platina.uz

Тамагочи эффекти: реаллик ва виртуаллик

Виртуал мавжудотларга ғамхўрлик қилиш тажрибаси ҳақиқий ҳаётда масъулият ва ғамхўрликни идрок этишга таъсир қилди ва ушбу психологик ҳодисага шундай ном берилди.

Мақола
9 декабрь 2024 йил
Тамагочи эффекти: реаллик ва виртуаллик

Психологияда “Тамагочи эффекти”, одатда, Tamagotchi каби электрон виртуал уй ҳайвонларида бўлгани каби, одамлар виртуал қаҳрамонлар учун қайғуриш ва масъулият ҳисларини намойиш этадиган ҳодисага нисбатан айтилади. Бу ҳодиса виртуал муносабатларнинг инсон хатти-ҳаракатларининг ҳиссий ва психологик жиҳатларига таъсирини ўрганишга имкон беради.

Ўтмишга назар

Тамагочи (японча: たまごっち тамаготти) – ўйинчоқ, виртуал уй ҳайвони. Tamagotchi виртуал уй ҳайвонлари 1990-йилларда феноменга айланди. Tamagotchi Япониянинг Bandai компанияси томонидан яратилган ва биринчи марта 1996 йил 23 ноябрда чиқарилган. Булар тухум шаклидаги электрон қурилмалар бўлиб, ўз эгасидан ғамхўрлик қилишни талаб қиладиган виртуал қаҳрамон кўрсатиб туриладиган кичик экранга эга бўлган.

Бу ўйинчоқни чиқаришдан мақсад – ғамхўрлик қилиш, озиқлантириш, ўйнаш ва кузатиш керак бўлган виртуал уй ҳайвонларини яратиш эди. Tamagotchi Японияда машҳурликка эришди ва тез орада бутун дунё бўйлаб ёйилиб, электрон ўйинчоқлар ва виртуал уй ҳайвонлари рамзига айланди.

2017 йилнинг кузида, Daily Mail газетаси маълумотларига кўра, Tamagotchi ўйинчоқларининг янгиланган версияси АҚШда олти хил корпус дизайнида ва олти хил виртуал уй ҳайвонлари билан яна сотувга қайтди. Янгиланган версия ҳам асл нусхадан кичикроқ, аммо функционаллиги бир хил.

Tamagotchi’нинг инсон хулқ-атворига таъсири қизиқарли ҳодисага айланди. Одамлар ўзларининг виртуал уй ҳайвонларига масъулият, ғамхўрлик ва ҳиссий жозиба кўрсатишни бошлади. Виртуал мавжудотларга ғамхўрлик қилиш тажрибаси ҳақиқий ҳаётда масъулият ва ғамхўрликни идрок этишга таъсир қилди ва ушбу психологик ҳодисага "Тамагочи эффекти" деб ном берилди.

“Tамагочи эффекти” кенг тарқалгач, тадқиқотчилар одамлар ва Tamagotchi’лар ўртасидаги симбиотик кўринган муносабатни тасвирлаш учун “Tamagotchi-одам-киборг” атамасини фанга киритди. Улар тамагочи одамнинг ёнида ўлмаган бўлса, яқин атрофдаги тирик уй ҳайвонининг ўлими каби азоб-уқубатлар бермайди, деган фикрни билдиришди.

Эффект таъсири

“Тамагочи эффекти” мисоли қуйидаги жиҳатларни ўз ичига олади:

• Масъулият ва ғамхўрлик. Мунтазам ғамхўрликни талаб қиладиган виртуал уй ҳайвонига эга бўлиш одамда масъулият ҳисси ва ҳақиқий уй ҳайвонига меҳр кўрсатиш каби ғамхўрлик ҳиссини тарбиялайди.

• Ҳиссиётга берилиши. Одамлар виртуал қаҳрамонлар билан ҳиссий алоқаларни ривожлантиришлари, уларнинг фаровонлиги ҳақида қайғуришлари, уларнинг ҳолатига муносабат билдиришлари мумкин. Бу эса эгасининг ҳиссий ҳолатига таъсир қилиши мумкин.

