Рус шовинистларининг ахборот ҳуружлари ортида нима бор?

Бугун 21 феврал, Халқаро она тили куни. 

Жамият
21 февраль, 20:00
Рус шовинистларининг ахборот ҳуружлари ортида нима бор?

Халқаро она тили куни 1999 йил ноябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНEСКО) Бош конференцияси томонидан эълон қилинган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 2002 йилги резолюцияда ушбу куннинг эълон қилинишини олқишлашди.

2007 йил 16 майда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ўзининг резолюциясида аъзо давлатларни "дунё халқлари фойдаланадиган барча тилларни сақлаш ва ҳимоя қилишга кўмаклашиш"га чақирди. Худди шу резолюция билан Бош Ассамблея 2008 йилни Халқаро Тиллар йили деб эълон қилди, бу кўп тиллилик ва мультикултурализм орқали хилма-хиллик ва халқаро ҳамжиҳатликда бирдамликни таъминлаш этиб тайинлади.

Дунёда 7000 дан ортиқ тиллар мавжуд бўлиб, уларнинг ярмига яқини йўқ бўлиб кетиш хавфи остида. Бу турли омиллар - глобаллашув, аҳоли миграцияси, сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар билан боғлиқ. Халқаро она тили куни тил хилма-хиллигини сақлаш муаммосига эътиборни қаратиш ҳамда она тилини ўрганиш ва асраб-авайлаш муҳимлигини таъкидлашга қаратилган.

Тан олиш керак, йилдан йилга она тилимиз (давлат тили!) ривожи ҳақида қайғурадиганлар, унинг қамровини кенгайтиришга хизмат қилаётганлар кўпаяпти. Аммо бу билан муаммони ҳал қилдик дея олмаймиз. Кўпчилик давлат ҳужжатлари ҳали ҳамон рус тилида юритиляпти, пойтахт мактабларида ўзбек тилидан кўпроқ рус тили ўқитилиши, кўчада русийзабон ўзбекларнинг ўз тилини билмаслигидан уялмаётганига ҳам гувоҳ бўламиз. Бу факторлар бора бора она тилимизнинг йўқолиб кетишига олиб келмаслиги учун ҳаракат қилиш керак. Хусусан, шу мавзуда яқинда Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси раҳбари ва ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа YouTube даги “Альтер Эго” лойиҳаси, Киро Алтманга интервю бериб, унда ўзи яшаётган мамлакат тилини билмайдиганлар “босқинчи ёки аҳмоқ” бўлишини айтганди. Интервюда бошқа кўплаб фикрлар ҳам айтилган, лекин айнан тил билан боғлиқ қисмлари кенг муҳокама бўлди.

Ҳаттоки Россиянинг шовинистик пропагандачиларидан бири, “Россотрудничество” ташкилот раҳбари Евгений Примаков Шерзодхон Қудратхўжа билан ҳар қандай мулоқот ва алоқаларни тўхтатганини эълон қилди. 

“Ишончим комилки, жаноб Қудратхўжа нафақат ўзи, балки яқинлари ҳам Россияда ўқиш, у билан фойдали бизнес юритиш, стажировкада қатнашиш ва бошқа имкониятларни қўлга кирита олмаса, ҳатто ўзи ёқтирмайдиган давлатга шунчаки ташриф буюра олмаса ҳам, хафа бўлмайди”, — деб ёзган Евгений Примаков.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Шерзодхон Қудратхўжанинг Ўзбекистонда яшаб туриб, ўзбек тилини билмайдиган инсонлар ҳақида айтган гапи учун Ўзбекистон элчисини чақиртирибди. 

Элчимизни таклиф қилишмаган, балки чақиришган. Бутун бошли “Ўзбекистонни босиб олайлик” дейилган гапдан кейин бизнинг ТИВ Россия элчисини таклиф қилган эди. Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, яқинда рус теле бошловчиси Тина Канделаки Қозоғистондаги поезд станцияларининг русча номини қозоқ тилидаги номга алмаштиришганига нисбатан норози бўлгани ва ҳаттоки қозоқ жамоатчилигини манқуртга чиқаргани туфайли ҳукумат унга Қозоғистонга киришни тақиқлаб қўйди.

