БАА паспорти “мобиллик” индекси бўйича яна барча ғарб давлатларини ортда қолдирди

Мазкур рейтингда Марказий Осиёда Қозоғистон паспорти энг кучли деб топилган (54-ўрин).  Ўзбекистон эса 67- поғонада. 

Жаҳон
28 февраль, 14:10
БАА паспорти “мобиллик” индекси бўйича яна барча ғарб давлатларини ортда қолдирди

Жаҳон давлатлари паспортларинингмобилликиндекси бўйича 2024 йил учун рейтинги эълон қилинди.

Рейтинг фуқаролик паспорти билан қанча давлатга визасиз сафар қила олиш имкониятига кўра тузилган.

Жорий йил рейтингида яна Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) паспорти етакчи бўлди. Бу давлат фуқаролари индекси 179 дея баҳоланган бўлиб, 134 та давлат билан визасиз режим ўрнатган, 45 та давлатга киришда виза олиш талаби мавжуд, фақат 19 давлатга бориш учун виза талаб қилинади.

Таъкидлаш керак, паспортларнинг мобиллик индекси визасиз чиқса бўладиган давлатлар сони ва киришда виза талаб қиладиган давлатлар сонини қўшган ҳолда чиқарилади. (Масалан БАА учун – индекс = 134 та визасиз + 45 та кириш визаси = 179)

Умуман олганда, БАА 2020 йилни ҳисобга олмаганда, 2018 йилдан бери пешқадамликни қўлдан бермай келади.

Аслини олганда, визасиз сафар тартиби ўрнатилган мамлакатлар рейтингида БАА паспорти Франция (137 давлат билан визасиз тартиб), Германия (136), Италия (136), Нидерландия (135), Испания (135), Швеция (135), Финляндия (135) паспортидан кейинги ўринда туради. Лекин БАА фуқаролари учун атиги 19 та давлат виза талаб қилади. Бу кўрсаткич бўйича Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг аксарияти (21-23) БААдан анча орқада.

Мазкур рейтингда Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон паспорти энг кучли деб топилган (54-ўринда). Бу мамлакат фуқаролик паспорти индекси 90 га тенг, 43 та давлат билан визасиз режим ўрнатилган, 47 та давлатга киришда виза олиш талаб этилади, 108 та давлат виза талаб қилади.

Кейинги – 67-ўринни Гамбия, Уганда, Қирғизистон ва Ҳиндистон билан бўлашган ҳолда, 73 балли индекс билан Ўзбекистон турибди. Юртимиз паспорти билан 30 та давлатга визасиз чиқсак бўлади, 43 та давлатга киришда виза олишимиз керак, 125 та давлатга эса виза олмасдан кира олмаймиз.

Қирғизистон паспорти эса барча параметрлар бўйича Ўзбекистон паспорти билан бир хил.

Тожикистон паспорти 69-ўринда бўлиб, мобиллик индекси бўйича 71 га тенг. Тожикистонликлар 27 та давлатга визасиз, 44 та давлатга киришда виза билан сафар қила олади, 127 та давлатга чиқиш учун виза олиши зарур.

77-ўринда турган Туркманистон паспорти минтақамиздаги энг кучсиз паспорт деб топилган. Бу давлат паспорт индекси 63 га тенг бўлиб, унинг соҳиби 18 та давлатга визасиз чиқиши мумкин.

Жаҳон паспортлари орасида энг “кучсизи” - 39-ўринда турган Сурия паспорти бўлиб, у билан атиги 9 мамлакатга визасиз чиқиш мумкин.

Гарчи Афғонистон паспорти умумий индекс бўйича Суриядан тепада турган бўлсада, афғонистонликларни фақатгина 7 та давлат визасиз мамлакатга киритади.

Қайд этиш керак, бирор давлатнинг паспорт индекси ушбу давлатдаги иқтисодий ва сиёсий барқарорлик, фаровонлик ва жаҳон давлатлари билан яхши муносабатлар ҳамда бошқа кўрсаткичларни ҳам билвосита ифода этиши мумкин.

 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+