Президент фармацевтлар билан учрашувда муҳим ташаббуслар билан чиқди
Фармацевтика агентлиги ва Асака банкка йирик маҳаллий корхоналар билан бирга ишлаб чиқаришни икки баробарга ошириш топширилди. Лойиҳаларга хориждан 400 миллион доллар йўналтирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 18 декабрь куни “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини бориб кўрди, фармацевтлар билан мулоқот қилди.
Мазкур мажмуа давлат раҳбарининг 2020 йил 28 январдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган, ўша йили 17 апрелда унинг қурилишига тамал тоши қўйилганди.
Биринчи босқичда қарийб 20 гектар майдонда технопарк барпо этилмоқда. У маъмурий марказ, тадқиқот ва ривожланиш маркази (R&D), фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги лабораторияси, клиник тадқиқотлар маркази, Фармацевтика техник университети ҳамда виварийни ўз ичига олади.
Бугунги кунда маъмурий марказ қуриб битказилган. 11 қаватли ушбу бинода Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, конференция зали, коворкинг маркази, бизнес инкубатор, кутубхона, соҳа тарихи музейи жойлашган.
Давлатимиз раҳбари ушбу марказни ва навбатдаги иншоотлар қурилишини кўздан кечирди.
Кластердан асосий мақсад юқори технологияларни жорий этиш орқали мамлакатимиз фармацевтика тармоғини ривожлантириш, халқаро инновацион тизимга интеграциялашиш, юқори сифатли дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани ишлаб чиқариш, малакали мутахассислар тайёрлашдир. Ушбу кенг кўламли мақсадлардан келиб чиқиб, Тошкент вилояти Зангиота туманидан 190 гектар ер майдони ажратилган.
Ҳозирги кунда бу ердаги саноат зонасида умумий қиймати 818 миллион долларлик 21 та лойиҳа жойлаштирилган. Уларнинг биринчиси – “Grand Pharm Logistics Hub” томонидан 40 миллион долларлик дистрибюторлик маркази ишга туширилди ва 300 дан ортиқ иш ўрни яратилди. Корхоналар Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия билан ҳамкорликда ташкил этилади.
Президентимиз ушбу лойиҳалар ташаббускорлари билан суҳбатлашди. Инвестицияларни жалб этиш ва қўллаб-қувватлаш изчил давом эттирилишини таъкидлади.
Келгусида саноат зонасида яна 620 миллион долларлик 20 та лойиҳа амалга оширилиши мўлжалланган.
Умуман, кластерда юқори сифатли дори-дармонлар ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарилади, импорт бўлаётган маҳсулотлар маҳаллийлаштирилади, 8 минг иш ўрни яратилади. Зарур амалиётлар маркази (GxP) товарларнинг тайёрланишидан истеъмолчига етиб боришигача бўлган барча босқичларда халқаро стандартларга мувофиқлик ва сифатни таъминлашга кўмаклашади.
Давлатимиз раҳбарига шу ерда барпо этиладиган Фармацевтика техник университети ҳақида ахборот берилди.
Унда фармакопея маркази, кутубхона, спорт мажмуаси, ўқитувчилар ва чет эллик ходимлар учун турар жой бўлади. Саноат фармацияси, биокимё ва биотиббиёт, биотехнология, биофармацевтика, биоинформатика каби йўналишларда юқори малакали мутахассислар тайёрланади. Бунинг учун таълим халқаро дастурлар асосида йўлга қўйилади, микробиология, биотехнология, хужайра биологияси, фармакология, таҳлилий кимё каби лабораториялар ташкил этилади.
Университетга жорий ўқув йилида илк талабалар қабул қилинди. Президент улар билан мулоқотда бўлди.
