Гигантлар жанги: Microsoft Windows ва Apple macOS
Уларнинг рақобати технологик тараққиётнинг двигатели бўлиб қолади ва улар ўртасидаги танлов ҳар доим фойдаланувчининг афзалликлари, мақсадлари ва фалсафасига боғлиқ равишда амалга ошади.
Microsoft Windows ва Apple macOS шунчаки операцион тизимлар эмас. Бу – инновацион технологияга қарама-қарши икки ёндашув, ўнлаб йиллар давомида шахсий компютерлар бозори ва фойдаланувчиларнинг кундалик ҳаётини шакллантирган икки хил фалсафа деганидир. Уларнинг рақобати очиқлик ва назорат, универсаллик ва эксклюзивлик тўқнашуви дейилса, хато бўлмайди.
Ўтмиш: ривожланишнинг асосий босқичлари
Microsoft Windows
1985 йил MS-DOS учун ибтидоий график қобиқ бўлган Windows 1.0 нинг туғилган йили бўлди. Бироқ ҳақиқий инқилоб кейинроқ бошланди.
Windows 3.0 (1990): интерфейсда сезиларли яхшиланишлар, рангли дисплейларни қўллаб-қувватлаш ва хотира имкониятларини таклиф қилган биринчи машҳур версия бўлди. У дастлабки олти ой ичида икки миллион нусхада сотилган дастурий хитга айланди.
Windows 95 (1995): бу компакт дисклар, реклама кампаниялари ва дўконларда навбатлар даври эди. Windows 95 биринчи марта Start ва TaskBar тушунчаларини тақдим этди. У шахсий компютерни нафақат иш қуроли, балки уй учун ҳам универсал қурилмага айлантирди.
Windows XP: 2001 йилда чиқарилган ушбу операцион тизим барқарорлиги, кўп қирралилиги ва турли қурилмаларни қўллаб-қувватлаши боис компания учун олтин стандартга айланди.
Кўпгина фойдаланувчилар Windows’нинг янги версиялари чиқарилгандан кейин ҳам XP билан хайрлашгиси келмаган. Ҳатто Microsoft компанияси 2014 йил 8 апрел куни Windows XP ва Office 2003 дастурларини қўллаб-қувватлашни тўхтатганидан сўнг, фойдаланувчилар учун махсус “Алвидо, Windows XP” деб номланган жудаям эмоционал ва носталгик видеоролик чиқарди. Видеороликда Windows XP ўша авлод ҳозир носталгия билан эслайдиган даврлар яна бир бора ёдга олинган. Клип охирида эса хотира яхши нарса экани, аммо келажак ва тараққиёт сари дадил одим отиш, яъни Windows’нинг янги версияларига ўтиш зарурлиги таъкидланади. Кейин “Биз энди ўзгардик. Ўтмиш ҳақида афсусланманг. Алвидо Windows XP”, деган ёзувлар экранга чиқиб, Windows 8.1 га ўтиш таклиф қилинади.
2009 йилда, Windows XP чиққандан саккиз йил ўтгач, Microsoft янги тизимни ишлаб чиқишда фойдаланувчиларнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинганини таъкидлаб, Windows 7 was my idea – “Windows 7 менинг ғоям эди” деб номланган реклама кампаниясини чиқарди. Унда турли фойдаланувчи-қаҳрамонлар “Танловимдан афсусланмайман – Windows 7 – менинг ғоям эди асли” деб таъкидлайди:
Windows 7 ҳам фойдаланувчиларга ёққан, ҳатто айримлар ҳозиргача ишлатадиган барқарор ва ишончли операцион тизим бўлиб чиқди. 2020 йил 14 январ куни Microsoft компанияси ушбу тизим учун ҳам қўллаб-қувватлашни, яъни янгилинишларни тўхтатди.
Apple macOS
1984 йилда MacOS афсонавий Macintosh билан бирга келди. Стив Жобс дизайнга, визуал комфорт ва гўзалликка катта эътибор қаратгани боис ушбу операцион тизим илк марта чиройли график интерфейси билан инқилоб ясади. Бундай дизайн ва интуитивлик Apple технологиясининг асосий хусусиятларига айланган даврнинг бошланиши эди.
Mac OS Х (2001): У барқарорлик ва хавфсизликни фойдаланиш қулайлиги билан бирлаштирган UNIX асосидаги тизим ҳисобланади. Янги Aqua интерфейси шаффоф ойналар, силлиқ анимациялар ва минимализмга эга инқилобий ечим бўлди.
macOS Big Sur (2020): Apple дизайнни тубдан янгилаб, уни iOS’га яқинлаштирди. Бу Apple компютерлари ва мобил қурилмалари ўртасида янада кучли интеграциянинг тимсолига айланди.
