Шавкат Мирзиёев Путин билан учрашув ўтказди

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари “Келажак ўйинлари” мусобақасининг очилиш маросимида иштирок этди.

Сиёсат
22 февраль, 9:34
Шавкат Мирзиёев Путин билан учрашув ўтказди

21 февраль куни Қозон шаҳрига амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Россия Президентини спортнинг анъанавий ва виртуал турларини ўзида мужассам этган “Келажак ўйинлари” биринчи халқаро мусобақаси ўтказилаётгани билан самимий қутлади.

Икки томонлама муносабатларнинг долзарб жиҳатлари, жумладан, ўтган йил 5-7 октябрь кунлари Москва шаҳрида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Етакчилар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.

2023 йилда бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари, ҳудудлар, таълим, тиббиёт форумлари, қатор бошқа ишбилармонлик ва маданият тадбирларининг самарали натижалари юксак баҳоланди.

Товар айирбошлашнинг ижобий суръати сақланиб қолмоқда. Саноат, энергетика, транспорт, кимё, фармацевтика ва бошқа тармоқлардаги лойиҳалар фаол босқичга кирган.

Ҳудудлар ўртасидаги кооперация алоқаларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Тошкент ва Жиззах вилоятларида "Химград" индустриал технопарклари муваффақиятли ишламоқда. Бухоро ва Навоий вилоятларида янги “Алабуга” ва “Мастер” инновация парклари барпо этилмоқда.

Давлат раҳбарлари транспорт йўлакларини биргаликда ривожлантириш, темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди, бўлажак халқаро тадбирлар режаси кўриб чиқилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳрида “Келажак ўйинлари” биринчи халқаро мультиспорт мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

“Қозон Экспо” халқаро кўргазмалар марказида бўлиб ўтган тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва бошқа хорижий меҳмонлар ҳам қатнашди.

Иштирокчилар эътиборига “Келажак ўйинлари” дастурига кирган спорт турлари ҳақида видеолавҳа ва театрлаштирилган саҳна кўриниши тақдим этилди.

Давлат раҳбари иштирокчиларга омад тилаб, 2026 йилги “Келажак ўйинлари”ни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.

Маросимдан сўнг олий мартабали меҳмонлар махсус кўргазма билан танишдилар. Виртуал макондаги беллашувлар ва анъанавий спортни ўзида мужассам этган “фижитал-спорт” концепцияси тўғрисида маълумот берилди.

Етакчилар киберспорт мусобақаларини, фижитал-футбол бўйича машғулотлар жараёнини кузатдилар, спортдаги янги йўналишнинг бугунги ривожи ва истиқболлари ҳақида ҳикоя қилувчи тасвирий санъат намуналари ва тақдимотлар билан танишдилар.

“Келажак ўйинлари” – беллашувлар бир вақтнинг ўзида спортнинг анъанавий турлари ва уларнинг рақамли муқобилларида ўтказиладиган юқори технологик мусобақадир. У жорий йилнинг 21 февраль кунидан 3 март кунига қадар давом этади.

Турнирда 100 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 300 та жамоа, шу жумладан Ўзбекистон вакиллари иштирок этмоқда. Юртдошларимиз фижитал-хоккей, виртуал велопойга, спорт дастурлаш каби йўналишларда куч синашади.

Шу билан Шавкат Мирзиёевнинг Қозон шаҳрига амалий ташрифи доирасидаги тадбирлар якунига етди. Давлат раҳбари Тошкентга жўнаб кетди. 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+