Россия ТИВнинг фикрига кўра, Шерзодхон Қудратхўжанинг кескин сўзлари икки томонлама дўстона муносабатларга зарар етказиши мумкин эканини айтган. Рус пропагандаси Шерзодхон Қудратхўжанинг гапларига 1 кун ўтмасданоқ жавоб қайтаришди, ваҳолангки у ерда Россияга қарши бирор гап йўқ эди. Улар Ўзбекистон ТИВдан шу ҳолат бўйича изоҳ талаб қилишган.

Аммо Ўзбекистонда яшайдиганлардан ўзбек тилини ҳурмат қилишни сўраш, қандай қилиб Ўзбекистон-Россия алоқаларига зид бўлиши мумкин?

“Ўзбек, қозоқ ва озарбайжонлар ҳеч қачон мавжуд бўлмаган?”

Жорий йил 22-январда Россиянинг НТВ телеканалида “Учрашув жойи” дастурида тарихчи, империячи ва ашаддий монархиячи Михаил Смолин билан Россия Федерацияси Давлат думаси минтақавий сиёсат қўмитаси раиси ўринбосари, коммунист Михаил Матвеев ўртасида баҳслар бўлди. Михаил Смолин “Владимир Лениннинг тартибсиз равишда миллий республикаларни тузганлиги, унинг натижасида “унитар Россия империяси” инқирозга юз тутгани, постсовет ҳудуди муаммолар остида қолгани” ҳақида сўзлади. Унинг фикрича, “ўзбек, қозоқ ва озарбайжонлар ҳеч қачон мавжуд бўлмаган, инқилобдан кейин Лениннинг паноҳида волюнтаристик тарзда хариталарни ўзгартиришлар бошланди, РСФСР парчаланди, ундан миллатлар ясалди”.

Смолиннинг ашаддий миллатчи-шовинист эканлигини истилочи ва босқинчи Михаил Скобелев тўғрисидаги фикридан ҳам билса бўлади: “1868 йилда Скобелев Туркистонга сафарбар қилинганидан кейин рус армияси инглизлар кўз ташлаб турган Ўрта Осиёни забт этди... 1873 йилда ёш Скобелев Хивага юришларда битта жангда етти марта жароҳат олса ҳам жангдан чиқмасдан кўзга ташланди. 1875-1876 йиллардаги Қўқонга юришларда оз сонли рус отряди билан кўпмингли лашкар устидан ғалаба қозонди. Генерал майор унвонини олишга эришиб, Фарғона шаҳрига асос солди, Фарғона вилоятини бошқарди”. Ундан ташқари бу империячи-монархист Смолиннинг миллатлар тарихига ҳурматсизлиги, босқинчилик ва тоталитар сиёсат даврини қўмсаб ўтиришининг ўзи унинг қандай мафкура асосида яшаётганини яққол кўрсатиб беради. 

Маълумот ўрнида, Скобелев - рус генерали, ашаддий шовинист ва мустамлакачи. У Туркистондаги туб халқларга паст назар билан қараган. Унинг империя манфаатлари йўлида ўзбек халқи учун қилган золимликлари беҳисоб. Скобелев тарихий шахс ва босқинчи саркарда сифатида ўзбек халқининг ашаддий душмани эканига шубҳа йўқ, албатта. 

Чор Россиясининг миллатни йўқ қилишдаги тарғиботлари

Мустамлакачилар Туркистонннинг нафақат моддий бойликларига тажовузона муносабатда бўлмай, балки унинг асрий тарихий-маданий ва маънавий илмий қимматига молик нодир бойликларини ҳам талон-тарож қилдилар ва Россияга тинимсиз олиб кетишни йўлга қўйганлар. Уларнинг кўпчилиги жаҳон аҳамиятига эга бўлган тарихий санъат асарлари эди. Натижада халқларни минг асрлик тарихий ёдгорликларидан, маънавий хазинасидан ажратиб қўйдилар. Ушбу ишларни режали ташкил этиш учун мустамлакачилар қатор илмий жамият ва муассасалар ташкил қилдилар. Масалан, 1870 йилда ташкил этилган кутубхона нодир тарихий-бадиий, илмий асарларни жамлаб жўнатса, 1876 йилда Тошкентда очилган музей тарихий осору-атиқалар, маданиятга оид ноёб дурдоналарни, тангалардан тортиб санъат буюмларига қадар мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетилган.

