platina.uz

Очилмаган сирлар: параллел оламлар

Қизиғи шундаки, унинг паспорти ҳақиқий мамлакатларга кириш учун урилган визаларга тўла эди. Ҳужжат мутлақо қонуний кўринар, бироқ... Тауред деган давлат йўқ.

Таҳлил
29 декабрь 2024 йил
Очилмаган сирлар: параллел оламлар
Фотоколлаж: Platina.uz

2000-йилларда AҚШлик бир психолог ғалати ҳолат билан тўқнашди. Унинг олдига хавотирлари кучайганидан шикоят қилган ўрта ёшли бир бемор келади. Бемор бугун уйқудан уйғонганида бошқа ҳаёт ва воқеликка тушиб қолганидан шикоят қилади. Унинг айтишича, уй уники эмас – аввал бошқа уйда яшаган. Буюмлар ва ишхонаси ҳам, қўшни ва танишлари ҳам бошқа-бошқа одамлар. Энг қизиғи, улар беморни танишади, бир неча йилдан бери шу ҳаётда ва шу инсонлар билан ва шу уйда бирга яшаётганини таъкидлашади. Бемор эътироз билдиравергач, психологгга кўринишни маслаҳат беришади.

“Аммо бу нотўғри”

“Аммо бу нотўғри, – дейди бемор. – Мен бутунлай бошқа ҳаётда яшаганман. Кечагина шифокор эдим. Бугун уйқудан туриб, шифохонага ишимга бормоқчи бўлсам, яқинларим “сен ҳеч қачон шифокор бўлмагансан, бир неча йилдан бери компютер дастурчиси бўлиб хизмат қиласан, уйда ўтириб, онлайн ишлайсан” дейишяпти. Мен эса бу касбга мактаб вақтида қизиққанман холос. Аммо кейин тиббиёт олийгоҳида ўқиб, шифокор бўлиб ишлаганман”, дейди бемор.

Психолог ўйланиб қолади. Турли версия ва ташхисларни хаёлидан ўтказади. Бироқ бошқа кунга учрашув белгилаб, бемордан шу куни яна келишини сўрайди.

Кейинги сафар бемор яна келади. Аммо у бутунлай бошқа одам эди. Тўғри, қомати ва юз тузилиши ўзгармаган, аммо юриш-туриш, гапириш услуби ва феъл-атвори бошқача эди...

Бемор бу сафар ҳам худди ўтган учрашувда айтганидек, ўз ҳаёти ўзгариб қолганидан шикоят қилади. Бироқ тафсилотлар энди мутлақо бошқача эди. Бемор энди қандайдир компанияда технолог бўлиб ишлар экан. Эрталаб заводдаги ишига борса, ҳеч ким уни танимабди, гарчи у ишчиларни таниса ҳам! “Сиз бу ерда ишламагансиз, сизни билмаймиз” деб қайтариб юборишибди. Уйига қайтиб келса, яқинлари “сен бир неча йилдан бери мактабда физикадан дарс берасан, заводда технолог эмассан. Асабинг бузилган шекилли, психологга учраш” дейишади. Ҳатто мактабдан қўнғироқ қилиб, унга “нега ишга келмаяпсиз, тинчликми?” деб сўрашади. Бемор нима бўлаётганини тушунмай, боши гангиб, психолог олдига келади.

Энг қизиғи, у аввал ҳам психолог олдига келганини тан олади. Психологни танийди, бироқ “бу воқеаларни тушимда кўрган эдим, тушда кўрганим учун сизни танияпман” дейди.

Психолог бир йил давомида у билан суҳбатлашиб туради. Ҳар сафар ҳар хил тафсилотлар ва ҳаёт тарзи уни ҳайратга солади. Бемор ҳар куни эрталаб бошқа дунё ва реалликда уйқудан уйғонар эди. Фақат психолог ўзгармайди холос. Ҳайратланарлиси шундаки, масалан, бемор “аслида шифокорман” деган кунлари шифокорликка оид барча саволларга осон жавоб берар, ростан ҳам шу касб эгаси эканига ишонтирар эди.

