Соловьёв ва Капарзо суҳбати

Россиялик Владимир Соловьёв ва ўзбекистонлик Ислом Капарзо ўртасидаги суҳбатни ўзбекча таржима билан беришга қарор қилдик

Жамият
16 февраль, 17:12
Соловьёв ва Капарзо суҳбати

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган видео аслида 2020 йилда олинган. Унда россиялик Владимир Соловьёв ва ўзбекистонлик Ислом Капарзо ўртасидаги суҳбатни кўриш мумкин. Биз уни таржимаси билан беришга қарор қилдик.


Соловёв:    Сиёсий арбоблардан қайси биридир “Хор Турецкого” (Турк хори - Россия халқ артисти Михаил Турецкий асос солган рус мусиқа жамоаси) мусиқа ижро этаётган пайтда қизил рангли ғалаба байроғи кўтаришганидан норози бўлиб жаҳли чиққан эмиш.

Копарзо: – Ҳа, ҳа, мутлақо тўғри. Тўғри “Хор Турецкого” ижроси пайтида бир неча киши байроқ кўтарганида 2 киши (ғазабланди), улардан бири Миллий тикланиш партияси раиси Алишер Кодиров бўлади. Бу ҳам камлик қилгандек, у парламент вице-спикери. Яъни у одам юқори сиёсий табақадаги одам. У “бу қизил байроқ ўз вақтида ўзбек зиёлилари қатламининг гултожлари қонига бўялган” деб айтди. Ва табиийки бу истилочилар байроғи деди. Менимча, у СССР байроғи билан ғалаба байроғининг фарқига бормаса керак, очиқ айтадиган бўлсак. Биласизми, шахсан менда бу воқеа қандайдир ғазаб туйғусини уйғотади. Чунки бу биласизми, қандай мамлакат бўлишидан қатъи назар, бу бизнинг оталаримиз, уларни танқид қила олмаймиз. Биз фақат уларни қабул қилиб, улардаги энг яхши нарсаларни олишимиз ва яхшироқ бўлишимиз мумкин. Ва мамлакатимиз ўша даврдан кўра яхшироқ бўлишига интилишимиз лозим. Лекин ҳозир бизда юз бераётган муносабат билан буни амалга ошириш жуда мушкул. Масалан, бизда диндорлик даражаси ошаётганига қарамасдан, чунки аслини олганда охирги 3 йилда яхши маънода исломийлашув портлаши содир бўлди. Жуда улкан миқдорда диндорлар пайдо бўлди. Лекин бу ҳам қандайдир маънавий бўшлиқ мавжудлигининг исботидир. Яъни СССР даврида яратилган бу бўшлиқ, яъни асос...

С: Яъни бу масалага талаб бор.

К: Албатта, жуда катта талаб бор. Шунга мувофиқ равишда...

С: Анави вице-спикер қайси партияга мансуб?

К: У “Миллий тикланиш” партиясининг вакили, у миллий қайта тикланиш партияси ҳисобланади. Биласизми, бизда Ислом Абдуғаниевич Каримов президентлигининг охирги даврларида яратилган партия тизими жуда ғалати. Гап шундаки, биздаги партиялар давлат сиёсатининг маълум бир йўналишларини акс эттиради. Масалан, “Миллий тикланиш” - миллий тикланиш; ЎзЛиДеп масалан, бизнес партияси, Экопартия – экология партияси. Мен 2021 йилдаги сайловлар ҳақида бир пост ёзгандим. Унда мен ҳозирги, амалдаги президентимиз – худо умрларини узун қилсин – бизни охиригача бошқаришини айтганман. Яъни бу сайловлар менга, шахсан мен учун сунъий хислатга эгадек кўринади. Чунки сиёсий партияларнинг ўзи реал сиёсий кураш олиб боришга мослаштирилмаган. Яъни улар...

С: Ҳалиги партия, жаноб Қодировнинг партияси, кимнинг пули ёрдамида фаолият юритади? Ҳомийси ким?

К: У давлат маблағлари асосида ишлайди. Албатта, аввало давлат пуллари, плюс, аъзолик бадаллари, эҳтимол ҳомийлик ёрдамлари бордир. Аниғини билмайман. Нима бўлганда ҳам бизда барча партиялар давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Хўш... шунинг учун, эҳтимол партияларнинг ва уларнинг етакчиларининг маълум бир қатлам билан ишлаш вазифаси бўлса керак..

С: Тушундим. Ўша жаноб Россия билан муносабатларга қаршими? Унинг сиёсий қарашлари қанчалик узоққа боради?

К: Ҳа. Лекин сизга яна бир ҳодисани мисол келтиришим мумкин. Шундай 2 та жиддий жиҳат борки, улар ижтимоий тармоқларда ҳам, постларда ҳам муҳокама қилинган. Бизда, алифбо билан боғлиқ катта муаммо бор эди. Гап шундаки, бизда аввал кирил алибфбоси бор эди, табиийки кейин лотин алифбосига ўтилди. Бир стандарт, кейин иккинчи стандарт ва оқибатда турк стандартига ўтдик. Яъни, туркий вариантга ўтдик, десак бўлади. Ва аслини олганда, алифбо бу катта авлод - 50-60 ёшдагилар учун жуда мураккаб. Бизда 2023 йилгача, яна ҳалиги арбобларнинг ташаббуси билан бутун ҳужжат юритишни лотин алифбосига ўтказиш фикри илгари сурилди. Ҳеч ким бунга қарши эмас. Мен ҳам шунинг тарафдориман. Айтяпманку, мен ўзбек тилини ҳурмат қиламан, севаман, ўзим ҳам асл ватанпарварман. Лекин гап шундаки, бу каби ишларда бундай кескин сакраш учун аввал нормал тилнинг адабий базани яратиш керак, интернет ресусрларни, техник базани яратиш керак, ёки тиббий (атамалар) базасини яратиш лозим. Бунда келажакда одамларнинг ҳаёти учун жавоб берувчи мутахассислар ҳам, сиз татбиқ этишга уринаётган тил ва шрифтда етарли адабиётларга эга бўлиши лозим, тушуняпсизми? Бизда эса “сакраб” амалга оширилади. Мана, биз шунга қарор қилдик, дейишади, лекин база йўқ-ку. Оқибатда эса, тўғри, ўтишимиз мумкин, лекин бунинг оқибатлари ҳалокатли бўлади. Бу эса, бошқа тарафдан...