Умумий айтганда, чор Россиясининг Марказий Осиёни босиб олиши ва шу ҳудудда узоқ йиллар давомида мустамлакачилик сиёсатини юргизиши халқлар ҳаётига катта салбий кўрсатди. Мустақилликдан маҳрум бўлган халқнинг бутун турмуши ағдар-тўнтар қилиб юборилди, иқтисодиёт бир томонлама ривожланди, ерли халқларнинг урф-одатлари, тили, маданий негизлари зўравонлик билан топталди.

Мустамлакачилар ўзларининг биринчи рус-тузем мактабини 1884-йилда Тошкентда очди ва 1891-йилга келиб уларнинг сони 89 тага етди. Рус маъмурияти мазкур мактабларда вакиллардан таржимонлар ва умуман айтганда ўзларига содиқ хизматкорларни тайёрлашни режалаштирган эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий уларни "рус-тузем мактабларида ўқиганларни тугун хиёли ҳам ҳисобланадурлар. Улар фақат русча чаласавод кишилардир" – дея таътифлаган эди. Россия мустамлакачилари Туркистон аҳолисини тобелик, итоатгўйлик муҳитида тарбиялаш, миллий қадриятларни ривожлантирадиган маънавият ўчоқларини аста-секинлик билан сиқиб чиқариш, миллий анъаналарига лоқайд, ўзлигини англашга қодир бўлмаган, манқуртсифат қуллар тайёрлашга қаратилган эди. Бироқ ўлканинг маърифатпарварлари, айниқса, жадидлар, бу мақсадларга қраши жим турмадилар, эски бошланғич мактаблар ва мадрасаларга дунёвий фанлар киритилди, янги усул мактаблари очилди. 

Фаоллар томонидан бир неча марта мустамлакачиларга қарши қўзғолонлар уюштирилган. Хусусан, 1898 йил 17  майдаги “Дукчи Эшон қўзғолони” бошчиси Мадали эшондан судда, чор маъмурлари қўзғолон бошлиғи: “Нега халқни қўзғолонга кўтардинг?” деб сўраганида у, Россия Туркистонни босиб олиганидан сўнг бу ерда ахлоқсизлик, фохишабозлик, ҳар хил ўйинлар, ароқхўрлик кенг авж олиб кетганлиги, умуман миллий урф-одатлар оёқ ости қилинганлиги, бундай ахлоқсизлик пайтида Маккага хажга боришни таъқиқланиши, халқ ўртасида маънавий тушкунликни янада авж олиб кетишига сабаб бўлганлиги, Озод Туркистоннинг озодлиги йўқ қилинганлиги каби сабаблар уни халқни қўзғолонга кўтаришга олиб келганлигини айтди. Рус пропагандаси эса бу босқинларни Марказий Осиёга маданият олиб келганини айтишади. Аммо кўриниб турибдики, юқорида Мадали эшон санаб ўтган жирканчликлар ўзбекларда империядан анча олдин ривожланиб улгурган маданиятга фақатгина таҳдид бўлган холос.

Михаил Смолинга қайтсак, унинг тарих фанлари номзоди илмий даражасига эга бўла туриб “ўзбеклар, қозоқлар ва озарбайжонлар ҳеч қачон мавжуд бўлмаган”, қабилидаги очиқчасига туҳмати ҳар қандай одамни ҳайрон қолдиради. Ўзбек халқининг этимологияси шаклланиши икки минг йиллик тарихга эга экани ҳам аниқ далиллар асосида кўрсатилган. Хусусан, таниқли олим Шамсиддин Камолиддиннинг ёзишича “ХVI — ХIХ асрларда Ўзбекистоннинг барча аҳолиси унинг келиб чиқишидан қатъи назар, “ўзбек” деб аталган. Ваҳоланки, ўша даврда Ўзбекистонда турли хил халқлар ва қабилалар, шу жумладан, уйғур, қозоқ, қирғиз, қипчоқ, туркман ва қорақалпоқлар яшаган. Уларнинг ҳаммаси ўзларини ўзбек деб ҳисоблаганлар. Ўзбеклар ҳеч қачон ўзларининг номини бошқаларга беришга ҳаракат қилмаганлар. Аксинча, бошқа халқлар ўзларини “ўзбек” деб кўрсатишга интилганлар, чунки ўша даврда “ўзбек” бўлиш шарафли ҳисобланар эди. Албатта, бу фактлар билан Смолиннинг гаплари хато эканини исботлашдан йироқмиз, бунга ҳожат ҳам йўқ, чунки тарихдан озгина хабари бор инсон бундай беъмани фаразни бутун омманинг қаршисига чиқиб олиб гапирмайди.

