Изтироблар устига қурилган ҳашамат – люкс брендлари ортида яширин сирлар
Муваффақият ва бойлик тимсолига айланган машҳур брендлар миллионлаб одамларнинг азоблари, бахтсизликлари ва армонлари устига қурилган. Сиз ушбу ҳақиқатни қабул қилишга тайёрмисиз ёки бу ҳақиқатга кўз юмиб яшашда давом этасизми?
Louis Vuitton Moët Hennessy (LVMH), Yves Saint Laurent, Zara, Nike, Tom Ford ва Prada каби люкс ва мода брендлари кўпинча ҳашамат, нафосат ва юқори сифат тимсоли сифатида тасаввур қилинади. Ушбу люкс брендлар бойлик, муваффақият ва жозибадорлик рамзи бўлиб келган.
Бироқ турли бутик ва бренд дўконларининг ялтироқ ойналарини кўрганимизда, уларнинг ортида оғир меҳнат, аччиқ кўз ёшлари ва қашшоқлик изтироблари турганини тасаввур қилишимиз қийин.
Глобал аутсорсинг механизмлари
Ҳозирги пайтда люкс брендлар глобал ишлаб чиқаришнинг замонавий модели аутсорсингга асосланган. Ишлаб чиқариш жараёнлари, тикувчиликдан то аксессуарларни йиғишгача, учинчи дунё мамлакатларидаги фабрикаларга йўналтирилади. Мода саноати гигантлари учун буюртмаларни дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларига аутсорсинг қилиш нафақат қулайлик, балки стратегик устунлик беради. Консалтинг агентликларининг маълумотларига кўра, ушбу компаниялар ишлаб чиқариш жараёнларининг 60% дан ортиғини ривожланаётган мамлакатларда амалга оширади. Бу брендларга потенциал ишлаб чиқариш харажатларини 70% гача тежаш имконини беради. Лекин улар ишчиларга яшаш минимумидан камроқ ҳақ тўлаш орқали пулни тежашга эришади.
Бангладеш, Покистон, Ветнам, Хитой ва Ҳиндистон каби мамлакатлар – асосий ишлаб чиқариш пунктлари бўлиб, уларда ишчи кучи Европа ёки AҚШга қараганда ўнлаб баравар арзон. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, жаҳон брендлари учун тўқимачилик маҳсулотларининг қарийб 80 фоизи ушбу Осиё мамлакатларида ишлаб чиқарилади. Масалан, Бангладешнинг жаҳон тўқимачилик экспортидаги бозор улуши қарийб 6 фоизни ташкил этади.
Бироқ ҳашамат ва статус ортида чиролйи реклама суратларидан тубдан фарқ қиладиган ҳақиқат ётади. Бу ҳақиқатга арзон ишчи кучининг эксплуатацияси, ёмон меҳнат шароитлари ва ушбу товарлар ишлаб чиқарилган мамлакатларда инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳамроҳлик қилади.
Louis Vuitton ёки Yves Saint Laurent каби брендларнинг товарлари Италияда ишлаб чиқарилса-да, аммо бу "италян" маҳсулоти мигрантлар томонидан ертўлада жойлашган цехларда тикилади. “Би-би-Си” ҳисоботида айтилишича, Тосканадаги фабрикалардаги меҳнат муҳожирлари соатига 4 еврога яқин маош олади, бироқ бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга Made in Italy ёрлиғи ёпиштирилиб, минглаб еврога сотилади.
Брендлар тежамкорлиги: ишлаб чиқариш таннархи ва чакана нарх
Ҳашаматли брендлар ўз маҳсулотларининг юқори нархда эканини юқори сифатли материаллар ва мураккаб технологиялардан фойдаланишаётгани билан изоҳлашади. Бироқ фактлар бошқача ҳақиқатни фош қилади.
2023 йилги статистика маълумотларига кўра, Louis Vuitton аксессуарлари ва сумкаларининг 60% дан ортиғи Осиёда, хусусан, Хитой ва Ветнамдаги фабрикаларда ишлаб чиқарилади, бу эса харажатларни сезиларли даражада камайтириш имконини беради.
Мисол учун, Louis Vuitton сумкасининг ўртача таннархи тахминан 100-200 долларни ташкил қилади, лекин унинг дўкондаги чакана нархи 2000 доллардан ошади.
Индонезияда ишлаб чиқарилган Nike спорт пойабзалининг нархи 20-30 доллар атрофида, лекин бозорда улар 150-200 долларга сотилади.
