Ўзбекистонда илк бор ММА бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади
Турнир жорий йилнинг октябрида ўтказилиши кутилмоқда.
Жорий йил Ўзбекистонда илк бор аралаш жанг санъати (ММА) бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Бу ҳақда Спорт вазирлиги маълум қилди.
Бўлажак тадбир шарафига Тошкентда Халқаро аралаш яккакурашлар федерацияси президенти Керрит Браун, спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов, мудофаа вазири ўринбосари Алишер Норбоев ва Ўзбекистон МОҚ аралаш яккакурашлар ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Шерзод Тошматов иштирокида анжуман бўлиб ўтди.
“Биз Тошкентни 2024 йилги нуфузли аралаш яккакурашлар (IMMAF) жаҳон чемпионати мезбони сифатида таништирганимиздан мамнунмиз ва ММА ҳамжамиятини Ўзбекистондаги жаҳон чемпионатида йиғилишини интиқлик билан кутамиз, – деди Керрит Браун.
Анжуманда ҳаваскорлар ўртасида ММА бўйича жаҳон чемпионати илк бор Ўзбекистонда, 2024 йил октябр ойида ўтказилиши расман эълон қилинди. Қайд этиш керакки, бундай турнир Марказий Осиёда илк бор ўтказилмоқда.
ММА (инглизча, аралаш жанг санъати) - бу кўплаб техникаларни ўзида мужассам этган жанг санъати. ММА 20-асрда катта машҳурликка эриша бошлади.
Телеграмда кузатиб боринг!