Лекин бошқа тарафдан рус шовинистларининг ахборот ҳуружлари энди бошлангани йўқ. 2023 йил 20 октабрда Михаил Делягин исмли рус депутати Ўзбекистон ўз фуқароларини Россиядан олиб кетишини таклиф қилиб, у мигрантлар Россия учун катта хавф эканини айтган. Шу йилнинг 16 ноябрида эса, яна бир депутат Петр Толстой рус тили давлат тили бўлмаган мамлакат фуқаролари бизнинг ижтимоий соҳаларда ишламаслиги керак деб чиққан эди.

“Чиндан ҳам шундай бўлса, яхши, албатта. Чунки ўтган йилнинг октябридан бошлаб Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳамда халқларига нисбатан турли иғволар ва ғийбатлар бошлангани, уларнинг муаллифлари, асосан, таниқли шахслардан иборат эканлиги кишини ўйлантиради. Қолаверса, буларнинг ҳаммаси йирик телеканаллар эфирлари орқали тарқатилмоқда. Гўёки, уларнинг орқасида қандайдир сиёсий гуруҳлар тургандек. Ҳар ҳолда миллатимизга нисбатан ҳар қандай таҳдидга ўз вақтида жавоб берилмаса, кеч бўлади, таҳдидлар ўзаро алоқаларнинг совишига сабаб бўлади” – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, сиёсий фанлар доктори Муқимжон Қирғизбоев.

Бу каби ҳолатлар шунчаки тасодиф эканлигига ишониш қийин. Тафаккур қила олган одам буларнинг барчаси нима учун кетма-кет содир бўлаётганини яхши билади. Чунки Украинага босқин ҳам айнан мана шу каби умумий тезислар асосида бошланган. Яъни узоқ йиллар шовинистик пропаганда машинаси томонидан Украинанинг давлатчилик тарихи йўқлиги, миллат сифатида мавжуд эмаслиги, Ленин яратган сунъий давлат эканлиги ҳақидаги чўпчаклар рус халқи онгига сингдирилган ва бугун бунинг оқибатини ҳаммамиз кўриб турибмиз.

“Украинадан кейин Ўзбекистонни босиб олишга ҳеч ким қаршилик қилолмайди!”

Россиялик сиёсатчи, ёзувчи Захар Прилепин 2023-йил 20-декабрь куни Москвада ўзининг “қўмондонлар кенгаши” фаолияти юзасидан ўтказган матбуот анжуманида собиқ ССРга тегишли бўлган барча ҳудудларни тиклаш ва унинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифи билан чиққан эди. Бу ҳарбий амалдор Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш, у ерда рус тилини ўргатиш кераклиги ҳақида “2 млн одами бизда ишлаяптими, демак, бизда уларнинг ерини босиб олишга ҳаққимиз бор”, деб даъво қилган. Бу фикрни залдаги бошқа руслар ҳам гулдурос қарсак чалиб тасдиқлашган. Кўринадики, аксарият рус амалдорларининг асл кўнглидаги хоҳиши деярли бир хил.

Прилепин руслар Киевда ғалаба қозониб, парад ўтказганидан сўнг Ўзбекистон каби давлатларни бемалол босиб олишига ҳеч ким қаршилик қила олмаслигини таъкидлаган.

Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи мамлакатимизда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилинди. 2023 йил 21 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига Россия Федерациясининг Республикадаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Олег Малгинов таклиф этилди.

Бунга жавобан Россия бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига мос келмаслигини ва бу Прилепиннинг ўта субъектив фикри эканини маълум қилинди. 

Аммо, Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш ЖК 159-моддаси билан сиртдан жиноят иши қўзғатиш керак эди. Жиноят-процессуал кодексининг 322-моддасига кўра, оммавий ахборот воситалари берган хабарлар жиноят ишини қўзғатиш учун сабаб бўла олади. Бошқача айтганда, Ўзбекистон мустақиллигини шубҳа остига қўядиган ҳар қандай тарғиботга аёвсиз чора кўрилиши керак. 
  
Гулноза Қодирова тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+