Ўзаро рақобат курашлари
“1984”: Apple реклама инқилоби
1984 йилда Apple режиссёр Ридли Скотт томонидан яратилган машҳур Macintosh реклама кампаниясини чиқарди. Реклама IBM’ни Жорж Оруэллнинг “Катта оға” (Big brother) қаҳрамонига қиёслаган ва Macintosh’ни эркинлик рамзи сифатида кўрсатган. Бу технология тарихидаги энг машҳур реклама кампанияларидан бирига айланди:
Судлашувлар
Aсосий эпизодлардан бири – Apple компанияси Microsoft’ни macOS визуал интерфейсининг189 та элементини рухсатсиз кўчириб олиб, Windows учун қўллашда айблаш бўлган. Суд жараёнлари 1988 йил 17 март куни Microsoft’га қарши муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши бўйича судга даъво аризаси киритиши билан бошланиб, 1994 йилгача давом этди. Apple мағлубиятга учраган бўлса-да, жанг икки гигант ўртасидаги кескин муносабатлар рамзига айланди.
Интерфейс ва фойдаланувчи тажрибаси
Windows фойдаланувчилари тизимнинг кўп қирралилигини қадрлашади. Мисол учун, Windows 10 бир вақтнинг ўзида бир нечта иш столлари билан ишлаш имконини берувчи Virtual Desktops – “Виртуал иш столлари” функциясини тақдим этди. У бир вақтнинг ўзида кўп вазифаларни бажариш учун идеал восита ҳисобланган эди.
macOS учун интеграция мисоли – Continuity хусусияти бўлган. Масалан, iPhone’да электрон почта орқали хат ёзишни бошлашингиз ва уни охирига етказмасдан, Маc’да тугатишингиз мумкин.
Ўйинларни қўллаб-қувватлаш
Windows компютер ўйинлари дунёсида сўзсиз етакчи бўлиб қолмоқда. Мисол учун, 2023 йилда Steam платформасидаги барча ўйинларнинг 90% дан ортиғи Windows тизимида ишга туширилган. macOS тизимлари қўллаб-қуватлаш чекланган қурилма ва DirectX туфайли ўйинлар оламида иккинчи ўринда қолиб кетмоқда.
Хавфсизликка эътибор: қиёсий таҳлил
Хавфсизлик ҳар қандай операцион тизимнинг асосий хусусиятларидан биридир. Windows ва macOS ўз ишлаб чиқарувчилари фалсафасини акс эттирувчи маълумотларни ҳимоя қилишда турлича ёндашувларни таклиф этади.
Windows
Тарихан Windows анча очиқроқ моделдан фойдаланган, бу эса уни хакерлик ҳужумларига қарши ҳимоясиз ҳолга келтирган. Windows учун вируслар – зарарли дастурларнинг кўплиги ва машҳурлигининг асосий сабабларидан бири – бу операцион тизимнинг кенг қўлланилишидир. 2000 йилларнинг бошида ILOVEYOU ёки Blaster Worm каби вируслар ва троянлар миллионлаб компютерларга ўзини юқтириб, ўша даврнинг тимсолига айланди. Биргина ILOVEYOU вируси дунёдаги 3 миллиондан зиёд компютерга юққан ва жаҳон иқтсодиётига 10 млрд доллардан кўпроқ зарар келтирган эди. Мазкур вирус оддий хат кўринишида келади. Хатни очишга уринган фойдаланувчи компютерига вирусни юқтириб олади.
Бироқ Windows 10 ва 11-нинг чиқарилиши билан Microsoft ҳимояни сезиларли даражада кучайтирди.
Windows Defender: олдиндан ўрнатилган антивирус реал вақтда ҳимояни таклиф қилади, кўпинча учинчи томон ечимларидан устундир.
Фойдаланувчи аккаунтини бошқариш (UAC): бу хусусият тизимни ўзгартиришга уринилганда, фойдаланувчиларни огоҳлантиради.
BitLocker: тизимга рухсатсиз киришдан ҳимоя қилувчи маълумотларни шифрлаш воситаси ҳисобланади.
macOS
Apple ўз экотизимининг ёпиқ қолиши учун пул тикмоқда. Windows’дан фарқли ўлароқ, macOS учинчи шахсларга тизимга тўлиқ кириш имконини бермайди, бу эса зарарли дастурларнинг яратилиш эҳтимолини камайтиради.
Gatekeeper: бу хусусият сертификатланган ишлаб чиқувчилар томонидан имзоланмаган иловаларни ишга туширишни блоклайди.
XProtect: автоматик равишда янгиланувчи, ўрнатилган дастурий ҳимояси.
FileVault: дискни тўлиқ шифрлаш, ҳатто қурилма ўғирланган тақдирда ҳам маълумотларни ҳимоя қилишни таъминловчи хусусият.
