platina.uz

Халқаро спорт мусобақалари: кимга фойда ва ким зарар?

Тўғри режалаштирилган тадбирлар ижобий ўзгаришларга сабаб бўлади. Бироқ айрим ҳолларда харажатлар юки келажак авлодлар зиммасига тушади.

Таҳлил
3 кун аввал, 16:51
Халқаро спорт мусобақалари: кимга фойда ва ким зарар?

Олимпия ўйинлари, Жаҳон кубоги ва бошқа халқаро спорт мусобақалари бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамларни бирлаштиради. Улар нафақат спорт ютуқлари, балки кенг кўламли иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий оқибатларга олиб келади. Бироқ, ялтироқ медаллар ва ранг-баранг маросимлар ортида бу воқеаларга доимий ҳамроҳ бўлувчи муаммолар ҳам мавжуд. Хўш, халқаро спорт мусобақаларини ўтказишдан кимлар фойда кўради ёки ким қисқа муддатли ютуқларни ҳам босиб кетадиган салбий оқибатларга дуч келади?

КИМГА ФОЙДА?

1. Қабул қилувчи давлат учун фойдалар.

Маълумки, кўпгина давлатлар халқаро мусобақаларга мезбонлик қилишни ўз иқтисодиёти ва обрўсини мустаҳкамлаш имконияти сифатида кўради. Лекин бу қанчалик асосли?

Иқтисодий ўсиш

Мусобақаларга мезбонлик қилиш янги йўллар, стадионлар ва бошқа инфратузилмалар қурилишини рағбатлантиради, янги иш ўринлари яратади.

Масалан, Барселонадаги Олимпия ўйинлари (1992) шаҳарни модернизация қилиш учун йирик спорт тадбиридан муваффақиятли фойдаланишнинг ёрқин намунаси бўлди. Испания ўйинларни тайёрлаш учун 9,7 млрд доллар сармоя киритди, унинг асосий қисми инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилди. Натижада, Барселона глобал сайёҳлик марказига айланди, кейинги йилларда туризмдан тушган даромад 50% га ошди.

Туризм

Спорт тадбирлари миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб қилади, бу эса меҳмонхона, ресторан ва сувенир савдосидан тушадиган даромадни оширади. Масалан, 2018 йилда Россияда бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатига 3 млн.дан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди ва бу мамлакат иқтисодиётига 14 млрд долларга яқин даромад келтирди. Қисқа муддатда 300 мингга яқин иш ўрни яратилди.

Имижни ошириш

Кўпгина мамлакатлар учун халқаро турнирни ўтказиш уларнинг халқаро обрўсини ошириш имкониятига айланади. Масалан, Пекин олимпиадаси (2008) Хитойнинг йирик давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлади, етакчи кучлардан бири сифатида жаҳон сиёсатига қайтишининг рамзи бўлди. Тайёргарлик ишлари тахминан 45 млрд долларга тушди ва барча инвестициялар ўзини оқламаган бўлса-да, Пекин келажак пойтахти мақомини мустаҳкамлади.

2. Спорт ташкилотлари учун фойда.

Халқаро спорт федерациялари турнирларни монетизация қилишдан катта фойда олади.

Масалан, Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) спорт мусобақаларини телевидение орқали кўрсатиш ҳуқуқларини сотиш ва ҳомийлик шартномалари ортидан млрдлаб доллар даромад олади. Масалан, Токио-2021 олимпиадаси ХОҚга трансляциялардан 3,9 млрд доллар ва ҳомийлик шартномаларидан 2 млрд доллар даромад келтирди.

Жаҳон чемпионати ташкилотчиси ФИФA 2018 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнидан 6,4 млрд доллар даромад олди. Бу маблағларнинг катта қисми турли мамлакатларда футболни ривожлантиришга йўналтирилган, аммо салмоқли улуш федерациянинг ўзида қолган.

3. Бизнес ва корпорациялар учун фойда.

Йирик халқаро брендлар спорт тадбирларини реклама платформаси сифатида кўришади.

Масалан, Coca-Cola, Nike, Visa, ва Samsung каби мусобақа ҳомийлари тадбир билан боғлиқ рекламалардан млрдлаб доллар ишлаб топишади. Мисол учун, Nike 2014 йилда Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати билан боғлиқ реклама учун тахминан 100 млн доллар сарфлаган, бу эса унинг Жанубий Aмерикадаги савдо ҳажмининг 21 фоизга ошишига олиб келган.

