platina.uz

Каналларни бетонлаштиришга салкам 800 млрд сўм сарфланди

Бу йилга режа қилинган манзилли дастур асосида 550 км канал бетонлаштирилган.

Жамият
25 декабрь 2024 йил
Каналларни бетонлаштиришга салкам 800 млрд сўм сарфланди

2024 йилда 1,5 минг км (2023 йилгига нисбатан 4 баробар кўп) йирик каналларни бетонлаш вазифаси белгиланди. 2025 йилдан бошлаб камида 2 минг км.дан каналларни бетонлаш топширилган.

2024 йилнинг 5 декабр ҳолатига 75 та объект доирасида жами 550 км каналлар реконструкция қилинди, шундан 433 км каналлар бетонлаштирилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 млрд куб метр ёки 36% сув ерга сизиб кетиши натижасида ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўлаяпти. Сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиётимизда йилига 5 миллиард доллар даромад бой бериляпти.

Қишлоқ хўжалиги экин майдонларига борувчи канал ва ариқларнинг катта қисми бетонлаштирилмаган. Каналларни бетонлаш бир қатор афзалликларни яратади:

  • бетон ўзанли каналларда фойдали иш коэффициенти 82-90 % ни ташкил қилади;
  • фойдаланиш муддати 30-50 йилгача;
  • сувнинг иқтисод қилинган миқдори юқори;
  • сув тезлигини бир меъёрда ушлаш;
  • қайта тозалаш ишларини олиб бориш.

Каналларни реконструкция қилиш бўйича манзилли дастурга 75 та объект киритилиб, 71 та объектни ва 555 км каналларни фойдаланишга топшириш учун 676 млрд сўм ажратилди.

Бундан ташқари, халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларнинг давлат бюджети қисми бўйича “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш 2-фаза” лойиҳасига 120 млрд сўм ажратилиб, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида 159 км каналларни модернизация қилиш ишларини якунлаш белгиланган. Ҳисобот даврида 61 млрд сўм ўзлаштирилиб, 80 км қисмида модернизация ишлари бажарилган.

Кластер ва фермер хўжаликлари томонидан 13,5 минг км ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилди.

Бетонланган каналларда сувнинг филтрацияси кескин камайиб, сувни бошқариш тизими такомиллашди, 300 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланди ҳамда каналларда йилига ўртача 450 млн куб метр сув йўқотилишини камайтиришга эришилди.

Мисол учун, 2024 йилда Олот туманидаги 5 та каналнинг 21 км қисми бетонланган, натижада каналларда сувнинг филтрацияси (ерга шимилиб кетиши) кескин камайиб, 11 минг гектар ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, ушбу ерларнинг 3 минг гектарига сув етиб боришида муаммолар жуда кўп эди.

Жиззах вилоятида “ДМ-1”, “ДМ-2” ва “ДМ-3” каналларининг 29 км қисми бетонлаштирилди, натижада каналларда сувнинг тезлиги ошиб, бетонламасдан олдин каналга сув очилганда канал охирига 3-4 кунда етиб борадиган сув 1 суткада борадиган бўлди.

2025 йилги ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини мақбуллаштириш бўйича берилган топшириқ асосида жами 1,3 трлн сўм (шундан, ирригация тармоқлари ва иншоотларига 1,2 трлн сўм, мелиорация тармоқлари ва иншоотларига 150 млрд сўм) ажратилади.

Ушбу маблағлар доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар:

  • “Сувқурилишинвест” давлат муассасалари буюртмачилигида ирригация объектларига – 1 053,5 млрд сўм;
  • Халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларнинг давлат бюджети қисми учун – 70 млрд сўм;
  • “Амударё” ҲСХБ буюртмачилигидаги объектларга – 36,5 млрд сўм;
  • “Сирдарё” ҲСХБ буюртмачилигида объектларга – 20 млрд сўм;
  • Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (GEF) лойиҳаларини бошқариш агентлиги буюртмачилигида объектларга – 20 млрд сўм.

Ушбу маблағлар ҳисобига 570 км каналлар, 21 км лоток ва 45 км ёпиқ қувурли суғориш тармоғи реконструкция қилинади.

2025 йилда бетонланган каналларда сувнинг филтрацияси кескин камайиб, сувни бошқариш тизими тубдан такомиллашади, қўшимча 300 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади ҳамда каналларда йилига ўртача 500 млн куб метр сув йўқотилишини камайтиришга эришилади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+