«Толибон»ни тан олиш: мажбуриятми ёки имконият?

Бу давлатларнинг ҳар бири Афғонистонда ўз мақсадларига эга. Бироқ барча учун умумий, муштарак мақсадлар ҳам бор.

Таҳлил
11 февраль, 11:36
«Толибон»ни тан олиш: мажбуриятми ёки имконият?

Истаймизми-йўқми, ёқадими-йўқми, лекин икки йил аввал бизга қўшни давлатда янги ҳуқуқий реаллик пайдо бўлди: Афғонистон давлати тепасига «Толибон» ҳукумати келди.

АҚШ ҳарбий контингенти Афғонистонни бутунлай тарк этганидан кейин, 2021 йилда 15 августда «Толибон» ҳукумати ҳокимиятни қурол кучи билан эгаллаб олди. Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, улар аввалги ҳукуматнинг сиёсий вориси эмаслиги, Афғонистон конституцияси ва қонунларига мувофиқ сайловлар ёки ҳокимият учун қонуний кураш натижасида давлат тепасига келмагани учун афғон ҳалқининг сиёсий иродасини ифода эта олмайди, яъни легитим эмас.

Ҳозиргача толиблар ҳукумати БМТга аъзо бирор давлат томонидан тан олинмаган. Халқаро ҳамжамият Афғонистон ислом республикасининг аввалги ҳукуматини легитим деб ҳисоблашда давом этмоқда.

Бунинг устига, бир қанча давлатларда, масалан, Россия, Туркия, Тожикистон, Қозоғистон (яқинда рўйхатдан чиқарди – муал.) ва Канадада «Толибон» ҳаракати террорчилик ташкилоти сифатида тан олиниб, тақиқланган.

“Толибон”ни тан олиш қандай йўлдан кетмоқда?

Умуман олганда, янги ташкил этилган давлат ёки ҳукуматни халқаро миқёсда тан олишнинг икки – конститутив ва декларатив назарияси мавжуд.

Конститутив назарияга кўра, давлат уни бошқа давлатлар тан олганидан кейингина халқаро ҳуқуқ субъектига айланади. Бироқ бу ҳозирги халқаро ҳуқуқ қоидаларига зид келади. Чунки давлат тан олинишидан аввал ҳам суверенитет тамойилидан келиб чиққан ҳолда барча ҳуқуқ ва мажбуриятлардан фойдаланади. Мазкур назария янги ташкил топган давлат тақдирини эски, мавжуд давлатларга қарам қилиб қўяди.

Декларатив назарияга кўра эса бирор янги давлатни тан олиш – унинг пайдо бўлганини қайд этади холос. Лекин бу янги давлатнниг халқаро ҳуқуқ субъектига айланишини англатмайди. Масалан, Америка давлатлари ташкилоти уставининг 12-моддасида «Давлатнинг сиёсий мавжудлиги унинг бошқа давлатлар томонидан тан олинишига боғлиқ эмас. Давлат ҳатто тан олинишига қадар ҳам ўз ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга» дейилган.

Масалан, Россия давлат пайдо бўлишининг қонунийлигини ҳисобга олган ҳолда ушбу назарияни тан олади. «Толибон»ни тан олиш жараёнлари, асосан, декларатив назарияга мос равишда давом этмоқда. Бироқ «Толибон» билан мулоқот ўрнатишда турли давлатлар ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда турлича сиёсат юритишмоқда.

Хитой

Хитой дунё давлатлари ичида «Толибон» билан энг кўп мулоқотга киришган, амалий алоқаларни бошлаб юборган давлатдир. «Толибон» Афғонистонни эгаллаган 2021 йилдаёқ, аниқроғи, июл ойида Хитойнинг Тянцзин шаҳрида «Толибон» ҳаракати делегацияси ва Хитой ташқи ишлар вазири Ван И ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Ўтказилган музокараларда Афғонистондаги тинчлик жараёнлари муҳокама қилинган. Хитой ҳукумати Афғонистоннинг ички ишларига аралашмагани ва бундан кейин ҳам аралашмаслигини таъкидлаган.