– Биз ривожланган давлатлардан инвесторлар олиб келяпмиз. Улар Ўзбекистонга қандай қилиб баҳо беради? Сизлар билан мулоқот қилиб. Мамлакатимизнинг бойлиги – ёшлар! Фармацевтика бўйича ҳам энг яхши дастурларни қўллаб, келажак учун мутахассисларни тайёрлаб олмасак, бошқаларга пул тўлаймиз, боғлиқ бўлиб қоламиз. Шунинг учун замонавий университет ташкил қилиб, дуал таълимни йўлга қўйяпмиз. Бу ерда ҳам билим оласизлар, ҳам ўқиганларингизни амалда қўллаш имкониятига эга бўласиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мазкур ўқув юрти битирувчиларига Корея Республикасининг Ёнсе, Буюк Британиянинг Сандерленд ва Де Монтфорт университетларининг халқаро миқёсда тан олинадиган дипломлари берилади. Шунингдек, Данди, Пусан ва Пурдю университетлари билан илмий ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Шавкат Мирзиёев 18 декабрь куни “Tashkent Pharma Park” инновацион кластерида фармацевтика соҳасидаги корхоналар раҳбарлари билан мулоқот қилди.
Ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий аҳамиятга эга бу соҳага давлат томонидан кенг имкониятлар яратилмоқда. Охирги етти йилда фармацевтикада ишлаб чиқариш 2 карра ошган. Экспорт 11 баробар кўпайган. 750 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, корхоналар сони 3 баробар ўсган.
Юртимизда 3,5 минг турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарилаяпти. Лекин бу талабни тўла қопламайди.
Шу боис давлатимиз раҳбари кўп турдаги дориларни маҳаллийлаштириш ва экспортни кенгайтириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Асака банк ва Фармацевтика агентлига йирик маҳаллий корхоналар билан бирга 2025 йилда кенг истеъмол қилинадиган 200 турдаги дори воситаларини ўзлаштириш ҳамда ишлаб чиқаришни 2 баробар ошириш бўйича дастур тайёрлаш топширилди.
Бундай лойиҳаларга хориждан жалб қилинган 400 миллион доллар қулай шартларда йўналтирилади.
Энди фармацевтика тармоғида Илғор лойиҳалар инвестиция жамғармаси ташкил қилинади. Бу жамғарма биофармацевтика, ҳужайра технологиялари, онкология каби йўналишлардаги лойиҳаларга улуш билан киради, уларга катализатор бўлади.
Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан Асакабанкка соҳани ривожлантириш учун 100 миллион доллар кредит линияси очилган. Энди бу малағ лизинг учун ҳам берилади.
Асака банк томонидан фармацевтика соҳасида янги ишланмаларни тижоратлаштириш ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун 10 миллион долларлик венчур компания очилади. Стартап лойиҳа четдан қанча маблағ жалб қилса, мазкур компания шунча пулни қўшимча экспертизасиз беради.
Янги ишланмалар учун Инновация жамғармасидан 20 миллиард сўм грант ажратилади. Бу олимлар яратаётган янги маҳаллий дори ишланмаларини тижорат лойиҳасига айлантириш ва стартаплар учун йўналтирилади.
Маҳаллий фармацевтика корхоналарига 2025 йил 1 январгача берилган божхона имтиёзлари муддати яна 3 йилга узайтирилади.
Мамлакат корхоналари етакчи хорижий фармацевтика компаниялари технологияси ва рецепти асосида дорилар чиқаришга тайёр. Лекин бундай кооперация учун ҳуқуқий асос яратилмагани сабабли ҳар бир дорини янги маҳсулот каби клиник тадқиқот ва рўйхатдан ўтказишга тўғри келаяпти. Бунга кўп вақт кетади. Шу боис бу тартибни соддалаштириш муҳимлиги айтилди.
Тадбиркорларнинг экспорт бозорларини кенгайтириш учун АҚШнинг Озиқ-овқат ва дори воситалари сифати назорати бошқармаси (FDA) ҳамда Европа тиббиёт агентлиги сертификатларини олиш харажатлари бюджетдан қоплаб берилади.
