platina.uz

Бойкотлар: тарих ва натижалар

Замонавий бойкотларга мисол сифатида Исроил ва Фаластин, Coca-Cola ҳамда Ўзбекистонни келтириш мумкин.

Таҳлил
23 декабрь 2024 йил
Бойкотлар: тарих ва натижалар
Фотоколлаж: Platina.uz

Бойкот – бу бир гуруҳ одамлар ёки ҳукумат маълум бир ташкилот, мамлакат ёки бренд билан алоқа қилишдан бош тортган ҳолат кўрсатадиган иқтисодий ёки ижтимоий босим шаклидир. Бунга норозилик билдириш, сиёсий, иқтисодий ёки ижтимоий ўзгаришларни келтириб чиқариш мақсадида товарлар ва хизматларни сотиб олиш ёки мадний ва бошқа тадбирларда қатнашишдан бош тортиш киради.

Тарихий контекст

"Бойкот" атамаси XIX асрда пайдо бўлган. Бойкот ижтимоий ва иқтисодий изоляция кампанияси муваффақиятли олиб борилган ирланд мулк бошқарувчиси Чарлз Бойкот номи билан боғлиқ. 1880-йилларда Ирландия деҳқонларнинг ўз ҳуқуқлари учун кураш ҳаракатини бошдан кечирди. Улар инглиз заминдорларининг юқори ижара ҳақи ва оғир шароитларига бошқа чидай олмади. Бундай иқтисодий босимга жавобан деҳқонлар ва уларнинг тарафдорлари инглиз заминдорларини бойкот қила бошладилар, яъни улар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортдилар.

Бойкот феномени заминдор Бойкотга қарши фаолият натижасида шундай номланган бўлса-да, бироқ бойкот тушунчаси бу воқеадан анча олдин ҳам мавжуд эди.

Қадимги дунёда бойкот ҳолатлари

Бойкотларнинг илк мисолларини Қадимги Мисрда топиш мумкин, у ерда аҳоли катта солиқ зулмига қарши норозилик сифатида ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортган.

Ёки ишчилар ёмон меҳнат шароитлари туфайли эҳромлар қурилишида ишлашдан бош тортганлар.

Қадимги Римда эса плебейлар патрицийларни уларга сиёсий ва иқтисодий имтиёзлар беришга мажбурлаш мақсадида бир неча бор оммавий норозилик намойишлари уюштирганлар ва шаҳарни тарк этганлар.

XVIII асрдаги бойкотлар

XVIII асрда бойкот сиёсий босим воситаси сифатида, айниқса, мустамлакачилик тўқнашувлари ва мустақиллик учун курашлар шароитида қўлланила бошланди.

Бу даврнинг энг машҳур бойкотларидан бири – 1773 йилги “Бостон чой зиёфати” бўлган. Бу воқеа мустамлакаларнинг Британия ҳукмронлиги ва унинг солиқ сиёсатига қарши кураши рамзига айланди. Aмерикаликлар Британия империяси томонидан жорий этилган, чойга солиқларга қарши норозилик билдириб, инглиз товарларига бойкот уюштирдилар ва Бостонда улар инглиз компаниясига тегишли чой қутиларини шундоқ денгизга ташлаб юборишди. Бу воқеа Aмерика инқилоби ва мустақиллик учун курашнинг бошланиши учун катализатор бўлди.

Шунингдек, Буюк Британияда аболиционистлар томонидан уюштирилган биринчи машҳур бойкотлардан бири – Британия шакар бойкоти (1791). У қуллар меҳнатидан фойдаланган ҳолда плантацияларда ишлаб чиқарилган шакарга қарши қаратилган эди. Кампания бекор қилиш ҳаракати билан бирдамлик рамзига айланди ва истеъмолчиларнинг хатти-ҳаракатлари ижтимоий ўзгаришларга қандай таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатди.

XIX асрдаги бойкотлар

Бойкотнинг янада уюшган шакллари XIX асрда Европа ва АҚШда пайдо бўла бошлади. Ўша даврларда бойкот бу қитъалар ва мамлакатларда сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг муҳим қисмига айланди. Бу даврда бойкотлар кўпинча адолатсиз солиқлар, оғир меҳнат шароитлари ва ишчилар синфи ҳуқуқлари учун курашда ишлатилган.

Масалан, Aмериканинг аёллар ҳуқуқлари учун кураши доирасидаги бойкотлар ҳам ижтимоий ҳаракатларнинг бир қисмига айланди. Буюк Британия ва AҚШдаги фаол аёллар бойкотдан фойдаланиб, аёлларнинг сайлов ҳуқуқига қарши фаоллар билан боғлиқ маҳсулотлар ёки хизматларни сотиб олишдан бош тортиб, ўзларининг овоз бериш ҳуқуқлари учун курашдилар.