Шунингдек, Хитой ҳукумати Афғонистонда барқарорликни ўрнатишга кўмаклашиш, инвестиция киритиш ва фойдали қазилмаларни ўзлаштиришда техник ва молиявий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Фақат бунинг эвазига толибларга “кичик шарт” – Шарқий Туркистондаги уйғурлар масаласига аралашмаслик, улар билан боғлиқ фаолият ва ташкилотлар билан муносабатга киришмаслик талаби қўйилди. «Толибон» ҳукумати буни қабул қилди ва уйғурлар масаласи Хитойнинг ички иши экани ҳақида баёнот берди.

2023 йил 13 сентябрда эса ХХРнинг Қобулдаги янги элчиси Чжао Шэн толиблар бош вазири мулла Муҳаммад Ҳасан Охунга ишонч ёрлиғини топширди. У бу лавозимда икки йил хизмат қилган Ван Юэнинг ўрнига келди.

2024 йил бошида эса Пекин дунёда биринчи бўлиб, толибларнинг Хитойдаги элчисини аккредитация қилди. Афғонистоннинг Хитойдаги янги дипмиссиясига Билол Каримий раҳбарлик қиладиган бўлди: яқинда ХХР раиси Си Цзинпин ундан ишонч ёрлиғини қабул қилди.

Хитойнинг бундай қадамлари ортида сиёсий ва иқтисодий манфаатлар ётади, албатта. Аввало, Хитой Афғонистоннинг уйғур озодлик ҳаракати курашчилари учун база бўлмаслиги, толибларнинг геноциддан азоб чекаётган уйғурларни қўллаб-қувватлаб, Хитойга ортиқча бош оғриғи бўлмаслигини истайди. Иккинчидан эса Хитой бу мамлакатга инвестиция киритиш ва унинг ер ости бойликларини биргаликда ўзлаштириш орқали минтақада Хитойнинг сиёсий ва иқтисодий таъсирини кучайтиришни хоҳлайди.

Афғонистонда эса очилмаган табиий бойликлар бисёр: экспертларнинг баҳолашича, Афғонистондаги геологоразведка ўтказилган ҳудудларда аниқланган фойдали қазилмаларнинг умумий қиймати 1-3 трлн. долларга баҳоланган. Бироқ геологоразведка ишлари Афғонистоннинг фақат 30 фоиз ҳудудида ўтказилган холос.

Бундан ташқари, Хитой “Бир макон – бир йўл” лойиҳасини амалга ошириш, Хитой-Покистон иқтисодий йўлагини очиш учун ҳам Афғонистон билан яхши муносабатлар ўрнатишдан манфаатдор.

Тожикистон

Тожикистонда ҳамон «Толибон»га қадар бўлган ҳокимият тайинлаган дипломатик ваколатхона ҳамда элчи фаолият юритишда давом этяпти. Гарчи «Толибон» ҳукумати бир қанча давлатлар қаторида Тожикистонга ҳам элчи жўнатгани айтилса-да, Душанбе уни қабул қилмаган.

«Толибон» ҳукумат тепасига келган 2021 йилдаёқ бу икки давлат ўзаро таҳдидлар алмашган, ҳатто «Толибон» Тожикистонни бир ҳафта босиб олиши мумкинлиги айтиб, дағдаға қилганди.

Бундан ташқари, расмий Душанбе Толибларнинг Афғонистондаги этник тожикларга муносабатидан ҳам норози.

Бироқ Тожикистон барибир толибларни тан олишга мажбур бўлиши мумкин. Бунинг учун 5 та сабаб бор:

  1. Хитойнинг босими.

Юқорида айтилганидек, Хитой Афғонистонга қизиқиш билан қарамоқда. Толиблар ҳам Хитойни ўзларининг энг асосий ҳамкорлари деб атаб, унинг деярли барча лойиҳалари, жумладан, “Бир макон – бир йўл” лойиҳасига содиқликларини изҳор этиб, “катта оғларига” ёқишга уринмоқда.

Бундай шароитда, Хитой ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун ундан катта миқдорда қарздорга айланган Тожикистонга, қолаверса, Қозоғистон ва Қирғизистонга ҳам «Толибон»ларни “кўкрагидан итармасликни” тавсия қилиши мумкин.

