platina.uz

"Микрокредитбанк" харидлар режасини рақамлаштиришни йўлга қўйди

Бу орқали маҳсулот етказувчи ҳамда хизмат кўрсатувчиларга очиқ ва шаффоф тарзда хизматларни таклиф қилиш имконияти яратилади.

Иқтисод
2 кун аввал, 9:36
"Микрокредитбанк" харидлар режасини рақамлаштиришни йўлга қўйди

Кейинги йилларда юртимизда давлат харидларини шаффоф амалга ошириш мақсадида коррупцияга қарши курашиш тизими, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари янгиланди.

Ушбу тизимни ривожлантириш, барча харидларни қонуний ва ҳалол ўтказиш мақсадида, соҳада замонавий технологияларни қўллаш яхши самара бермоқда.

Буни инобатга олган ҳолда "Микрокредитбанк" АТБ тижорат банклари ичида биринчи бўлиб, банкка зарур бўлган товар ва хизматлар бўйича харидлар режасини рақамлаштиришни йўлга қўйди.

Натижада банкнинг iABС дастурида янги модул яратилиб, тест режимида амалиётда қўлланилмоқда. Бунда банкнинг йиллик харид режасини Бош офис ва ҳудудлар кесимида электрон шакллантириш, харидларни амалга оширишни марказлашган ҳолда ташкиллаштириш ва бу билан харажатлар тежамкорлигини ошириш таъминланади. Энг асосийси, товар ва хизматларни харид қилиш шаффоф бўлиб, манфаатлар тўқнашувининг олди олинади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида махсус порталлар - exarid.uzex.uz, ХТ-xarid.uz, cooperation.uz ҳамда etender.uzex.uz порталлари билан интеграция қилиш орқали ушбу платформалардаги банкнинг харид жараёнлари iABC дастурида реал вақт режимида кўриниб туради.

Маҳсулот етказувчи ҳамда хизмат кўрсатувчиларга очиқ ва шаффоф тарзда ўз хизматларини таклиф қилиш имконияти яратилади. Бунда банк биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича давлат харидларини "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими орқали инсон омилисиз ўтказиладиган электрон тендер (танлов) савдолари орқали амалга оширилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан Давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган товарнинг (ишлар ва хизматларнинг) ягона миллий классификатори орқали маълумот алмашиш йўлга қўйилади.

Асосийси, бу жараёнларда инсон омили иштирок этмайди. Натижада эса манфаатлар тўқнашуви, коррупция, таниш-билишчилик деган иллатларга ўрин қолмайди. Бу каби рақамлаштириш ишлари келгусида банк омборхоналарида ҳам амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+