XX асрдаги бойкотлар

XX асрда бойкотлар фуқаролик ҳуқуқлари учун, ирқчилик, апартеид ва ижтимоий адолатсизликнинг бошқа шаклларига қарши курашнинг муҳим элементига айланди.

Ганди ва Британия товарларига бойкот (1920-йиллар)

Ҳиндистон мустақиллиги учун кураш инглиз матоларига бойкот қилишни ўз ичига олган эди. Маҳатма Ганди ҳиндларни мустамлакачиларга иқтисодий қарамлигини камайтириш учун анъанавий қўлда ишланган кийим кийишга ундади.

Монтгомери бойкоти

1955-1956 йилларда Aлабама штатининг Монтгомери шаҳрида жамоат транспортида ирқий сегрегацияга жавобан қора танли америкаликлар томонидан автобус бойкоти уюштирилган. Роза Паркс исмли қора танли аёл ўз ўрнини оқ йўловчига беришдан бош тортгани учун ҳибсга олинганида, шаҳарнинг қора танли аҳолиси барча автобус қатновларига бойкот уюштиришди. Бу ҳаракат ирқий сегрегация қонунларининг ўзгаришига олиб келди ва фуқаролик ҳуқуқлари учун кураш ҳаракатида муҳим рол ўйнади.

Жанубий Aфрикада апартеидга қарши бойкот

1980-йилларда халқаро ҳамжамият қора танли аҳолини камситишга қаратилган апартеид тизими мавжуд бўлган Жанубий Aфрика Республикасига қарши бойкот эълон қилди. Бойкотлар спорт тадбирларидан тортиб, савдо ва инвестициягача бўлган кўплаб соҳаларга сезиларли таъсир кўрсатди. Халқаро бойкот 1990-йиллар бошида апартеид режимининг қулашини тезлаштирган омиллардан бири бўлди.

XXI асрда бойкот

Замонавий дунёда бойкотлар нафақат давлат идораларини, балки глобал компаниялар ва брендларни ҳам қамраб олувчи янги шакл ва кўламларга эга бўлди. Замонавий бойкотлар кўпинча ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва йирик корпорацияларнинг ахлоқсиз хатти-ҳаракатларига қарши курашиш каби масалаларга қаратилган.

XXI асрнинг энг машҳур бойкотларидан бири бу – Хитой товарларига қарши бойкот бўлиб, Хитойда инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва қамоқхона меҳнатидан фойдаланиш ҳақидаги даъволарга жавобан уюштирилган. Бунда кўпинча Хитойдаги уйғурлар ва мусулмонларни хитойлаштириш, тили ва динидан воз кечтириш мақсадида ташкил этилган концлагерлардаги тутқунлар меҳнати билан ишлаб чиқарилган истеъмол товарларини бойкот қилишга чақирадилар.

Шунингдек, 2022 йилгача мажбурий меҳнат, жумладан, болалар меҳнатидан фойдаланиш туфайли ўзбек пахтасига бойкот бу иллатларга барҳам беришга мажбурлаганини таъкидлаш лозим.

2009 йилда Cotton Campaign халқаро нодавлат ташкилоти ташаббуси билан Ўзбекистонда етиштирилган пахта толасига бойкот эълон қилинди. Боиси биринчи президент даврида пахта мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланган ҳолда етиштирилиб, териб олинар эди.

Ғарб компаниялари “корпоратив ижтимоий масъулият” (Corporate Social Responsibility) талабларига риоя этиши сабабли, инсон ҳуқуқлари қўпол бузилиши эвазига етиштирилган бундай маҳсулотдан фойдалана олмасди. Натижада Adidas, Amazon, Burberry, Disney, Gap, Gucci, Ikea, Lacoste, Nike, Puma, Uniqlo, Zara каби 331 та машҳур бренд ва ритейлерлар Ўзбекистон пахтаси ва пахта маҳсулотларига бойкот эълон қилиб, уларни сотиб олмасликка келишиб олишди. Улар ўз таъминот занжирларини ўзгартириб, пахта толасини бошқа таъминотчилардан сотиб олишни йўлга қўйди.

2016 йилда Ўзбекистон янги маъмуриятининг демократик ислоҳотлари натижасида болалар ва мажбурий меҳнатга чек қўйилди. Бундай ўзгаришни инобатга олган халқаро иқтисодий ҳамжамият 2022 йил март ойига келиб, ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилди.

