Россия Украинадаги муҳим шаҳарчани эгаллаб олди
Ҳолат юзасидан Украина президенти Владимир Зеленский ҳам баёнот берган.
Россия қўшинлари Украинанинг Донецк вилоятида жойлашган Авдеевка шаҳрини тўлиқ эгаллаб олди.
Кремл хабарига кўра, Мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Владимир Путинга Авдеевка назоратга олингани ҳақида маълумот берган.
"Владимир Путин мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Авдеевканинг қўлга олиниши ҳақидаги ҳисоботини эшитди.
17 феврал куни генерал-полковник Андрей Мордвичев қўмондонлигидаги Россия Қуролли Кучлари қўшинларининг “Марказ” гуруҳи ДХР (халқаро миқёсда тан олинмаган)нинг Авдеевка шаҳрини тўлиқ назорат остига олди" дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Украина президенти Владимир Зеленский ҳам баёнот берган. Унинг айтишича, мамлакат қуролли кучлари аскарлар ҳаётини сақлаб қолиш ва қуршовга тушмаслик учун шаҳарни ташлаб чиқишга мажбур бўлган.
Шунингдек, Украина томони Россия ушбу ҳудудни эгаллашда 17 минг аскаридан айрилганини иддао қилмоқда. Россия томони ўз навбатида 2022 йил сентябрдан буён йўқотишлар ҳақида маълумот берганича йўқ.
Авдеевка Донецк вилоятидаги муҳим нуқта саналади. У марказий шаҳар Донецк яқинида жойлашган. Урушгача шаҳарда 30 мингдан ошиқ киши истиқомат қилган.
Аввалроқ Россия урушга 261 миллиард доллардан ошиқ маблағ сарфлагани хабар қилинганди.
Телеграмда кузатиб боринг!