Бектемир туманига ҳоким тайинланди
У аввал Чилонзор туманида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағаллик бўйича ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

Нурилла Абдурахманов Бектемир туман ҳокими этиб тайинланди. Бугун Тошкент шаҳар ҳокимлигида Халқ депутатлари Бектемир тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Бектемир туманига ҳоким тайинлаш масаласи кўриб чиқилди.
Сессияда ҳозиргача Чилонзор тумани “Гавхар” маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаган Нурилла Абдурахманов Бектемир тумани ҳокимлигига тасдиқланди.
Нурилла Абдурахманов 1981 йилда Тошкент вилоятида туғилган, маълумоти олий. Шу кунга қадар Миробод, Чилонзор ва Яккасарой туман ҳокимликларида қатор масъул вазифаларда фаолият юритиб келган.
Эслатиб ўтамиз, Бектемирга 2024 йил феврал ойигача Тапил Маҳамадзияев раҳбарлик қилганди.