Чунки бу давлатлар толиблар билан алоқа ўрнатишмаса, Афғонистонга савдо йўллари очилмаса, Хитой кредитлаш ҳажмини камайтиришга “мажбур” бўлиши ҳақида ишора қилиши етарли.

  1. Электр қуввати экспорти.

Тожикистон ўзида ГЭслар қуришга катта маблағ ва куч сарфлади, кредитлар олди ва яна олишга мажбур. Душанбенинг CASA-1000 лойиҳаси – Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Покистон электр тармоқларини улаб, Жанубий Осиёга барқарор электр токи экспорт қилишга қаратилган лойиҳа рўёбга чиқиши учун Афғонистонда барқарорлик ва унинг ҳукумати билан яхши муносабатлар ўрнатилиши талаб этилади.

  1. Қўшнилар ибрати.

Толиблар нафақат Хитой, балки яқин қўшнилари, жумладан, Ўзбекистон билан ҳам муносабатларни яхшилашга уринмоқда. Ўзбекистон толиблар билан конструктив диалогни ривожлантиришга тайёрлигини изҳор қилган.

Шунингдек, «Толибон» вакили Муҳаммад Суҳайл Шаҳин Ўзбекистондан Афғонистонга электр тармоқларини тортиш ҳамда Тошкент-Термиз темир йўлини Афғонистоннинг Мозори-Шариф ва Қобул шаҳарлари орқали Покистонинг Пешавор шаҳригача давом эттиришга қизиқиш билдирмоқда. Бундай алоқалар яқин қўшниларига фойда келтираётганини кўрган Тожикистон ҳам фойдадан қуруқ қолмаслик учун «Толибон» билан алоқаларни мустаҳкамлашга мажбур бўлиши мумкин.

  1. Инклюзив ҳукумат.

Тожикистон ҳам, Ўзбекистон ҳам Афғонистонда тарихан яшаб келаётган этник тожиклар ва ўзбекларга муносабатга жуда сезгир. Уларнинг янги ҳукумат таркибига киришлари, четга суриб қўйилмаслиги ва ҳуқуқлари таъминланишидан манфаатдор. Агар «Толибон» номига ва кўринишга бўлса ҳам 2-3 ўзбек ва тожикни ҳукумат таркибига киритса, Тожикистон буни толиблар билан муносабатлар ўрнатиш учун сиёсий асос сифатида қабул қилиши мумкин.

  1. Халқаро консенсус.

Хитой, AҚШ ва Россия каби халқаро майдондаги бир қанча таниқли ўйинчилар тан олмаган тақдирда ҳам, Покистон, Саудия Aрабистони ва Қатар давлатлари Aфғонистон Ислом Aмирлигини расман тан олишса, бу муҳим прецедент бўлади. Вақт ўтиши билан, бошқа давлатлар уларга эргашиши мумкин, айниқса, бу эътироф қисман араб нефт долларлари ёки Исломобод маблағлари билан таъминланса!

“Учинчи” дунёнинг беш ёки олти давлати «Толибон» билан тўғридан-тўғри дипломатик алоқалар ўрнатишга рози бўлиши ҳам у ёки бу даражада барқарор халқаро муносабатлар ўрнатиш ҳақида гапиришга асос бўлади. G20’нинг икки ёки уч аъзосининг (Саудия Aрабистонидан ташқари) тан олиши эса «Толибон» ҳокимиятининг легитимлик касб этгани ҳақида гапиришга имкон беради.

Ташқаридан бундай маъқуллаш, айниқса уни Марказий Осиёдаги ҳамкорларидан бири қўллаб-қувватлаши расмий Душанбени ўз позициясини қайта кўриб чиқишга ундаши мумкин.

Кези келганда қайд этиш жоиз, 2022 йилда Афғонистон билан товар айланмаси ҳажмини 2021 йилга нисбатан 2 баравар оширди. Асосий экспорт маҳсулоти – электроэнергия бўлиб, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам Афғонистонга шу маҳсулотни экспорт қилмоқда.