Зарарли дастурлар ва ҳужумлардан ҳимоя
Windows
Энг машҳур операцион тизим бўлган Windows турли ҳужумларнинг асосий мақсади ҳисобланади. Масалан, WannaCry товламачилик вируси (2017) фойдаланувчи маълумотларини шифрлаб қўйиб, очиш учун пул тўлашни талаб қилади. Вирус фойдаланиладиган камчилик кейинчалик тузатилди, бироқ у айниқса, корпоратив фойдаланувчиларга катта зарар етказишга улгурди.
macOS
Хавфсиз тизим сифатидаги обрўсига қарамай, macOS ҳам таҳдидларга дуч келиб туради. Мисол учун, Silver Sparrow (2021) зарарли дастури М1 процессорли компютерларни нишонга олди. Гарчи бу ҳужумлар тезда аниқланиб, бартараф этилган бўлса-да, бу факт macOS тизимлари ҳам мутлақо хавфсиз эмаслигини ошкор қилиб қўйди.
Янгилашлар ва “патч”лар
Маълумки, дастурни тез-тез янгилаб туриш – хавфсизликни таъминлаш калитидир. Windows Patch Tuesday тизими орқали ойлик “патч”ларни таклиф қилади. Бироқ ўтмишда баъзи янгиланишлар муаммоларга олиб келган, бу эса фойдаланувчиларнинг уларни ўрнатишни атайлаб кечиктиришига сабаб бўлган эди.
macOS нисбатан камроқ янгиланади, лекин XProtect каби ўрнатилган функциялар учун автоматик тузатишлар фойдаланувчи аралашувисиз амалга оширилади.
Ижтимоий муҳандислик
Умуман олганда, ҳар икки тизим ҳам инсон омилларига асосланган ҳужумларга нисбатан заифдир. Масалан, банклардан келган хабарлар сифатида яширинган фишинг электрон почта хатлари Windows ва macOS’да бир хил даражада яхши самара беради. Бундай ҳолларда операцион тизим архитектураси эмас, балки фойдаланувчининг фирибгарликдан хабардорлиги биринчи ўринга чиқади.
Шахсийлик ва махфийликка таҳдид
Windows
Microsoft тизими ишлаши ва ўзи берадиган рекламаларни такомиллаштириш фойдаланувчининг маълумотларини фаол равишда тўплайди. Бироқ Windows 10 ва 11 махфийлик созламалари учун воситаларни, жумладан, маълумотлар йиғишни ўчириш имкониятини ҳам тақдим этади.
macOS
Apple ўзини махфийликка эътибор берадиган компания сифатида кўрсатади. Масалан, Safari иловасининг App Tracking Transparency функцияси ва кузатув чегараси хусусиятлари фойдаланувчи маълумотларини самарали ҳимоя қилади.
Молиявий жиҳатлар
Microsoft
Windows’нинг асосий даромади кенг кўламли лицензиялашдан келади. Янги компютерга ўрнатилган Windows’нинг ҳар бир нусхаси компанияга фойда келтиради. Масалан, 2023 йилда 300 миллиондан ортиқ қурилмалар Windows 11 операцион тизимида ишлаётган эди.
Apple
macOS дастури унчалик даромад келтирмаса-да, компания ушбу тизим ўрнатилган қурилмалардан асосий фойдани олади. Масалан, MacBook Pro M2 чипли компютерлари профессионаллар орасида машҳур бўлиб, фақатгина 2023 йилнинг биринчи ярмида Apple учун 10 млрд доллар фойда келтирди.
Тизимлар географияси
Windows қарийб 70% улуш билан бозорда етакчилик қилади, аммо macOS ижодий соҳалар учун танлов платформасига айланган. Масалан, кино саноатида аксарият монтажчилар йирик лойиҳалар устида ишлаш учун фақат macOS’да ишга тушириш мумкин бўлган Final Cut Pro дастуридан фойдаланишади.
Шунингдек, macOS улуши ривожланаётган мамлакатларда тез ўсиб бормоқда, бу ерда Apple MacBook Air айнан талабалар ва мутахассислар учун қулай восита сифатида фаол тарғиб қилинмоқда.
Ҳар гулнинг ўз ҳиди бор
Windows ва macOS операцион тизимларининг рақобат тарихи – инновациялар, амбициялар ва маданий ўзгаришлар ҳақидаги ҳикоялардан ташкил топади. Windows қулайлик ва кўп қирралиликни англатади, macOS эса эстетик диди нозик ва профессионал шахсларни ўзига жалб этади. Уларнинг рақобати технологик тараққиётнинг двигатели бўлиб қолади ва улар ўртасидаги танлов ҳар доим фойдаланувчининг афзалликлари, мақсадлари ва фалсафасига боғлиқ равишда амалга ошади.
Абулфайз Сайидасқаров