platina.uz

26 млрд доллардан зиёд инвестиция киритилди

Ялпи ички маҳсулот эса илк бор 100 миллиард доллардан ошди.

Иқтисод
29 декабрь 2024 йил
26 млрд доллардан зиёд инвестиция киритилди

Тугаётган йилда тадбиркорларнинг солиқ юки камайтирилди, уларга кредит бериш тизими енгиллаштирилди, ортиқча текширишлар тўхтатиб қўйилди. Натижада йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта корхоналар 2 карра кўпайди. Айланмаси 100 миллиард сўмдан ортиқ йирик корхоналар эса 2 минг 200 тадан ошди. Бу ҳам ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп бўлди.

Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошди. Жорий йил олти ойда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 карра ўсиб, 14 миллиард долларга етди.

Ҳукумат томонидан эълон қилинган маълумотларга қараганда, биргина 2024 йилнинг ўтган 10 ойида мамлакатимизга 26 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция киритилган. Бу – ўтган йилга нисбатан 1,7 баробар кўп. Шундан қарийб 24 миллиард доллари тўғридан-тўғри сармоялардир.

Киритилган инвестициялар ҳисобига 6 минг 300 та корхона ишга тушган, улар 30 триллион сўмлик қўшилган қиймат яратган, экспорт 305 миллион долларга ошган. Энг муҳими, буларнинг натижасида 163 мингта юқори даромадли иш ўрни очилган. Ноябр-декабр ойларида яна 8,6 миллиард доллар инвестиция келиши кутилмоқда.

Микро-бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича катта амалий ишлар қилинди. Дастурлар орқали микро-бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашга ҳар йили 1 миллиард доллардан зиёд маблағ йўналтиряпти. Натижада бугун ҳар бир маҳаллада камида 40-50 нафар янги тадбиркор пайдо бўлиб, минглаб доимий иш ўринлари яратилмоқда.

Бундан ташқари, "Микрокредитбанк" ҳам ўзининг микромолия ташкилотлари орқали йил якунигача яна 1 триллион сўм жалб қилади. Устав капитали камида 50 миллиард сўм бўлган микромолия банклари ташкил этиш мумкин бўлади. Ушбу банклар кредит портфелининг камида 70 фоизи кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришга йўналтирилади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+