Россия

Россияда «Толибон» фаолияти Олий суд қарори билан тақиқланган. Шу боис, 2009-2020 йиллар давомида «Толибон» билан алоқаларда гумонланиб, бир неча одамларга қарши жиноят ишлари ҳам очилган.

Бироқ мазкур тақиқ Кремлнинг «Толибон» ҳукумати вакиллари билан Россия ҳудудида бир неча бор расмий мулоқотлар уюштиришига тўғаноқ бўлмаган.

Масалан, 2018 йилда, ҳали «Толибон» Афғонистонда шунчаки исёнчи ва жангари гуруҳ сифатида фаолият юритаётган пайтда, Россияда ёпиқ эшиклар ортида (тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирокида) «Толибон» вакиллари билан музокаралар ўтказилган.

2019 йил феврал ойида афғон делегацияси Москвадаги форумда қатнашди. Шу йилнинг май ойида эса Россия ва Афғонистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 100 йилли муносабати Сергей Лавров толибларни ошкора қабул қилди.

Россия ТИВнинг расмий позициясига кўра, руслар фақат 2 ҳолатда – Россия фуқароларининг ҳаёти ва саломатлигига таҳдид туғилган вазиятда ҳамда Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш борасидаги музокараларни давом эттириш мақсадида толиблар билан муносабатга киришади.

Бироқ қизиқ жиҳати шундаки, 2021 йил ёзида, АҚШ ва НАТО кучлари Афғонистоннни тарк этганидан кейин Россия ҳукумати ўз фуқароларини Кобулдан эвакуация қилишга унчалик шошилгани йўқ. Ҳатто толибон жангарилари Россия элчихонасини қўриқлашган.

Кўпчилик экспертларнинг айтишича, Россия минтақа хавфсизлиги ва наркотрафик устидан назоратни йўқотмаслик, қолаверса, АҚШ ва Ғарб тарк этган ҳудудларда ўз таъсири ва мавқесини мустаҳкамлаш учун Афғонистоннинг де-факто янги хўжайини бўлган толиблар билан мулоқотлардан манфаатдор.

Қозоғистон

Қозоғистонда ҳам «Толибон» ҳаракати тақиқланган ташкилотлар рўйхатида эди. Бироқ ўтган йилнинг декабр ойида Қозоғистон ҳукумати уни мазкур рўйхатдан чиқаришга қарор қилди.

Айни пайтда «Толибон» ва Қозоғистон ўртасида ҳам муносабатларнинг ривожлана бошлаганини кўриш мумкин.

Бу, аввало, Афғонистон гуманитар инқироз остонасида тургани – мамлакатдаги 20 миллион аҳолига очлик хавф солаётгани билан боғлиқ. Ғарб ва халқаро ташкилотлар Қозоғистоннинг Афғонистонга буғдой, ун ва бошқа зарур маҳсулотларни экспорт қилишини истайди. Қолаверса, БМТ Хавфсизлик кенгашининг уч доимий аъзоси – АҚШ, Франция ва Буюк Британия бундай алоқаларни қўллаб-қувватлайди. Чунки Ғарб ҳам Афғонистонда тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик ўрнатилишидан манфаатдор. Акс ҳолда қочқин афғонлар кўпайиши ва яна Европани “қамал” қилиши мумкин.

Қолаверса, Покистон денгиз портлари ва Марказий Осиёни логистик боғлаш, наркотрафик ва наркосаноатга қарши кураш масалаларида ҳам «Толибон» билан яхши муносабатлар ўрнатиш самарали истқиболга эга.

Қолаверса, Aфғонистоннинг янги маъмурияти ўз дипломатларини Қозоғистондаги аккредитациядан ўтказиш учун керакли ҳужжатларни аллақачон жўнатган.

Энг асосий нуқта – «Толибон» келганидан сўнг Қозоғистон ва Aфғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб икки баробар ошиб, 987,9 миллион долларга етганидир. Таққослаш учун, бу, масалан, қўшни Қирғизистон билан ўтган йили қарийб 1,1 миллиард долларни ташкил этган товар айирбошлашдан бир оз камроқ, лекин айни пайтда Қозоғистоннинг бошқа барқарор ҳамкорлари билан солиштирганда кўпроқ. Масалан, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2022 йилда қарийб 500 миллион долларни ташкил этган.