Шунингдек, бемор дунё ва тарих борасида ҳам ҳозирги реалликка тўғри келмайдиган фикрлар айтар, масалан, “кеча Америка Хитой мустамлакаси эди, бугун уйғонсам, одамлар ҳеч қачон бундай бўлмаган, дея устимдан кулишмоқда”, деб шикоят қилади.

Психолог буни шунчаки руҳий касал деб ўйлайди. Аммо айрим воқеалар уни ўйга толдиради. Масалан, бир учрашувда беморнинг икки бармоғи йўқлигига эътибор беради. Бемор кеча дурадгор бўлиб яшаган ҳаётида устахонада бармоғини кесиб олганини айтади. Кейинги сафар келганида эса беморнинг ҳамма бармоқлари бор эди! Бемор ҳеч қачон бармоғини кесиб олмаганини айтиб, қасам ичади...

Психолог бир йил давомида ушбу беморнинг параллел реалликлар ҳақидаги сўзларини ёзиб боради, лекин ҳеч қачон мантиқий тушунтириш ёки ташхис топа олмайди. Афсуски, бемор навбатдаги учрашувга келмайди, тўсатдан ғойиб бўлади...

Бунга ўхшаш воқеалар ҳаётда кўп юз берган ва ҳужжатлаштирилган.

Сирли давлат фуқароси

1954 йилда Япониянинг Ханеда аэропортида бир йўловчи тўхтатилади. Унинг ҳужжатлари назоратчиларни ҳайратга солади. У мавжуд бўлмаган давлат – Тауред паспортини тақдим этгани учун ҳибсга олинган. Бу давлат гўё Европада жойлашган эмиш. Қизиғи шундаки, унинг паспорти ҳақиқий мамлакатларга кириш учун урилган визаларга тўла эди. Ҳужжат мутлақо қонуний кўринар, бироқ... Тауред деган давлат йўқ ва бўлмаган ахир!

Полиция йўловчини меҳмонхонага олиб кетиб, бир хонага жойлаштириб, уни қочиб кетмаслиги учун қўриқлаб чиқишади. Аммо у эртаси куни сирли равишда ғойиб бўлади. Хона эшигининг қулфи бузилмаган, эшик ва дераза олди доим полиция кузатуви остида бўлган, демакки, сирли йўловчи хонасидан чиқмаган. Лекин сирли Тауред давлатининг фуқароси ҳавога учгандек ғойиб бўлган эди!

Сирли йўловчининг паспорт сурати.

Магистралда йўқотилган вақт

1979 йилда бир оила Франциядан Испанияга автомобилда сафар қилади. Кеч кириб қолгани боис, йўлда улар мой чироқлари ва ғайриоддий кийинган ходимлари бўлган эски меҳмонхонада тунаб қолишади. “Қандайдир тарихий этник мавзуда дизайн қилишгандир” деган хаёлга боришади. Бироқ бир неча кундан кейин шу жойга қайтиб келишса... меҳмонхона йўқ эди. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, улар тунаб қолган жой яйдоқ дала эди, ҳеч қандай меҳмонхона, ҳаттоки бино ҳам бўлмаган...

Токиода замонлар узра саёҳат

2004 йилда Токиода бир аёл ўз кабинетидаги лифтдан чиқиб, ўзини нотаниш жойда кўрганини айтади. Офис қайта таъмирланган ва унинг столи ўрнига бошқа биров жойлашиб олган бўлган. У бироз довдираб тургач, яна лифтга киради. 2 дақиқадан сўнг лифтдан чиққанида яна ҳаммаси ўз ҳолига қайтиб қолган эди!

СССРдан келажакка "кўчиб ўтган" бола

1985 йилда Сибирдаги кичик шаҳарчада яшовчи бир ўсмир бир куни ўша пайтда номаълум бўлган илғор қурилмалар билан тўла хонада уйғонганини айтган. У "қайтиб келишидан" олдин ўша хонада бир неча соат вақт ўтказди. Кейинчалик ўша хонада ҳозирги смартфон ва ноутбукларга ўхшаш нарсаларни кўрганини айтган. Ўсмирнинг бу гапларидан кейин 20 йил ўтгач, смартфон пайдо бўлди!

