platina.uz

Осиё ўйинлари бошқа давлатга кўчирилганига изоҳ берилди

Миллий олимпия қўмитаси изоҳига кўра, пандемиядан кейинги чекловлар сабабли Олимпия шаҳарчаси қурилиши учун зарур воситалар етказиш жараёнида узилишлар кузатилган.

Спорт
2 декабрь, 20:41
Осиё ўйинлари бошқа давлатга кўчирилганига изоҳ берилди

Ўзбекистонда ўтиши керак бўлган Осиё ўйинлари бошқа давлатга кўчирилганига расмий изоҳ берилди.

Миллий олимпия қўмитаси маълумотига кўра, "пандемиядан кейинги чекловлар сабабли Олимпия шаҳарчаси қурилиши учун зарур воситалар етказиш жараёнида узилишлар кузатилгани ва фойдаланишга топшириш муддати кечикишини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон томони Осиё олимпия кенгашидан мусобақани яна бир йилга суришни сўраган".

Бироқ Олимпия спорт турларидаги беллашувлар келгусида Дакар-2026 ўсмирлар ёзги Олимпия ўйинларига саралаш вазифасини бажариши назарда тутилгани боис ООК III ёшлар Осиё ўйинлари 2025 йилда ташкил этилиши муҳимлигини билдирди.

Шу туфайли, ООК III ёшлар Осиё ўйинлари мезбонлигини Баҳрайнга топширган ва Ўзбекистонга Ислом бирдамлиги ўйинлари ёки Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари каби катталар миқёсидаги йирик комплекс тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўришни тавсия қилган.

Аввалроқ Осиё ўйинларидан кейин Олимпия шаҳарчасидан самарали фойдаланиш режалари ҳақида ҳам маълумот берилган. Президент бу жой мамлакат спортининг илмий, амалий, ўқув-машғулот маркази бўлишини таъкидлаган.

Спорт вазирлиги, Антидопинг агентлиги, Давлат спорт академияси, Жисмоний тарбия илмий-тадқиқотлар институти, Спорт турларини ривожлантириш маркази Олимпия шаҳарчасига жойлаштирилади. Профессионал спортчиларни тайёрлаш ва маҳоратини ошириш бўйича машғулотлар ўтказилади. Ҳудудий спорт ташкилотларининг шаҳарча инфратузилмасидан фойдаланиши йўлга қўйилади.

Шунингдек, бу ерда “ақлли шаҳар” концепциясига асосланган замонавий бошқарув тизими жорий этилиши, умуман, шаҳарча спорт ва соғломлаштириш маркази сифатида узоқ йиллар халқимизга хизмат қилиши маълум қилинган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+