Ўзини ҳамёнбоп мода бренди сифатида кўрсатувчи Zara маҳсулотларини ишлаб чиқариш бир неча долларга тушади, бироқ уларга 300-500% устама қўйиб сотилади.
Шу тарзда даромаднинг катта қисми ривожланган мамлакатларда маркетинг, дизайн ва меҳнатга йўналтирилади, лекин бу маҳсулотларни бевосита яратувчилар эса қашшоқлик чегараси ортида қолмоқда.
Муваффақият рамзига айланган люкс брендлар миллионлаб одамларнинг суяклари устида ривожланиб, бойишда давом этмоқда. 2022 йилда LVMH ва Kering каби йирик мода уйларининг умумий даромади 100 миллиард доллардан ошди. Aммо бу муваффақият учун юз минглаб меҳнаткашлар ўз умри ва соғлиғини қурбон қилишган.
Иш шароитлари: ахлоқсизлик, қуллик ва хавф-хатарлар
Ҳашамат брендлари учун ишлайдиган фабрикалардаги ишлаб чиқариш шароитлари кўпинча ушбу бизнеснинг ҳақиқати билан танишганлар учун кутилмаган зарба бўлади.
Ҳар бир Prada сумкаси, ҳар бир Nike кроссовкаси ва ҳар бир Zara курткаси шунчаки маҳсулот эмас. Бу чокларга қўшиб тикилган инсон азоблари ҳақидаги достон дейиш мумкин. Бангладеш, Покистон, Ветнам, Хитой ва Ҳиндистон нафақат “дунё устахоналари”, балки машаққатли меҳнатдан бошқа ҳаётни билмайдиган мазлумлар учун қамоқхоналардир.
Дакка шаҳри чеккасидаги заводни тасаввур қилинг. Занглаган дарвозалар ва ёрилган деворлар ортида ишчилар 14-16 соат давомида мук тушганча бир хил иш бажаришади. Бу ҳам етмагандек бино қулаб тушиши ёки ёнғин чиқишидан хавфсираб, юраклари зириллаб туради. Ичкарида эса – нафасни бўғувчи қайноқ ҳаво, тер ҳиди ва зарарли кимёвий моддалар ҳамда меъёридан ортиқ иш босимлари уларнинг кундалик ҳаётининг бир қисмига айланган. Бу хоналарда олинган ҳар бир нафас ўпкангизни чанг-тўзон ва мато қипиқларига тўлдиради. Шунча оғир меҳнат учун эса кунига икки доллар, ойига 100 доллар ҳажмида маош тўлашади. Бу озиқ-овқатга зўрға етади. Тўрт девор ичида бундан бошқа тақдирни билмайдиган касалманд аёллар ва нимжон болалар хира ёритилган хоналарда кўз нури ва бел қувватини сарфлаб ишлайди, ўз орзуларини матога қўшиб тикиб, Европа ва Aмериканинг ҳашаматли дўконларини нафис коллекциялар билан тўлдиради.
Human Rights Watch маълумотларига кўра, аёллар тўқимачилик фабрикаларида ишчи кучининг 80 фоизини ташкил қилади ва кўпинча жинсий таъқиб ва камситишларга дучор бўлади.
Жанубий Осиёдаги заводларга ҳам назар солсак, бу ерда тунги сменалар одатий ҳолга айланиб бормоқда. Ҳавонинг ҳарорати 40 даражадан ошади, лекин шамоллатгичлар фақат инспекторлар текширгани келганида ёқилади холос. Чунки электрни эконом қилишади. Меҳнаткашлар оғир иш кунидан кейин шундоққина ерда ухлашади. Чунки улар уйга бориб-келиш учун етарли вақт, пул ёки кучга эга эмаслар.
Покистонда эса тикувчилик фабрикалари кўпинча болалар ва аёлларни иш билан таъминлайди ва уларга арзимаган ҳақ тўланади. Ишчилар баъзан дам олиш куни ёки тоза ичимлик сувидан фойдаланиш каби асосий ҳуқуқлардан маҳрум бўлишади. Ишчилардан бири, покистонлик 16 ёшли йигит "Мен ўзим тикаётган ҳашаматли кийимларни ўлгунимча ишлаб ҳам сотиб ололмайман, улар жонимдан ҳам қиммат туради” деганда нақадар ҳақ!
Aйтиш жоизки, саноати ривожланган Хитойда ҳам миллионлаб ишчилар заводлар ёнидаги ётоқхоналарда яшаб, мажбурий меҳнатга яқин шароитларда меҳнат қилмоқда.