Nike бойкоти (1990-йиллар) – компания заводларида болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши кампания бўлди. Бу Nike компаниясини ишлаб чиқариш жараёнларини қайта кўриб чиқишга ва шаффофроқ стандартларни жорий этишга мажбур қилди.

BP (British Petroleum) бойкоти (2010) – компания танкерларида бири нефтни денгизга ағдариб юбориб, Мексика кўрфазидаги экологик ҳалокатга сабаб бўлганига жавобан бошланган бойкот. Натижада доимий мижозлар оммавий равишда ушбу компания хизматларидан воз кечишди, бу эса унинг даромадлари ва обрўсига путур етказди.

Исроилнинг Фаластин халқини геноцид қилаётгани билан боғлиқ бойкот

Сўнгги йилларда Исроилни қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшаётган компанияларнинг товарлари ва хизматларини бойкот қилиш энг кўп муҳокама этиладиган мавзулардан бирига айланди. Дунё бўйлаб кенг кўламда тарқалган BDS (Boycott, Divestment, Sanctions) кампанияси Исроил маҳсулотлари ва Исроил билан ҳамкорликда бизнес юритувчи халқаро корпорацияларни бу давлатнинг Фаластинга нисбатан сиёсатига норозилик сифатида бойкот қилишга чақиради. Ушбу кампания бир қатор компаниялар учун сезиларли иқтисодий оқибатларга олиб келди:

SodaStream – Исроилнинг газланган ичимликлар ишлаб чиқарувчиси бўлиб, ўз ишлаб чиқариш қувватларини Фаластиндаги ҳудудларда жойлаштиргани учун бойкот қилинган. Завод кўчирилганига қарамай, бу бойкот туфайли компания обрўсини ва даромадларини йўқотди.

HP – Исроилнинг Фаластин ҳудудларида назорат қилиш тизимини ўрнатишда ҳамкорлик қилган Aмерика компаниясидир. HP маҳсулотларини бойкот қилиш баъзи ҳудудларда контрактларнинг қисқаришига олиб келди.

Airbnb – Фаластинга тегишли, бироқ Исроил босиб олган баҳсли ҳудудларда ижара рўйхатини жойлаштиргани учун танқид остига олинди. Сиёсатни ўзгартиришга уринишларига қарамай, компания норозилик кампанияси оқибатида ортиқча харажат ва ташвишларга дучор бўлди.

Зеро, бундай бойкотлар каттагина иқтисодий зарар келтириши мумкин. Масалан, 2024 йил декабр ойи ҳолатига кўра, Исроилни қўллаб-қувватловчи компаниялар, уларга қарши бойкотлар боис иқтисодий даромад ва обрўсини йўқотди.

Айтайик, McDonald's Исроилга бойкотни қўллаб-қувватловчи мамлакатларда – араб давлатлари ва Европанинг бир қисмида сотувлар камайганини маълум қилди. 2024 йилнинг иккинчи ва учинчи чорагида даромад 8 фоизга пасайди.

Starbucks Яқин Шарқдаги даромадининг 12% гача йўқотди, Coca-Cola эса бойкотни фаол қўллаб-қувватлаётган мамлакатлардаги сотувлари 10% га камайганини эълон қилди.

Ушбу маълумотлар бойкотлар ҳатто дунёдаги энг йирик корпорацияларга ҳам жиддий иқтисодий босим ўтказиши мумкинлигини кўрсатади.

Бойкот натижалари

Бойкот натижалари бойкотнинг мазмуни ва кўламига қараб ижобий ёки салбий бўлиши мумкин.

Ижобий натижалар

Бойкотлар кўлами кенгайса, нишонга олинган субъектлар ўз номақбул сиёсатларини ўзгартиришга мажбур бўлиши мумкин. Муваффақиятли бойкотнинг намунаси Монтгомери автобус бойкотидир, бу ирқий сегрегацияга қарши курашда муҳим қадам бўлган эди. Яна бир эътиборга молик мисол, Жанубий Aфрикадаги апартеидга қарши бойкот бўлиб, бу мамлакат ҳукуматига босим ўтказишда самарали бўлди.

Салбий натижалар

Баъзи ҳолларда, бойкот компания учун иқтисодий йўқотишлар туфайли маҳсулот сифатининг пасайишига, шунингдек, олиб борилаётган сиёсат учун жавобгар бўлмаганлар учун иш жойларини йўқотиш ва турмуш шароитларининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин. Бойкотлар, шунингдек, халқаро муносабатларнинг ёмонлашувига ёки изоляциянинг кучайишига олиб келиши мумкин, бу эса мавжуд муаммоларни ҳал этишга хизмат қилмайди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+