4. Спортчилар ва мухлислар учун фойда.

Спортчилар учун йирик турнирларда қатнашиш улар спорт фаолиятининг чўққиси, мухлислар учун эса шахсий тарихининг бир қисмига айланиш имкониятидир.

Бунга мисол тариқасида Лондон олимпиадаси (2012) таъсирини келтириш мумкин, ўшанда британиялик спортчилар 65 та медал қўлга киритган бўлиб, бу мамлакат учун рекорд ҳисобланади. Бу спортга бўлган қизиқишнинг ортишига сабаб бўлди ва кейинги йилларда жисмоний тарбия билан шуғулланадиганлар сонини 15 фоизга оширди.

КИМГА ЗАРАР?

1. Мезбон давлатнинг иқтисодиёти учун зарар.

Катта мусобақаларни ташкил қилиш кўпинча мезбон давлат учун молиявий юк бўлади. Гарчи бундай йирик тадбир мамлакат иқтисодиётига қисқа муддатда фойда келтириши мумкин бўлса-да, узоқ муддатли оқибатлар кўпинча саволлар туғдиради.

Қарзга ботиш ва ортиқча, номақбул харажат. Кўпгина мамлакатлар жуда катта харажатларга дуч келишади. Мисол учун, Сочида бўлиб ўтган олимпиада (2014) Россияга 50 млрд доллардан кўпроқ зарар келтирди ва баъзи спорт объектлари ўтган йиллар ичида ташландиқ ҳолга келиб қолган.

Инфратузилмадан етарлича фойдаланилмаслик. Қурилган стадионлар ва олимпия қишлоқлари кўпинча мусобақа тугаганидан кейин кераксиз бўлиб қолади. Улардан деярли фойдаланмайди, уларни сақлаб туриш катта харажатларни талаб қилади.

Масалан, Aфинадаги олимпиадани (2004) олсак. Бу тадбир учун Греция 15 млрд доллар сарфлади, бу унинг қарз инқирози омилларидан бири бўлиб хизмат қилди. Олимпиада объектларининг аксарияти, жумладан, стадионлар ва спорт марказлари кейинчалик ташландиқ ҳолда қолди.

Ёки бўлмаса, Бразилияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати (2014) мамлакатга 15 млрд долларга тушди. Гарчи инфратузилмани яхшилаш ваъда қилинганига қарамай, ҳозирда кўплаб бинолар тўлиқ фойдаланилмаяпти ва аҳолининг норозилиги оммавий чиқишларда акс этмоқда.

2. Маҳаллий аҳоли учун зарар.

Спорт мусобақаларини қабул қилувчи шаҳарлар аҳолиси одатда нархларнинг ошиб кетиши ва мажбурий кўчиш каби муаммоларга дуч келади.

Айтайлик, Сочида ўтган олимпиадага (2014) тайёргарлик объектлар қурилиши туфайли кўчиб ўтишга мажбур бўлган 2 мингга яқин оилани қамраб олди. Бундан ташқари, шаҳарда уй-жой нархи 43% га ошган, бу эса кўплаб маҳаллий аҳоли учун уй сотиб олиш имкониятини пасайтирди.

3. Экология учун зарар.

Йирик спорт турнирлари ўзидан албатта экологик из қолдиради. Кенг миқёсдаги қурилиш табиий ҳудудларни вайрон қилади ва миллионлаб сайёҳлар ҳамда томошабинлар қолдириб кетган чиқиндиларни йўқ қилиш билан боғлиқ муаммолар юзага келади. Масалан, 2016 йилги Рио олимпиадаси маҳаллий экотизимларга зарар етказгани учун танқидга учраган. Зеро, спорт объектларнинг аксарияти маҳаллий экология ҳисобга олинмаган ҳолда қурилган, сайёҳлар оқими ҳудуд ва дарёларда чиқиндилар миқдорини оширган.

4. Сиёсий ва ижтимоий масалалар

Инсон ҳуқуқлари бузилган мамлакатларда мусобақалар ўтказиш норозиликларга сабаб бўлади. Бундай мамлакатларда халақаро мусобқаларни ўтказиш ҳуқуқининг берилишиёқ демократик ва либерал оқимларнинг фаолларида норозилик уйғотади.

