Совет рэкетчиларининг отаси – Мўғул
Ўз даврида обрўли бўлган, бойларни тунаган ва рэкетчиликка асос солган Геннадий Карков.
Жиноят оламининг “инноватори”
Геннадий Карков 1930 йил 5 декабрда Москвада туғилган. Айрим манбаларга кўра, унинг туғилган жойи аслида Нижний Новгород вилоятидаги Кулебаки шаҳри. У ҳалол ҳаёт кечира олмади. Шуҳрат қозонишдан олдин бир неча марта қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 1969 йилда озодликка чиққан Мўғул аввалига бошқалар каби яшашга ҳаракат қилди – қурилиш ташкилотларидан бирига ишга кирди, лекин бир хил, оғир ва маоши кам иш тезда унинг жонига тегди.
“Ҳурматли” ўғрилардан бири Вася “Бриллиант”нинг "сен узоққа борасан" деган сўзларини эслаб, Карков алоҳида жиноий гуруҳ тузишга қарор қилди. Aйтганча, худди шу афсонавий СССР ўғриси Вася Бриллиант Мўғулнинг ақл-заковатини эътироф этганди. Ҳақиқатан ҳам Мўғул доимо вазиятни бир неча қадам олдиндан ҳисоблашга ҳаракат қиларди, узоқни кўра оларди. Содда қилиб айтганда, Геннадий Карков ҳокимият ва қоидаларга аҳамият бермайдиган янги форматдаги жиноятчи эди. У ўзи хоҳлаганча ҳаракат қилар эди.
Қиёфаси осиёликка ўхшагани учун (она тарафдан қозоқ бўлган) жиноят оламида “Мўғул” лақабини олган Геннадий Карков ўттизга яқин одамни ўзи бошқарган тўдага тўплади. Aйрим маълумотларга кўра, жиноий гуруҳ таркибида жами 50-60 киши бўлган. Гуруҳнинг асосий шахслари "Япончик" лақабли Вячеслав Иванков (унга бу лақабни Мўғул берган), шунингдек, "Битумчи" лақабли жиноятчи ва руҳий касал, гиёҳвандлик билан касалланган Жаллод бўлган (Битумчи қурбонларини асфалт тагига бостиришни яхши кўрган). Айнан Жаллод кейинчалик қурбонларини қийнаш вазифасини бажарар эди.
...1970-йилларнинг бошлари. Мамлакат нафақат озиқ-овқат ва кийим-кечак билан боғлиқ дефицитдан қийналарди. Советча режали иқтисодий сиёсат мамлакат иқтисодини тамоман вайрон қилган пайтлар. Ҳатто антиквар коллекционерлари ҳам совет бозорининг танқислигини ўзларида ҳис қилишган.
Ихтисослашган дўконларнинг директорлари фақат кенг истеъмол товарларини жавонларга жойлаштиришга рухсат беришар эди. Ҳатто шу товарлар ҳам узун навбатга туриб сотиб олинган. Ҳақиқий камёб товарлар “пештахта остидан” – қиммат нархларда, таниш-билиш орқали сотилар эди. Шу боис ноёб товарлар сотилувчи дўконларнинг мудирлари, юмшоқ қилиб айтганда, олтин ва ипакларга кўмилиб яшаган. Бунга ёрқин мисоллардан бири – катта бир дўкон директори Волдемар Миркин эди.
Миркин ўз лавозимидан фойдаланиб, энг яхши товарларни ўз танишлари орасида тақсимлаб, катта фойда оларди. Албатта, бу совет қонунчилиги бўйича оғир жиноят ҳисобланган. Кунлардан бир куни Мўғул бундан хабар топди.
Мўғулнинг тўдаси тез ва аниқ ҳаракат қилди. Улар Миркинни боғлаб, юк машинасининг орқасига ташлади. Бу ерда дўкон директори тобутга кўзи тушган. Бандитлар табассум билан бу тобут уники эканини айтишган.
"Мўғул иши"ни тергов қилган ходим Aлександр Сухаревнинг айтишича, Миркин узоқ вақт қаршилик кўрсатиб, пулларини бергиси келмаган. Aммо жиноятчилар уни ўрмонга олиб бориб, ўзи учун қабр қазишга мажбурлаганларидан кейин таслим бўлган. Психологик ҳужум ўз самарасини берган: Миркин ҳамма бойлигини Мўғул тўдасига ўз қўли билан топширишга мажбур бўлган.
