platina.uz

Камбағаллик ва ишсизликни йўқотишда Бухородаги ишлар қониқарсиз деб топилди

Шавкат Мирзиёев раислигида танқидий руҳда ўтган йиғилишда вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичлари мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги айтилган.

Жамият
29 ноябрь, 18:06
Камбағаллик ва ишсизликни йўқотишда Бухородаги ишлар қониқарсиз деб топилди

Президент Шавкат Мирзиёев 29 ноябр куни Бухоро вилоятида қўшимча имкониятларни юзага чиқариш, инвестиция ва иш ўринларини кўпайтириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичлари мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги айтилди. Инвестицияларни ўзлаштириш, камбағаллик ва ишсизликни камайтириш борасидаги ишлар қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва сектор раҳбарлари 6 ой фавқулодда иш тартибига ўтади. Бутун эътибор шу учта йўналишни яхшилашга қаратилади. Хусусан, Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари асосида 70 та драйвер лойиҳани амалга ошириб, 150 минг одамни даромадли қилиш, 40 минг кишини камбағалликдан чиқариш лозим.

Масалан, Пешку ва Шофиркон туманларини қурилиш материаллари ҳамда тўқимачиликка, Когон шаҳри, Олот ва Жондор озиқ-овқат, Ғиждувон ва Ромитанни кимё саноатига ихтисослаштириш керак. Бу тадбиркорларнинг 150 миллион долларлик лойиҳаларига йўл очади. Бунинг самарасида 411 та кичик корхона, 12 мингта иш ўрни пайдо бўлади.

Вобкент, Қоракўл, Жондор ва Олотда 320 миллион долларлик 4 та тўқимачилик корхонаси қуриш лойиҳалари бор. Натижада тайёр трикотаж ва тўқимачилик маҳсулотлари ҳажми 2 баробар ошади, 5 мингта иш ўрни яратилади.

Келгуси йил Бухорода хорижий туристлар сони 2,2 миллионга, туризм экспорти 600 миллион долларга етиши кутилмоқда. 69 та янги меҳмонхона, 2 мингта ҳунармандчилик раста ва дўконлари барпо этилиши бунга катта ҳисса қўшади.

Қўшимча 20 минг гектар ер майдонларини ўзлаштириш мўлжалланган. Бунинг ҳисобига қўшимча 100 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади ва 2 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади. Томорқалар, дала чети ва каналлар атрофидаги бўш ерларда ҳам қўшимча дарахт ва озиқ-овқат маҳсулотлари экилади.

Бухоро вилоятида 2 миллион гектардан зиёд яйловлар бор. Ҳозир фойдаланилмаётган яйловларда писта етиштириш режалаштирилмоқда.

Йиғилишда Бухоро вилояти ҳокими шу каби имкониятларни ишга солиш бўйича режаларини тақдимот қилди. Умуман, келгуси йилда 2 миллиард долларлик хорижий инвестиция ҳисобига 106 та лойиҳани амалга ошириш мўлжаллангани айтилди. Уларда 105 мингта доимий иш ўрни яратилади, 350 миллион доллар экспорт бўлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+