ЖССТ саратонга оид хавотирли маълумотни эълон қилди
Унга кўра, 2050 йилга бориб онкологик касалликлар билан боғлиқ вазият оғирлашади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё бўйлаб саратон касаллигининг кескин кўпайишидан огоҳлантирди. Янги саратон касалликлари сони 2022 йилда йилига 20 миллиондан 2050 йилгача 35 миллионга кўпайиши кутилмоқда.
Ушбу маълумотлар ташкилот таркибига кирувчи Саратон тадқиқотлари бўйича халқаро агентлик томонидан эълон қилинди.
Таъкидланишича, саратон касаллигининг кўпайиши нотекис ва кам таъминланган гуруҳларга номутаносиб таъсир кўрсатади. 2022 йилда 20 миллион янги саратон касаллиги ва 9,7 миллион ўлим қайд этилган. Бироқ, ташхисдан кейин беш йилгача яшаганлар сони 53,5 миллионни ташкил этди. Тахминан ҳар беш кишидан бири ҳаёти давомида саратон касаллигига чалинади ва ҳар тўққизта эркак ва ҳар ўн икки аёлдан бири бу касалликдан вафот этади.
Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб саратон касаллигининг янги ҳолатлари сони 35 миллиондан ошади, бу 2022 йилга нисбатан 77 фоизга кўп. ЖССТ саратон касаллигининг кўпайиши аҳолининг қариши ва ўсиши, шунингдек, одамларнинг хавф омиллари таъсирининг ўзгариши билан боғлиқлигини таъкидлади. Тамаки, алкогол, семириб кетиш ва ҳавонинг ифлосланиши касалланишнинг кўпайишининг асосий омиллари сифатида белгиланган.
Янги саратон ҳолатларининг учдан икки қисми хасталикнинг 10 турида учрайди. 2022 йилда ўпка саратони дунё бўйлаб энг кенг тарқалган саратон бўлди (2,5 миллион ёки барча янги ҳолатларнинг 12,4 фоизи). Иккинчи ўринда аёлларда кўкрак бези саратони (2,3 миллион ҳолат, 11,6 фоиз), учинчи ўринда йўғон ичак саратони (1,9 миллион, 9,6 фоиз) қайд этилган.
Шунингдек, саратоннинг энг кенг тарқалган турлари орасида простата саратони (1,5 миллион, 7,3%), ошқозон саратони (970 минг, 4,9%) мавжуд.
Шу билан бирга, ўпка саратони ўлимнинг энг кенг тарқалган сабаби - 1,8 миллион ўлим (18,7%), колоректал саратон - 900 минг (9,3%). Шунингдек, энг кўп ўлимга олиб келувчи касаллик турлари: жигар саратони (760 минг, 7,8%), кўкрак саратони (670 минг, 6,9%) ва ошқозон саратони (660 минг, 6,8%).
2022 йилда аёлларда энг кўп ташхис қўйилган саратон ва ўлимнинг асосий сабаби кўкрак саратони, эркакларда эса ўпка саратони бўлиб чиқди.