Мисол учун, Қатар (2022) Жаҳон чемпионати учун стадион қурилишида иштирок этаётган муҳожирларнинг оғир меҳнат шароити туфайли танқид остида қолди. Amnesty International маълумотларига кўра, кўплаб ишчилар хавфли шароитларда ишлаган ва уларнинг иш ҳақи кўпинча кечиктириб берилган.

5. Спортчи ва томошабинлар учун зарар.

Кучли рақобат ва босим кўплаб спортчиларни юқори натижаларга эришиш йўлида ўз соғликларини қурбон қилишларига сабаб бўлади. Устига устак, спортга ва адолатга бўлган ишончни сусайтирадиган допинг можаролари, ҳакамларнинг нохолислиги борасидаги шубҳалар ҳам спортчи ва томошабинларда оғир руҳий тасассурот қолдиради.

МУНОЗАРАЛИ МАСАЛАЛАР

1. Харажатлар ва реал фойда мувозанати

Масалан, Монреал олимпиадасини (1976) ўтказиш учун шу номли шаҳар катта қарз олган ва уни тўлаш учун 30 йил керак бўлди. Ўйинларнинг якуний қиймати 1,5 млрд долларни ташкил этди ва 2,7 млрд долларлик қарз шаҳар учун молиявий инқироз тимсолига айланди.

2. Aхлоқий масалалар

Мусобақаларнинг авторитар режимга эга мамлакатларда ўтказилиши бундай қарорларнинг қонунийлиги борасида саволлар туғдиради. Масалан, Москва олимпиадасининг (1980) бойкот қилиниши (қатнашишдан бош тортиши) совет қўшинларининг 1979 йилда Aфғонистонга бостириб киришига Ғарб давлатларининг норозилик ифодасига айланди. Мазкур олимпиадани 60 дан зиёд давлат бойкот қилган.

Бунга жавобан, СССР ва яна 13 та совет сателлит давлатлари Лос-Анжелесда (1984) ўтказилган олимпиадани бойкот қилишди.

Ундан аввалроқ эса Монреалдаги (1976) олимпиада 29 та Африка давлатлари томонидан бойкот қилинган эди.

Ёхуд 1936 йилда фашистлар Германиясида (Адолф Ҳитлер даврида) XI ёзги олимпиада ўйинлари Испания ва Литва каби давлатлар томонидан сиёсий сабабларга кўра бойкот қилингани шундай мунозарали ҳолатлар сирасига киради.

________________________________________________

Керакми ёки керак эмасми?

Халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш ҳам салбий, ҳам ижобий оқибатларга эга. Улар давлатлар ривожланишининг кучли катализатори бўлиши мумкин. Шу билан бирга, қарзга ботиш, экологик муаммолар ва ижтимоий можаролар манбаига айланиши мумкин. Эҳтимолий зарарни минималлаштириш учун тадбирларни узоқ муддатли оқибатларни ҳисобга олган ҳолда, масъулиятни чуқур англаган ҳолда ташкил этиш муҳимдир. Муваффақият калити шаффофлик, ресурсларни самарали бошқариш ва маҳаллий аҳоли манфаатларига эътибор қаратишдадир.

Охир-оқибат, “кимга фойда ва ким зарар?” деган савол мамлакат ўзига берилган имкониятдан қай даражада аниқ фойдаланиши ва келажакни қанчалик малакали режалаштириш билан белгиланади.

Шу боисдан, йирик спорт тадбирларининг муваффақияти мезбон давлат ташкиллаштириш ва ўтказиш масалаларига қанчалик масъулият билан ёндашишига боғлиқ. Барселона ва Лондон мисоллари шуни кўрсатадики, тўғри режалаштирилса, бундай тадбирлар ижобий ўзгаришларга сабаб бўлади. Бироқ, Aфина, Рио де Жанейро ёки Сочидаги вазиятлар бунинг аксини – бундай ҳолларда харажатлар юки келажак авлодлар зиммасига тушади.

Хулоса қилиб айтганда, йирик халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш фойда келтирадими ёки зарар, деган савол доим очиқ қолади. Бироқ бир нарса аниқ: муваффақият калити мамлакатнинг амбициялари ва ҳақиқий эҳтиёжлари ўртасидаги мувозанатда яширинган!

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+