Бунинг устига, маҳаллий зиқна “фабрикончилар” меҳнат хавфсизлиги қоидаларига ҳам риоя этишмайди. Масалан, 2013 йилда Бангладешда Rana Plaza биноси қулаб тушди, натижада Benetton ва Primark каби дунёнинг энг йирик брендлари учун кийим тикаётган 1134 ишчи вайронлар остида қолиб кетиб ҳалок бўлди.
Албатта, бундан дунё даҳшатга тушди, лекин бирор нарса ўзгардими? Йўқ. Бундай заводларда ҳар йили минглаб одамлар нобуд бўлади ёки ногирон қолади. Бунга кўникиб ҳам кетишган.
2021 йилда эса Ҳиндистонда ҳам худди шундай қўрқинчли воқеа юз берди: Zara учун маҳсулот ишлаб чиқарадиган заводлардан бирида содир бўлган ёнғин 43 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бунга электр симларининг носозлиги ва фавқулодда чиқиш йўлларининг тўсиб қўйилгани сабаб қилиб кўрсатилган.
Aммо ҳар куни яна бир талай фожиалар телекамералар ва газеталар эътиборидан четда қолаётганини таъкидлаш шарт эмас.
Ижтимоий жавобгарлик: хаёлми ёки ҳақиқат?
Албатта, аксарият брендлар ўз товарларини тикиш топширилган чет эл пудратчиларининг иш шароитларини кузатиб боришларини, ижтимоий жавобгарлик дастурларини ишга туширишганини даъво қилишади. Aммо уларнинг бундай масъулият ҳақидаги баёнотлари кўпинча ҳақиқатни масхара қилиш каби эшитилади. Мисол учун, Nike заводлардаги шароитларни яхшилашга қаратилган "Барқарор ишлаб чиқариш ва манбаларни таъминлаш" ("Sustainable Manufacturing and Sourcing") дастурини ишга туширди, бироқ ҳисоботлар фабрикаларда қонунбузарликлар ҳамон давом этаётганини кўрсатмоқда.
Nike ҳам ўз заводларидаги шароитларни яхшилаш учун миллионлаб доллар сармоя киритган бўлса-да, бу ташаббусларни назорат қилиш такомиллашмаган. Умуман, Nike Индонезия ва Ветнамдаги фабрикалардаги иш шароитлари билан боғлиқ шов-шувли жанжалларга тез-тез дуч келиб туради. 1990-йилларда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари, кейинги йилларда эса меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги қонунбузарликлар аниқлангани бунга мисол.
Zara ва унинг бош компанияси Inditex эса бир неча бор Бангладешдаги фабрикалари боис танқид ўқларига нишон бўлган: у ерда ишчилар кунига 3-4 долларга, ноқулай шароитларда меҳнат қилади. Zara бу борадаги стандартларни кучайтиришга ваъда берди ва таъминот занжирида шаффофликни ошириш учун "Ҳаётга қўшилинг" ("Join Life") ташаббусини киритди. Аммо мустақил инспекторларнинг фабрикаларга кириш имконияти чеклангани боис бу лойиҳа самарадорлиги шубҳа остида қолмоқда. Мустақил инспекторлар эса қонунбузарликларни топишда давом этмоқда: ишчилар хавфсизликнинг асосий шартларига эга эмас ва уларнинг ҳуқуқлари топталишда давом этяпти. Масалан, Clean Clothes Campaign каби мустақил ташкилотларнинг тадқиқотлари бу фабрикаларда кенг тарқалган қонунбузарликлар ҳақида хабар беради: ишчилар меъёридан ортиқча ишлашга мажбур, иш ҳақи асосий эҳтиёжларни қопламайди ва кўплаб фабрикаларда тегишли меҳнат хавфсизлиги шароитлари йўқ.
Ёки бўлмаса, H&M компанияси меҳнат шароитларини яхшилашга ваъда бериб, Better Work дастурини ишга туширди. Бу дастур воситасида ишчиларшга қулай муҳит яратишга даъво қилинди, аммо фактлар бунинг аксини кўрсатмоқда. 2019 йилда Камбоджадаги фабрикалардан бирида 50 дан ортиқ ишчи ҳаддан ташқари иссиқ ҳарорат ва машаққатли меҳнат сменалар туфайли ҳушдан кетишган. Уларнинг иш ҳақи шунчалик пастки, улар ўз оилаларини боқиш учун кейинги сменаларда қолиб ишлашга мажбур.
Шунингдек, Louis Vuitton Moët Hennessy (LVMH) сифат бўйича расмий мажбуриятга эга, аммо бренднинг таъминот занжирлари Осиёдаги фабрикаларни ўз ичига олади, бу ерда эса паст маош ва оғир иш шароитлари одатий ҳолдир.