Юртимизда ўсимликларни саноат усулида етиштириб, қайта ишлаш орқали субстанция ва косметик компонент олиш ривожланаяпти. Шунга мувофиқ, Асака банк иштирокида келгуси йилда ҳар бири 5 гектардан бўлган доривор ўсимликлар плантацияси барпо этилиб, уларни қайта ишлаш бўйича 5 та намунавий лойиҳа бажарилади.
Умуман, фармацевтикада 1 миллиард долларлик лойиҳалар шакллантирилиши белгиланди. Улар талаб юқори дори воситаларини чет элникидек сифатда ишлаб чиқариб, бозорда рақобат яратиб, нархларни арзонлаштиришга қаратилган.
Мулоқотда соҳа вакиллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳсулотлар сифати ва экспортини ошириш, илм ва таълимни рағбатлантириш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Grand Pharm Logistics Hub” фаолияти билан танишди.
Ушбу логистика маркази “Tashkent Pharma Park” инновацион кластери ҳудудида ўн гектар майдонда жойлашган. Лойиҳанинг умумий қиймати 40 миллион доллар бўлиб, уч қаватли маъмурий бино, омборлар, меҳмонхона, ошхона ва ётоқхона қурилган. 300 дан ортиқ иш ўрни яратилган.
Маҳсулотларни сақлаш жойи 50 минг квадрат метр. Бу ерда катта ҳажмдаги фармацевтика маҳсулотларини халқаро стандартлар асосида қабул қилиш, сақлаш ва тарқатиш имконияти мавжуд. Бу босқичлар тўлиқ рақамлаштирилган.
Давлатимиз раҳбари ушбу жараёнларни кўздан кечирди.
Логистика маркази “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластеридаги бошқа ишлаб чиқарувчиларга ҳам қўл келади. Маҳсулотларни сақлаш ва экспорт қилишларида халқаро “SAP” тизими орқали амалий ёрдам берилади. Бунинг учун дори воситалари сифатини таъминлаш бўйича “GDP” ва “GSP” сертификатлари ҳамда божхона омбори, халқаро юкларни ташиш учун лицензиялар мавжуд.
Бу борадаги талабларни таъминлаш учун халқаро стандартларга мувофиқ ҳавони совутиш тизимлари ўрнатилган. Юкларни ортиш пайтида ҳам ҳарорат мўътадиллиги таъминланади. Йигирмадан ортиқ юк машиналарида ташиш хизматлари ҳам кўрсатилади. Мажмуада бундай транспортлар учун тураргоҳ ва техник хизмат ҳам ташкил этилган.
Бугунги кунда Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Германия, Польша, Франция, Венгрия, Руминия ва Туркия каби давлатлар билан логистик алоқалар ўрнатилган. Бу география йилдан йилга кенгайиб бормоқда.
Мутасаддиларга маҳсулотларни сақлаш ва расмийлаштиришда қулайликларни ошириш, таннархни камайтириб, дориларни арзонлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Компания фармацевтика бозорини мунтазам ўрганиб, тиббиёт соҳасидаги эҳтиёжларни ҳам таҳлил қилиб боради. Натижада етказиб бериш йўналиши кўлами кенгайиб бормоқда. Ушбу корхона мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб 7 минг 500 дан ортиқ дорихонага товарлар етказиб беради. Шунингдек, онлайн дорихона хизмати йўлга қўйилган бўлиб, бу борадаги ҳамкорлар сони ҳам ортмоқда.
Бу ерда “GPH Academy” лойиҳаси йўлга қўйилган бўлиб, қатор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилинмоқда. Учта таълим даргоҳида амалий машғулот хоналари ташкил этилди. Уч минг нафар фармацевт малака ошириш курсларидан ўтди. Ўттиз нафарга яқин талаба ушбу лойиҳанинг стипендия ва грантларига эга бўлди.