• Масъулиятни ўргатиш. Tamagotchi каби виртуал уй ҳайвонлари, айниқса болалар учун масъулиятни ўрганишга восита бўлиб хизмат қилиши мумкин. Виртуал қаҳрамонга ғамхўрлик қилиш муайян масъулиятни ўз зиммасига олишни талаб қилади, бу эса ғамхўрлик ва масъулият кўникмаларини шакллантиради.

• Технологик муносабат. “Тамагочи эффекти” – технологияларнинг ҳис-туйғуларимизга ва хатти-ҳаракатларимизга таъсирини ҳам акс эттириши мумкин. Виртуал алоқалар ва виртуал мавжудотларга ғамхўрлик технология ривожланиши билан кенг тарқалмоқда. Айниқса, сунъий интеллект ва нейротармоқларга асосланган чат ва роботларнинг инсон ҳаётига кенг кириб бораётгани бундай эффект ҳақида чуқур ўйланишга мажбур қилади.

Таъкидлаш лозим, мазкур ҳодиса ҳозир психологияда кенг ўрганилмоқда. У амалиётга ҳам кенг татбиқ этилиши мумкин. Бу эффектни ўрганиш технологиялар инсон муносабатлари ва ҳиссий соҳага қандай таъсир қилиши мумкинлиги нуқтаи назаридан ҳам қизиқ ҳисобланади.

Эффектнинг салбий оқибатлари

“Тамагочи эффекти” ижобий бўлиши мумкин эса-да, масъулият ва ҳиссий иштирокни рағбатлантиради, аммо бу ҳодисанинг эҳтимолий салбий оқибатлари ҳам мавжуд:

• Стресс ва ташвиш. Виртуал уй ҳайвонларига ғамхўрлик қилиш стресс ва ташвишга олиб келиши мумкин, айниқса эгаси уларга ғамхўрлик қилишда қийинчиликларга дуч келса! Мисол учун, масъулиятсизлик виртуал уй ҳайвонининг "ўлимига" олиб келадиган бўлса, бу салбий ҳис-туйғуларга сабаб бўлиши мумкин.

• Технологияларга қарамлик. Ушбу эффект технология ва виртуал муносабатларга қарамликни ҳам тушунтириб бера олади. Одамлар реал ҳаётдаги муносабатлар ва масъулиятни эътиборсиз қолдириб, виртуал мавжудотларга ғамхўрлик қилишга кўп вақт исроф қилишлари мумкин.

• Жонли муносабатлар иллюзияси. Виртуал уй ҳайвонларига ғамхўрлик қилиш – ҳақиқий, жонли муносабатлар ва масъулиятнинг ўрнини босиш иллюзиясини яратиши мумкин. Одамлар реал муносабатлардан кўра виртуал муносабатларни афзал кўриб қолишлари, бу эса уларнинг ижтимоий ҳаётига салбий таъсир қилиши мумкин.

• Ҳақиқий ҳаётдан чалғитиш. Виртуал парвариш ҳақиқий муаммолар ва масъулиятдан чалғитади. Одамлар виртуал уй ҳайвонларига ғамхўрлик қилишдан ҳақиқий ҳаётдаги стресс ва қийинчиликлардан қочиш учун фойдаланишлари мумкин.

• Ижтимоий иҳоталаниш. Aгар “Тамагочи эффекти” реал ижтимоий мажбуриятлардан воз кечиш билан бирга юз берса, бу ижтимоий иҳоталанишга ва бошқалар билан ҳақиқий муносабатларнинг ёмонлашувига олиб келиши мумкин.

• Ҳақиқий эҳтиёжларга эътибор бермаслик. Виртуал уй ҳайвонларининг эгалари ўзларининг асл эҳтиёжларини унутиб, виртуал мавжудотларга ғамхўрлик қилиш учун кўпроқ вақт ажратиш ва эътибор беришга ўрганиб қолишлари мумкин.

Умуман олганда, “Тамагочи эффекти” ҳар хил таъсирга эга бўлиши мумкин. Бу таъсир технологияларнинг инсон ҳаётига қандай кириб боргани ва инсон ўзига қандай жиҳатларни устувор мақсад сифатида белгилаб олганига боғлиқ. Бу эффект салбий оқибатларга олиб келмаслиги учун виртуал ва ҳақиқий масъулият ўртасидаги мувозанатни топиш зарур бўлади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+