Бу машҳур брендларнинг ижтимоий масъулиятга эътибор беришлари ҳақидаги иддаоларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслигига айрим мисоллар холос.
Танганинг бошқа томони
Албатта, йирик ва машҳур брендларнинг камбағал ва авторитар давлатларда меҳнат билан боғлиқ ёмон вазиятни ўнглашга ёрдам берганини ҳам тан олиш зарур.
Масалан, Ўзбекистонда биринчи президент даврида пахта монокултураси соҳасида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат авж олган ва ҳукумат ҳам бунга билвосита хайрихоҳ эди.
Инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши эвазига етиштирилаётган бундай пахтадан жаҳоннинг 300 дан зиёд компаниялари фойдаланаётгани ҳуқуқбон ташкилотлар ва жамоатчилик фаолларининг норозилигига сабаб бўлди ва улар турли йўллар билан тегишли халқаро ташкилотларга босим кўрсата бошлади. Қолаверса, “корпоратив ижтимоий масъулият” (Corporate Social Responsibility) доирасида Ғарб компаниялари инсон ҳуқуқлари бузлиши эвазига етиштирилган маҳсулотдан фойдалана олмасди.
Натижада 2008 йилда Cotton Campaign халқаро нодавлат ташкилоти ташаббуси билан АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, юристлар ва жаҳонга машҳур йирик брендларнинг вакиллари Ўзбекистон пахтасига бойкот эълон қилиш йўлларини муҳокама этишди. Бойкот учун аниқ мақсад қўйилди: Ўзбекистон ҳукуматини мажбурий ва болалар меҳнатидан воз кечишга мажбурлаш, пахта билан боғлиқ ишларда жаҳон стандартларига мувофиқ шароитлар яратиш, фермерлар етиштирган пахтани бозор нархларида сотиб олишга мажбурлаш! Энг асосийси – мустақил мониторинг ташкилотларига пахта етиштириш ва териб олиш жараёнларини ўрганишларига тўсқинлик қилмаслик шарти қўйилди.
Алал-оқибат, 2009 йилда Adidas, Amazon, Burberry, Disney, Gap, Gucci, Ikea, Lacoste, Nike, Puma, Uniqlo, Zara каби 331 та машҳур бренд ва ритейлерлар Ўзбекистон пахтаси ва пахта маҳсулотларига бойкот эълон қилиб, уларни сотиб олмасликка келишиб олишди. Улар ўз таъминот занжирларини ўзгартириб, пахта толасини бошқа таъминотчилардан сотиб олишни йўлга қўйди.
2016 йилда Ўзбекистон янги маъмурияти кенг демократик ва либерал ислоҳотларни бошлади. Болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди. Бундай ўзгаришлардан қониққан халқаро иқтисодий ҳамжамият 2022 йил март ойига келиб бойкотни бекор қилди.
Нима қилиш мумкин?
Аввало, ишлаб чиқариш занжирининг шаффоф бўлишига эришиш лозим. Компаниялар таъминот занжири тафсилотларини ошкор қилишлари шарт.
Иккинчидан, истеъмолчиларнинг босими ҳам катта аҳамиятга эга. Яъни харидорлар фақат ахлоқий ва ижтимоий масъулиятга риоя қилувчи брендларнинг товарларини сотиб олишга ўтса, йирик компанияларни ўйлантириб қўйиши аниқ.
Учинчидан, маҳаллий ва халқаро қонунчиликни такомиллаштириш шарт. Давлатлар ва халқаро ташкилотлар ишлаб чиқариш корхоналаридаги меҳнат шароитлари устидан назоратни кучайтиришлари лозим бўлади.
Битта савол...
Бундан буён люкс брендларга хос маҳсулотларни сотиб олганингизда, бу товар ортида нималар турганини ёдга олинг. Муваффақият ва бойлик тимсолига айланган Louis Vuitton, Prada ва Zara каби люкс брендлар миллионлаб одамларнинг азоблари, бахтсизликлари ва армонлари устига қурилганини унутманг. Ҳар сафар ёрқин логотипли бирор нарсани сотиб олганимизда, ўзимиз истамаган ҳолда ушбу эксплуатация машинасининг бир қисмига айланамиз. Шу боис битта савол очиқ қолади: сиз ушбу ҳақиқатни қабул қилишга тайёрмисиз ёки бу ҳақиқатга кўз юмиб яшашда давом этасизми?
Абулфайз Сайидасқаров