Норасмий миллионерлар учун ов
Мўғул асосан руҳий қийноқлардан моҳирлик билан фойдаланса-да, жисмоний зўравонлик ва қийноқлардан ҳам бош тортмаган. Бу усуллар жабрланувчининг қайсарлик даражасига қараб танланган. Ўша пайтларда яширин ишбилармонлар – қипчагар савдо ходимлари, қора бозорчилар ва ноёб товарларни яширин ишлаб чиқарувчи “фарцовшиклар” қўрқишга одатланмаган эди. Улар совет воқелигига моҳирлик билан мослашиб олишган эди: керакли жойларни мойлаб, милиционерларга пора бериб, тинчгина яшаб юришган эди. Таъбир жоиз бўлса, улар орқадан пичоқ уришларини кутмаганлар. Буни биринчи бўлиб Мўғул тушунди. Улардан пул ундиришга киришганида, у милиция ва хавфсизлик ходимларидан қўрқмади, чунки унинг қурбонлари жиноятлари ошкор бўлмасиги учун ҳуқуқ-тартибот ходимларига мурожаат этишдан қўрқишар эди. Тўғри, рэкет эски ўғриларнинг қоидаларига зид эди. Aммо бу Мўғулни тўхтатиб қолмади. У пул ундириш учун ҳар қандай усулга тайёр эди. Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот идораларининг баъзи вакиллари унинг тарафида бўлган дейишади.
Хуллас, Москванинг яширин миллионерлари ваҳимага тушиб қолишди. Ҳеч ким ўз хавфсизлиги учун хотиржам эмасди. Эски қонун ўғрилари якка ҳолда иш тутишни афзал кўришарди. Бироқ улар жиноят оламидаги қоидалар ўзгара бошлаганини сезиб қолишди. Мўғул ва унинг асосий ёрдамчиси Япончик (Вячеслав Иванков) СССРдаги биринчи уюшган жиноий гуруҳнинг асосчиларига айланди.
Япончик Мўғулдан ҳам ўтиб, янги форматни таклиф қилди. Энди тўда ўғрилари милиционерлар формасини кийиб, норасмий миллионерларни қўрқитиб пул ундиришни ҳам йўлга қўйишган. Бундай муваффақиятлар, албатта, Мўғул тўдасини руҳлантириб юборди. Пул ва бойликлар тўдага осонлик билан оқиб келарди.
Лекин бир куни Мўғул одамлари хатога йўл қўйишди. Улар кабобпазлик ошхонаси мудири Aнтонина Ломакинани ўғирлаб кетишди. Ташкилотнинг паст мақомига қарамай, аёл жуда бой ҳаёт кечирир, СССРнинг оддий фуқаролари орзу ҳам қила олмаган ҳашамати билан мақтанишдан қўрқмас эди.
Биков исмли бандит шашликчи аёлни бойлигидан воз кечишга мажбурлаб, икки соат пичоқ билан аёлнинг қовурғасини тешиб, қийнаб ўтирган. Аёл ниҳоят рози бўлган. Мўғул одамлари ҳатто аёлнинг уйидаги мебелларни ҳам олиб кетишган. Мўғул унинг тўдаси аллақачон кузатув остида эканини ҳали билмас эди.
Умуман олганда, Мўғул тўдаси ўта шафқатсизлиги билан ажралиб турарди – пул ва қимматбаҳо нарсаларни беришдан бош тортганлар ўрмонга олиб кетилган ва у ерда қийноққа солинган. Қийноқлар жуда хилма-хил бўлиб, жисмоний ва руҳий шакллари қўлланилган. Қурбонлар дарахтларга осиб қўйилган, бўғила бошлаганларида арқон кескин кесилган. Баъзиларини тобутга солиб, арра билан арралашган. Одатда бундай руҳий ва жисмоний қийноқлардан кейин ҳар қандай қайсар бойвачча ҳам мулла минган эшакдек бўлиб қолар эди.
Таъкидлаш керак, Мўғул тўдаси СССРда биринчилардан бўлиб ноқонуний миллионерларнинг пулларини товламачилик ёрдамида олиш билан шуғулланган, бу усул кейинчалик "рэкет" деб номланган (ингл. racket – итал. ricatto “товламачилик”) Бу ўғрилар қонунини, яъни совет иттифоқи жиноят оламининг асосий қонунини тўғридан-тўғри бузиш эди.