Париждаги воқеа (1901)

XX асрнинг бошларида икки инглиз аёл – Aнна Моробли ва Элеонор Журден Версалда сайр қилиш пайтида XVIII асрга ўтиб қолишганини айтишган. Уларнинг кийими, мебеллар ва интерьер дизайни худди ўша давр руҳида бўлган. Улар ҳатто қиролича Мария Aнтунеттани кўришган. Бироз вақт ўтгач, улар яна ҳозирги ҳаётга қайтиб қолишган. Бу воқеа "Версал арвоҳлари" сифатида танилган; тарихчилар ва парапсихологлар буни фаол муҳокама қилишган, аммо ҳеч қандай илмий изоҳ топилмаган.

Бу каби воқеалар кўп ва улар олимларни “параллел оламлар” ҳақида ўйлашга мажбур қилмоқда.

Ҳақиқатлар орасидаги чегара

Параллел дунёлар узоқ вақтдан бери фантастика, мистика ва фалсафий спекуляциянинг бир қисми бўлиб ҳисобланган. Бироқ квант физикаси ва астрофизиканинг замонавий назариялари бундай воқеликларнинг мавжудлигини тахмин қилиш учун илмий асос яратади.

Стивен Хокингнинг “кўп дунёлар” назарияси

Физик олим Стивен Хокинг кўп оламлар – чексиз оламлар мавжудлиги ҳақидаги ғояни илгари сурди, уларнинг ҳар бири ўзига хос физика қонунларига эга бўлиши мумкин эмиш. Бу гипотеза квант механикаси ва космик инфляция назариясига асосланади. Хокингнинг сўзларига кўра, “Катта портлаш” пайтида бизникига параллел равишда мавжуд чексиз "пуфакчалар" пайдо бўлиши мумкин эди. Бу пуфаклар яқинлашиб қолса, одамлар бошқасига ўтиб қолиши ва реаллик ўзгарганини пайқашлари мумкин.

Нил деГрассе Тайсон, квант имкониятлари ва кўп дунё талқини

Яна бир физик олим Нил деГрассе Тайсон квант механикаси параллел оламларни тушунтириши мумкин, деган фикрни қўллаб-қувватлайди. Унинг сўзларига кўра, квант даражасидаги зарралар бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳолатда "тўлқин функциясининг қулаши" содир бўлгунга қадар мавжуд бўлиши мумкин. Кўп дунё талқини доирасида ҳодисанинг ҳар бир эҳтимолий версияси ўз коинотида намоён бўлади. "Aгар ҳар бир квант ечими янги шохчани яратса, параллел оламлар сонияда миллиардлаб марта пайдо бўлади", деган эди у 2018 йилдаги конференциялардан бирида сўзлаган нутқида. У субатомик даражада зарралар бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳолатда бўлиши мумкинлигини ва бу "суперпозиция"нинг ҳар бир ўлчами алоҳида ҳақиқат бўлиши мумкинлигини тушунтиришга уринган.

“Кўркаламуш” назарияси

Маълумки кўркаламуш ерни кавлаб туннеллар пайдо қилади. Бир тешикка кириб ғойиб бўлса, тўсатдан анча узоқдаги тешикдан бош кўтаради. Худди шу ном билан аталувчи назарияга кўра, замонлар ўртасида баъзан шундай туннеллар пайдо бўлиб қолади ва қандайдир сабабларга кўра одамлар ёки буюмлар бошқа оламга ёки даврга ўтиб қолишади. Бундай назария ўтмишга ёки келажакка саёҳат қилиш мумкинлигига умид уйғотади.

Ёки шунчаки кўзга кўринган...

Бундан ташқари, бошқа версияга кўра, нейрофизиологлар инсон мияси ҳеч қачон бўлмаган ҳақиқатларнинг иллюзияларини яратиши мумкинлигини таъкидлайдилар. Бу баъзи ғалати ҳолатларни тушунтириши мумкин. Лекин юз берган ҳамма ҳолатларни ҳам галлюцинация деб атаб бўлмайди

Диний изоҳ: “бу жинлар олами холос”

Диний арбоблар, хусусан, исломий олимлар 18 минг олам борлигини тан олишади. Шунингдек, жинлар ва бошқа бизга кўринмайдиган мавжудотлар оламлари ҳам бор бўлиб, инсон баъзан уларни кўриши ёки ўша дунёларга ўтиб қолганида, бизнинг дунёмизда кўринмай қолиши мумкин экан.

