“Юксаклик сари тасодиф бўлмаган 100 та учрашув” китобининг 2-нашри тақдимот қилинди
Мазкур китоб АҚШда яшаб ижод қилаётган таниқли актёр, публицист Отабек Маҳкамов қаламига мансуб бўлиб, муаллиф ушбу ижодий лойиҳадан тушган маблағнинг бир қисмини Ўзбекистондаги оғир касалликларга чалинган ва дори-дармонга моддий имкони бўлмаган болаларни даволатиш учун ажратади.
14 декабрь куни Ёшлар ижод саройида АҚШда яшаб ижод қилаётган таниқли актёр, публицист Отабек Маҳкамов қаламига мансуб “Юксаклик сари тасодиф бўлмаган 100 та учрашув” китобининг 2-нашри тақдимот қилинди.
Ушбу китоб қаҳрамонлари орасида Ҳиллари Клинтон, Гордон Рамзи, Антонио Бандерас, Дэвид Копперфилд, Энрике Иглесиас, Фаррух Зокиров, Даниел Редклифф каби машҳур инсонлар ҳамда дунё миқёсидаги юлдуз бўлмаса-да, кўпчиликка таниқли шахслар бор.
Отабек Маҳкамов илк дақиқаларданоқ суҳбатдошининг эътиборини жалб этиш, унинг янги, баъзан кутилмаган жиҳатларини очиб бериш қобилиятига эга. Шу боисдан мазкур китобда жамланган тасодиф бўлмаган ҳар бир учрашувнинг ўзига хос қизиқарли тарихи бор.
Китоб самимият билан ёзилган. У ҳаёт, унинг дарслар, қувончлари, фожиалари, йўқотишлари ва ғалабалари ҳақида. Ундан барча замон ва халқларга хос ҳазил-мутойиба, теран мулоҳазалар, ўткир мушоҳадалар, тарихий мисоллар ҳамда ҳикматли сўзлар ҳам ўрин олган.
“Юксаклик сари тасодиф бўлмаган 100 та учрашув” китобининг биринчи нашри уч тилда - ўзбек, рус ва инглиз тилларида босиб чиқарилган эди. Ушбу янги нашр эса фақатгина ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилди. Бунинг сабаби шундаки, муаллиф эътиборини айнан ўзбекзабон ёшларга қаратишни, ўзбек ёшларига кўплаб давлатларга бориб, таниқли инсонлар билан кўришиб суҳбатда бўлиш ақл бовар қилмас иш эмаслигини, бу уларнинг хам қўлидан келиши мумкинлигини кўрсатиб беришни мақсад қилган. Ундан ташқари, бу орқали миллий контент бойийди, ўзбек тили нуфузи ва мавқеи янада ошади.
Отабек Маҳкамов ушбу ижодий лойиҳадан тушган маблағнинг бир қисмини Ўзбекистондаги оғир касалликларга чалинган ва дори-дармонга моддий имкони бўлмаган болаларни даволаш учун ажратишни режалаштирган.
Муаллиф ушбу ижодий лойиҳадан тушган маблағнинг бир қисмини Ўзбекистондаги оғир касалликларга чалинган ва дори-дармонга моддий имкони бўлмаган болаларни даволаш учун ажратишни режалаштирган.