Тақдир ҳазили: ризқи қийилаётган болалар

Аёллар ва баҳор байрамлари арафасида аёллар ва болаларни янада “хурсанд” этадиган қарор эълон қилинди.

Таҳлил
12 март, 20:39

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 4 мартдаги 110-сонли қарорига кўра, 1 апрелдан бошлаб, фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули биринчи фарзанд учун барчага, иккинчи фарзанд учун эса фарзанд туғилган пайтда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оила аъзоси бўлган аёлларга расмийлаштирилади. Қолган ҳолатларда “суюнчи” пулини расмийлаштириш рад этилади.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ҳисоблаб чиқишича, “ҳукумат мазкур бюджет маневридан 2024 йилда нақд 415 млрд. сўмгача тежаб қолади (келаси йилларга иқтисод қилинган маблағ янаям каттароқ кўриниш олади)”.

Янги туғилган чақалоқ учун бир марталик ёрдам пули бериш ва ҳар ойда тўланадиган тўловлар борасида хориж тажрибасига тўхталсак, бола туғилганда бериладиган бир марталик пул миқдори биздаги “суюнчи” пули Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 70,3 фоизи, яъни 738 150 сўмга тенг. Бу эса Марказий банк курси бўйича (12503.11) 59 АҚШ долларига тенг.

Масалан, бахтиёрлик ва фаровонлик бўйича шундоқ ҳам сайёрамизда пешқадам бўлаётган Финляндияда болалар ва оналар ўлими дунёда энг паст кўрсаткичга эга. Ҳозирги даврда бу мамлакатда янги чақалоқ дунёга келса, ота-она ёки 140 евро (140 доллардан кўпроқ) ёрдам пули ёки чақалоқ учун тўплам (зарур буюмлар ва кийим-кечак) тўпламини танлашади.

Давлат эса бу билан чекланмайди: бола токи 17 ёшга етгунича ҳар ойда нафақа пули бериб турилади. Биринчи бола учун ойига – 94,88 евро, 2, 3, 4 фарзандлар учун мос равишда 104,84, 133,79, 153,24 евро, ундан кейинги фарзандлар учун ойига 172,69 евро тўлаб турилади.

Шунинг учун бўлса керак, бу мамлакат аҳолиси дунёдаги энг бахтли халқлар рейтингида 1-ўринда туради. “Болаларни қутқаринг” халқаро ташкилотиннинг рейтингига кўра, Финляндия оналик ва болалик учун энг яхши мамлакат ҳисобланади. Болали оилаларнинг моддий аҳволи бўйича Финляндия Европада ҳам пешқадам.

Таъкидлаш керак, бола туғилганда ва кейинги даврда бериладиган давлат нафақалари борасидаги рейтингда биринчи ўринда Россия туради. Албатта, биринчи фарзандга тўланадиган бир марталик тўлов тахминан 19 000 рублни (2 млн. 615 минг сўм) ташкил этади. Шунингдек, расмий иш ҳақи даражасининг 50% -80% гача етиши мумкин бўлган пуллик туғруқ таътиллари мавжуд. Гарчи болалар учун ойлик нафақалар кам бўлса-да, Россияда “оналик капитали” дастури мавжуд. Биринчи болага 631 минг рубл (Россия МБ валюта курси бўйича – 6 минг 957 доллар, Ўзбекистон МБ валюта курси бўйича - 86 млн.876 минг сўм), иккинчи болага 834 минг рубл (114 млн. 825 минг сўм) берилади.

Рейтингдаги 2-ўринда Франция туради. Бу ерда бола учун 1200 доллар тўлашади. Ойлик нафақа эса, агар оиланинг умумий даромади маълум даражадан ошмаса, 200 долларга етади. Ёлғиз ота-оналар учун бола 20 ёшга тўлгунга қадар ҳар ойда 120 доллардан тўлаб борилади.

Японияликлар ҳар бир туғилган бола учун 400 доллар олишади. Оналик тўлови онанинг иш ҳақининг 50 фоизини ташкил этиши мумкин.

Aргентинада чақалоқ туғилганда 750 доллар олиш мумкин.

Чехияда болалар учун кўплаб нафақа дастурлари мавжуд. Чақалоқ учун бир марталик нафақа 630 долларга тенг. Ойлик нафақа тўловлари 150 доллардан берилади.

Aвстралияда бола учун 523 доллар олиш мумкин. Шу билан бирга, биринчи бола учун 2000 AҚШ доллари ва кейинги барча болалар учун 1000 AҚШ доллари миқдорида қўшимча бир марталик субсидия мавжуд. Ойлик нафақа 106 доллардан 152 долларгача бўлади.

Шунингдек, Қозоғистонда чақалоқ 1,5 ёшга етгунига қадар ойлик тўловлар: 1-бола учун 19 872 тенге, 2-бола учун 23 495 тенге, 4-бола учун 27 083 тенге; ва 4-ва ундан кейинги фарзандлар учун 30 705 тенгега тенг.

Хулоса қилишни ҳар кимнинг ўзига қолдирамиз. Бу қарор қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини вақт кўрсатади.

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+