“Сақланган танловлар” назарияси

Тасаввур қилинг бир одам эрталаб автомобилда йўлга чиқди. Тўсатдан йўлидан ит ўтиб қолди ва ҳайдовчи уни босиб юбормай деб тўсатдан ўнгга бурилди ва автоҳалокатга учраб вафот эди. Лекин у итни бемалол босиб кетиб, ўлмай қолиши, ҳаёти давом этиши мумкин эди. Инсон итни босиш ёки босмаслик танлови олдида турганида икки хил олам пайдо бўлади. Итнни босмасдан ҳалок бўлган одам учун ҳаёт тугайди. Аммо яна бир бошқа оламда ўша одам ҳалок бўлмайди ва яшашда давом этади.

Ёки шахмат ўйнаганда, сиз, айтайлик, пиёдани юриш учун 3 та йўл олдида турасиз. Қайси юришни танлашингиздан қатъи назар, бошқа бир оламларда сиз қолган 2 та юришни танлагансиз ва ҳаёт яна давом этмоқда. Мисол учун, бир оламда сиз ўйинда ютиб, чемпион бўлгансиз ва бойиб кетгансиз. Бошқа оламдаги версиянгизда эса ўйинда ютқазиб, тушукунликка тушиб қолиб, ичкиликка берлиб кетгансиз ва ҳоказо...

Яъни инсон нимагадир қарор қилса, бошқа паралелл оламдаги нусхаси бошқа қарор чиқаради ва ҳаёти бошқача давом этади.

Олимларнинг тушунтиришича, ҳар бир инсон ҳаётининг ҳар сониясида миллионлаб (эҳтимол, чексиз!) версиялар, демакки, шунча оламларнинг нусхалари пайдо бўлади. Бироқ уларда танлов бошқача бошланади ва бошқача давом этади. У ердаги версиянгиз ҳам ҳар сонияда яна миллионлаб оламлар яралашига сабаб бўлади ва ҳоказо. Бу худди битта танадан ўсиб чиққан шохларнинг ўсган сари янада кўпроқ шохланиб, тармоқланиб кетишига ўхшайди.

Саволлар кўп, аниқ жавоб йўқ...

Параллел оламлар ҳақидаги ҳикоялар нафақат фолклор ёки фантастика, балки илмий тадқиқотлар учун мавзу бўла олади. Параллел дунёлар ғояси мистика ва илм-фанни боғлайди. Бугунги кунда илм-фан бу ҳодисаларни тушунтириш учун тобора кўпроқ фаразларни таклиф қилмоқда. Эҳтимол, келажакда инсоният нафақат параллел ҳақиқатлар мавжудлигини тасдиқлаши, балки улар билан тасодифан эмас, исталган пайтда ўзаро муносабатда бўлиш йўлини ҳам топиши мумкин.

Эҳтимол, куни келиб, биз параллел дунёлар мавжудлигини ва мехназмини ўрганиб чиқамиз ва улар узра саёҳат қилишни ўрганамиз. Ўшанда, балки, дунёдан ўтиб кетган ўртоғингиз ёки укангиз тирик бўлган даврлар ёки оламларга ўта оласиз... Ҳаётингиз яхши бўлган, ҳали танлов олдида турган замонга қайта оласиз. Ва ҳаммасини бошқатдан бошлаб, кўнглингиздагидек ҳаётга эришасиз. Аммо ҳозирча... ҳозирча ўтмишга қайтишнинг, ҳаммасини бошидан, ўзингизга ёққанидек бошлашнинг имкони йўқ. Лекин ўзингиз истагандек тугатиш имкониятингиз бор! Шу боис ибтидо ҳақида қайғурмасдан, интиҳо ҳақида бош қотиришингизни маслаҳат берамиз.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+