Бундан ташқари, Остона шаҳрида бўлиб ўтган бизнес-форумда таъкидланганидек, келгусида Қозоғистон ва Aфғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, савдо айланмасини ошириш учун Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида Қозоғистон савдо уйини очишни режалаштирилмоқда.

Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, Қозоғистон ва Aфғонистон ўртасидаги ўзаро савдодаги бу ўсиш «Толибон» ҳаракати ҳамон AҚШ молия вазирлиги санкциялари остида қолаётган бир шароитда рўй бермоқда. Aммо 2022 йилдан бери Вашингтон Қозоғистонни Россияга қарши санкцияларни бузмасликка чақириб келган бўлса-да, «Толибон» билан муносабатларда санкциялар бузилиши ҳақида огоҳлантирувчи муждалар йўлламади.

Бу, АҚШ ва Европа Иттифоқининг стратегик мақсади – Марказий Осиё давлатларининг Россияга иқтисодий ва транспорт қарамлигини камайтиришга уриниш, Россияни четлаб ўтувчи янги бозорлар ва янги транспорт йўналишларини яратишдан манфаатдорлиги билан ҳам боғлиқ.

Ўзбекистон

Ўзбекистон, юқорида айтиб ўтилганидек, Покистон ва Эрон денгиз бандаргоҳларига чиқиш, барқарор ва хавфсиз темир йўл ва автомобил йўналишларини яратиш, турли маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш йўлида «Толибон» билан яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатишга интилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро терроризм ва наркотрафикка қарши кураш, чегаралар хавфсизлигини таъминлаш учун ҳам Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва ўзаро сиёсий-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш масаласида бошқалардан ҳам кўпроқ манфаатдор.

Шу ўринда, «Толибон»нинг Тошкентдаги янги элчиси тайинлаганини ҳам қўшимча қилиш мумкин. Ўзбекистондаги дипломатик миссиянинг янги раҳбари этиб Муғуруллоҳ Шаҳоб тайинланган. Ундан аввалги элчи Холид Элмий эса «Толибон»гача бўлган афғон ҳукуматининг вакили эди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Афғонистонингг бошқа давлатлар билан муносабатларини яхшилашда халқаро воситачи вазифасини яхши уддалаяпти. Жумладан, Афғонистоннинг хорижий банклардаги маблағларини «Толибон»га бериш ва бошқа масалаларда ҳатто БМТ минбарларидан туриб бонг уриб келмоқда.

Ва бошқалар...

Хулоса қилиб айтганда, “Толибон”ни тан олиш жараёни йил сайин тезлашиб бормоқда. Толиблар билан муносабатлар ўрнатишда фаоллик кўрсатаётган давлатлар қаторида Покистон, Хитой, Эрон, Россия, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Қатар, Ўзбекистон, Туркия, Туркманистон ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Бу давлатларнинг ҳар бири Афғонистонда ўз мақсадларига эга. Бироқ барча учун умумий, муштарак мақсадлар ҳам бор.

Айтайлик, Туркманистон Афғонистон ва Покистонга газ экспорти қилиш ва газ етказиб бериш тармоқларини ўрнатишга, пировардида эса уларнинг хавфсизлиги таъминланишидан манфаатдор.

Ҳатто “Толибон”ни тан олмаслигини баён қилаётган Ғарб давлатлари ҳам эҳтимолий алоқалар учун “дарча” қолдиришган. Масалан, АҚШда “Толибон” террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилмаган. Акс ҳолда Афғонистон билан ҳар қандай муносабатлар қонундан ташқари, ҳатто жиноят ҳисобланадиган бўлиб қоларди.

Хуллас, “Толибон” узоқ муддатли режаларга эга тузилма эканини исботлаб бўлди. Бу эса унинг аста-секин халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида тан олиб борилишини англатади. Энг муҳими, “Толибон” ҳукумати ўзининг иқтисодий асослари ҳақида бош қотиряпти. Иқтисодий фойдали давлатни тан олиш эса ҳеч қачон қийин бўлмаган.

Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+