Ўзбекистон сайтларига киберҳужумлар кескин кўпайди

Киберҳужумларнинг энг кўпи Нидерландия ва АҚШдан амалга оширилган. 

Жамият
14 февраль, 18:00
Ўзбекистон сайтларига киберҳужумлар кескин кўпайди

Ўзбекистондаги веб-ресурсларга киберҳужумлар кескин ортди. 2023 йилда қайд этилган тармоқ ҳужумларининг интенсивлигида сезиларли ўсиш кузатилиб, 2022 йилга нисбатан мазкур кўрсаткич 148 фоизга ортган. 

Яъни бу борадаги кўрсаткич 4 млн 433,8 мингдан 11 млн 20,2 мингтага кўпайган.

Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази ҳисоботида маълум қилинди.

Расмий веб-ресурсларнинг ахборот ва киберхавфсизлик талаби бўйича 677 ресурсда умумий 1186 та заифлик аниқланди, шундан 1022 таси давлат ресурслари ҳиссасига тўғри келади. Киберхавфсизлик маркази мутахассислари 577 та заифликни бартараф этишга муваффақ бўлган. 

Бартараф этилмаганлари хусусида "Ўзкомназорат" билан ҳамкорлик қилинган, натижада 7 та веб-ресурснинг фаолияти вақтинча тўхтатилган. 

Аниқланган заифлик ва камчиликларни тузатиш асносида  25.7 миллион Ўзбекистон фуқаросининг маълумотлари сизиб чиқиши ва бошқа салбий ҳодисаларнинг олди олинди.  Шунингдек, 13 мингдан ошиқ банк карталари эгаларининг 3 миллиард сўмдан ошиқ пулларини бошқа ҳисобга йўналтириш билан боғлиқ операциялар тўхтатилди. 50 мингдан оши фойдаланувчининг шахсий кабинетига кириб, пул операцияларини амалга ошириш имкониятининг олди олинди. 

2023 йил давомида веб-ресурсларда жами 158 та киберхавфсизлик ҳодиса юзага келган, бу 2022 йилга қараганда 32 фоизга кам. 

2023 йилда амалга оширилган киберҳужумларнинг географик жиҳатдан тааллуқлилиги таҳлилига кўра, Нидерландия (759,5 мингта), АҚШ (696,6 мингта), Россия (100 мингта), Германия (58 мингта), Ҳиндистон (53 мингта) ва Хитой (51 мингта) ҳудудидаги IP-манзиллардан энг кўп киберҳужумлар уюштирилган.  Энг кўп киберҳужум тури SQL-инъекцияга тўғри келади ( 18,55 фоиз). 

Давлат веб-ресурслари умумий ҳисобда 1129 та носозлик вужудга келди (2022 йилга нисбатан 36 фоизга кўп). Носозликларни бартараф қилиш учун кетган вақт миқдори эса 22 660 соат 22 дақиқани ташкил қилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+