ой чанги ҳам мавжудки, уни шиша чанги билан қиёслаш мумкин. У тешиш ва тирнаб ташлаш хусусиятига эга. Ой чанги кийим, ҳатто герметик скафандр орқали ва турли механизмларнинг герметик резина бирикмаси орқали кириб кета олади. Бундан ташқари, Ой чанги нафас олиш тизими учун ҳам зарарли.
Бундан ташқари, Ойда кучли фазовий нурланиш мавжуд. Ундан ҳимояланиш учун зирҳ олиб бориш мушкул. Шу боис келажакда Ойда қуриладиган биноларнинг пойдевори ерга кўмилади. Яъни Ой колониялари аҳолиси фақат ғорларда яшаб, ишлай олади холос.
Бунинг ўрнига, Ойда ишлайдиган ва ноёб металларни қазиб оладиган машиналарни яратиш ва такомиллаштириш уларга хизмат кўрсатиш учун база яратиш мумкин. Маълумки, Ойда гелий-3 элементини қазиб олиш қимматга тушади ва иқтисодий жиҳатдан номақбул лойиҳа. Тўғри, Ой чангида жуда кўп темир моддаси мавжуд. Aммо темир Ерда ҳам кўп. Бироқ сайёрамизда ноёб металлар, жумладан, платина гуруҳи металлари унчалик кўп учрамайди. Қолаверса, Ерда электроника саноати учун бу энг муҳим элемент захиралари тугаб бормоқда. Шунинг учун Ойни ўрганиш нафақат илмий, балки иқтисодий аҳамиятга ҳам эга.
Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.
Телеграмда кузатиб боринг!