Бугун суғур куни

Киноси билан машҳур бўлиб кетган бу кун аслида қандай тарихга эга?

Жаҳон
2 февраль, 10:15
Бугун суғур куни

АҚШ ва Канадада суғур куни, “Groundhog Day” (2 феврал) суғурнинг уясидан чиқиб, баҳор келишидаги об-ҳавони башорат қилишидир. Бу феврал ойининг боши, қишки куннинг деярли ярмига тўғри келади ва баҳорги тенгкунлик даври кўплаб маданиятларда йилнинг муҳим вақти бўлиб келган. Масалан, қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг кўпайиши ва экин экиш арафасида кузатилган даври бўлган.

Ўрта асрларда бўрсиқ ва айиқ каби ҳайвонлар қиш уйқусини тўхтатиб, шу куни уйғонади, деган ишонч пайдо бўлган. Агар кун қуёшли бўлса ва ҳайвон ўз соясини кўрса, яна олти ҳафта қишки об-ҳаво сақланиб туради, яъни ҳаво бироз совуқ бўлиши кутилади. Аммо, агар кун булутли бўлса, бу кейинги ҳафталарда ҳаво юмшоқ бўлиб, баҳорнинг эрта келишидан далолат беради. 

Канадада об-ҳаво прогнозчиси бўлиб хизмат қиладиган бир қатор суғурлар ҳам бор экан! Суғурларга ном ҳам беришган, айримларининг фотосуралари ва исмлари аҳоли орасида анча машҳур.

Бу анъана илк бор  маданият ўчоғи бўлган Қадимги Римда пайдо бўлган. Лекин улар об-ҳавонинг кейинги ҳолатини билиш учун суғурдан эмас типратикандан фойдаланишган. Кейинчалик бу удум немисларга кириб келган: улар бу ишни бўрсиқ билан амалга оширишган ва ҳайвонларни феврал ойида эмас мартда кузатишган. Кейинчалик немис муҳожирлари орқали бу анъана АҚШга ҳам кириб келган.  

Суғур куни АҚШда биринчи марта 1841 йили ўтказилган. 1887 йилга келиб бу кун Американинг расмий байрами сифатида тан олинган. Улар Фил лақабли суғурни “буюк Фил”, “даҳоларнинг даҳоси”, “башоратчиларнинг башоратчиси” деб аташади. Панксатон шаҳарчасини эса “Дунё об-ҳаво маркази” деб номлашган. 

Ҳар йили 2 феврал куни минглаб томошабинлар эрта тонгдан Панксатон шаҳрига йиғилиб, суғурнинг сояси пайдо бўлиш-бўлмаслигини кутишади. Албатта бу куни байрам саҳналаштирилади ва суғур тонгда инидан чиқиб, ўз башоратини маълум қилади. Бу байрам бутун Қўшма штатлар бўйлаб кўтаринки кайфиятда фестивал қилиб ўткизилади.

Нега 2 феврал?

Албатта шунчаки 2 феврал санасини танлашмаган, бу кунда Қуёшнинг қишки вақт ва баҳорги тенгкунлик ўртасидан ўтиш даври юз беради. Ҳатто қадимги даврда ҳам кўплаб халқлар бу кунга алоҳида урғу беришган. Ундан ташқари, Христианлар байрами - Шамлар куни анъанавий равишда 2 февралда нишонланган. Ўша куни масиҳийлар қишнинг қолган қисмида уй хўжаликларига омад олиб келсин деб шамларини черковга олиб кетишган. Кун санаси ўзгармайди, аммо суғурнинг соат нечида чиқишини АҚШ метеоролог олимлар олдиндан белгилаб қўйишади. Бу йил суғур чиқиши вақтини соат 7:20 деб эълон қилишди.

“Суғур куни” филми

Билл Мюррей иштирокида 1993 йили ишлаб чиқилган режиссор Ҳаролд Рамиснинг “Суғур куни” филми ҳаммамизга таниш бўлса керак. Айнан шу филм туфайли америкаликларнинг бу анъанаси машҳур янада оммалашган. Суғур куни асосан Пенсилваниянинг ғарбий қисмидаги кичик шаҳарча – Панксатонда ўтказилади. Бу филмни олиш унчалик ҳам осон бўлмаган. Сёмка учун Панксатон шаҳридаги бир нечта суғур сараланган, уларнинг орасидан танланганларидан бири суратга олиш пайтида актёрни тишлаб олади. Ундан ташқари, бу филм март ойининг ўрталарида тасвирга туширилиши бошланган, аммо сюжетга кўра воқеалар февралнинг бошини акс эттириши керак эди. Шу сабаб билан сунъий қорлардан фойдаланишга тўғри келган.

Филм сценарийсига кўра кунларнинг бирида Билл чалинган будилникни синдириб, чилпарчин қилишига тўғри келган, аммо соат улар ўйлаганидан анча мустаҳкам бўлиб чиқиб, синмаган. Шундан сўнг улар ўзгартириш киритиб, болға билан уришга қарор қилишган. Аммо бу ҳам самарасини бермаган, болға билан синган соат жиринглаши тўхтамаган ва улар бу эпизодни бутунлай олиб ташлашган.

Кино шу қадар маҳорат билан ишланганки, бутун дунё халқлари суғур куни дейилганда шу филмни эслашади. Лекин моҳият баҳорги об-ҳаво ҳақида эмас. Ўзимиз ҳам тез-тез “суғур куни” иборасини ишлатиб турамиз. Қачонки ҳар кун бир хил, зерикарли ва мазмунсиз бўлганда у бизнинг суғур кунимизга айланади. Шундай экан, ҳаётингизни рангларга тўлдиринг ва яхши кайфият учун суғур кунини нишонлаш ҳам зарар қилмайди!

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+