С: Нега ўзи лотин алибосига ўтиш керак?

К: Менимча, бу ерда, биласизми, бу ҳам алоҳида пост учун мавзу. Гап шундаки, бизнинг раҳбариятимиз ҳамма соҳаларда, нафақат сиёсат ва иқтисодиётда, балки ҳамма нарса ва соҳаларда мултивектор режимида фаолият юритади. Яъни биз ҳамма билан дўстлашишга ҳаракат қиламиз. Умумий тил топишга интиламиз. Айтиш мумкинки, ҳаммага ёқишга ва ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Лекин нимаики қилмайлик, биз минтақавий давлатмиз. Ва ҳар қандай ҳолатда ҳам биз буюк давлатларнинг қандайдир кўринмас кураши учун майдонча бўламиз. Бу бор гап. Бу тарихий факт. Бу - ҳозир юз бераётган факт ва ҳоказо. Шахсан менинг фикрим шундайки, Туркиянинг таъсири ошмоқда. Чунки ўртамизда умумийлик ва ўхшашликлар кўп. Ҳозирги даврда...

С: Қодировнинг партиясини турклар боқадими?

К: Мен буни тасдиқлай олмайман. Бу ҳақда гапиришим қийин. Лекин шуни аниқ биламанки, у Туркиядаги ОЎВлардан бирида таҳсил олган. Лекин аниқ билмайман, бу ҳақда гапира олмайман. Аниқ айта олмайману, лекин мантиқий хулосаларимдан келиб чиққан ҳолда фақат тахмин қила оламан. Лекин гап шундаки, биласангиз керак, Қозоғистон ҳам лотин алифбосига ўтмоқда...

С: Албатта.

К: Мана шу Марказий Осиё давлатларининг ягона турк стандартлари йўлидан бораётганини кўрсатади...

С: Лекин сизларга Хитойнинг ҳам таъсири жуда кучли-ку. Тушунишимча бу ўта жиддий мавзу.

К: Албатта, жиддий мавзу. Хитой билан вазият қизиқ, лекин уларнинг кредитлаш ва қарзни қайтариб олиш тизими жуда шафқатсиз. Шунинг учун раҳбариятимиз қайсидир маънода буни тушунади, қўшни ва катта давлатларнинг мамлакатимиз сиёсати ва иқтисодиётига қандай таъсир қилишини инобатга олган ҳолда бу таъсирни тенг тақсимлашга интилади, деб умид қиламан. Чунки биламизки, бирор давлат, айтайлик, Қирғизистонга қарз бериш, аниқроғи кредит бериш ва уни қайтариб олишда кескин ва қаттиқ сиёсат юритилганига гувоҳ бўлганмиз. У ерда бу, аслида жиддий муаммо. Менимча давлатимиз ва ҳукуматимиз нега бундай бўлаётганини тўғри англайди, деб ўйлайман. Аслини олганда, сизнинг илк саволингизга – ҳозир Ўзбекистонда юз бераётган воқеаларга қайтадиган бўлсак, катта сакраш юз бермоқда. Жуда ката сўз эркинлиги берилмоқда. Ҳозир мени ҳақиқатан ҳам ташвишга соладиган мавзуларда сиз билан суҳбатлаша олаётганимдан ҳам буни билиб олишиингиз мумкин. Чунки, менимча, бу биз олган энг катта қиймат шу ҳисобланади. Суръатни ошириш йўлида жуда кўп бозор иқтисодиётига оид дастаклар яратилмоқда. Лекин танганинг бошқа томони ҳам бор. Масалан, бизда хорижий қарзимиз ва кредитларимиз миқдори ошиб бормоқда. Буларни эса ўзингиз ҳам тушунасиз, ҳеч ким бекорга бермайди...

С: Албатта.

К: Кейин албатта қандайдир талаблар қўйилади. Масалан, диний эркинликлар борасида ён беришлар ҳамда, бунинг устига, айтайлик нодавлат, ноҳукумат ташкилотлар фаолиятига эркинликлар бериш... Шу боис, барибир шундай нарсалар борки, ҳақиқатан ҳам мувозанатни ушлаб туриш жуда мушкул. Мен яна бир марта қайтараман....

С: Россиядан ажралиб қолмайсизлар, деб умид қиламан.

К: Ҳа, ҳа...

С: Мултивекторлик ўз йўлига-ю, лекин айримларнинг бу тушунча билан ўйнашаётганини кўряпмиз. Ўша Белоруссияни олсак ҳам, бу барибир кутилмаган оғир сиёсий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўриш мумкин. Ўзбекистон эса сиёсий жиҳатдан мураккаб вазиятда.

К: Ҳа, ҳа.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+