Ўғрилар “сходкаси” – мажлисида бошқа қонундаги ўғрилар Мўғулни ўғрилар қонунлари – “поняткаларини” бузгани учун жазоламоқчи бўлишди. Бироқ унга нисбатан ҳеч қандай репрессив чоралар кўрилмади – Карковнинг айби шундаки, у биринчи бўлиб ушбу турдаги жиноий фаолият билан шуғулланган эди. Бир неча йил ўтгач, Мўғул ҳам “қонундаги ўғри”га айланди ва 1970 йилларнинг охирида Кисловодскдаги Бутуниттифоқ ўғриларининг "йиғилишида" барча ўғрилар дўкон мудирлари ва “қора бозорчи”лардан пул олиш керак деган якдил қарорга келишди. Шундай қилиб, янги жиноий формат – бойлик ва жиноят олами бирлаша бошлади. Бундан аввал эса қонуний ўғриларнинг бойиши ва ҳашаматда яшаши тақиқланган эди.
Қонуний ўғри сифатида
Мўғул қонун ўғрилари билан учрашишдан қочишга ҳаракат қилар эди. Aммо учрашиб қолса, ўзини такаббур ва одобсиз тутган. У ҳатто эски таниши Вася “Бриллиант” билан ҳам учрашишдан бош тортди. Бироқ “эски мактаб” ўғрилари Мўғулни тийиб қўйиш учун милиция идоралари билан учрашишга мажбур бўлишди. Шундан сўнг хавфсизлик ва милиция ходимлари "янги формат" тўдасидан хабардор бўлишди.
1972 йилда Владимир Биков ҳибсга олинган. Мўғул буни кутмагани боис, ўз тўдасининг аъзолари билан фавқулодда йиғилиш ўтказишга қарор қилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари худди шуни кутиб туришганди. Йиғилиш чоғида милиция тўданинг ҳамма одамини – 31 кишини ҳибсга олди.
Мўғул ўзини хотиржам тутди. У терговчилар ҳеч нарсани исботлай олмаслигига амин эди. Ва унинг ҳисоб-китоби деярли тўғри бўлиб чиқди. Тергов фақат иккита жиноят эпизоди бўйича уларнинг айбини исботлай олди.
Бироқ Мўғул тўдаси ўғирлаб кетиб, қийноққа солган норасмий миллионерлари орасидан бир нечта жасурлари гувоҳлик беришган. Фақат бир нечта жиноятни исботлаш мумкин бўлса-да, бу Мўғулни 14 йилга қамоққа ҳукм қилиш учун етарли эди. Aммо терговчилар енгил жазо берилганидан норози бўлишди, чунки улар Мўғулни ўлимга ҳукм қилишларини кутишган эди. Шунда Мўғул "судяни сотиб олган" деган миш-мишлар тарқалди. Aммо буни исботлайдиган ҳеч қандай далил йўқ эди.
Мўғулни қамоқда ўлдириб юборишлари мумкин эди. Бироқ Мўғул ҳурматли ўғрилар билан келиша олди. Бундан ташқари, бир неча йил ўтгач, юқорида айтилганидек, унга ҳатто қонундаги ўғри тожини ҳам кийдиришди. Кейинчалик Мўғулнинг ўзи бир қанча қонундаги ўғриларга тож кийдирди.
Янги воқелик
Карков бутун жазо муддатини – 14 йилни батамом ўтаган ва 1986 йилда озод қилинган. У қамоқдан чиққанида СССРни таний олмади. Бир пайтлар унинг қурбони бўлган миллионерлар энди ҳокимият тепасига чиқиб олишган эди. Мўғул ҳибсга олинганидан бери ўғрилар дунёси ҳам ўзгариб кетган эди. Энди улар рэкетдан ҳазар қилишмасди. Шунингдек, "апелсинлар" – пул билан қонуний ўғри мақомини сотиб олган жиноятчилар кўпайган эди.
Бироқ янги воқеликка тез мослашиб олган Мўғул яна дарров ўз атрофига курашчи спортчилар, боксчилар ва бошқа зўравонларни тўплади. Унинг тўдаси автосервислар, кооперативлар ва чакана савдо нуқталарини қўлга олишди. Aммо аввалгидек катта фойда ва олдингидек кенг кўламни орзу қилмаса ҳам бўларди. Тўда аъзолари шу арзимаган “даромад”ни ресторан ва фоҳишаларга сарфлаб, йўқ қилишар эди.
1990-йилларнинг бошларида Мўғул Москванинг баъзи ҳудудларида “смотряший” – назоратчи бўлди ва Францияда уй сотиб олди.
Бироқ тақдир унга атаб қўйган “уйга” боришдан қочиб қутулмади: Мўғул тез орада саратон касалига чалинди ва 1994 йил 14 октябрда 63 ёшида Подолск онкология клиникасида вафот этди.
Абулфайз Сайидасқаров