platina.uz

Гиёҳвандликка оид жиноятларнинг 33,4 фоизи ёшлар томонидан содир қилиняпти

Телеграмда гиёҳванд моддалар савдоси бўйича 38 та ахборот манбаи аниқланган. Уларнинг умумий аудиторияси 119 671 нафар фойдаланувчини ташкил этди. 

Жамият
28 ноябрь, 16:35
Гиёҳвандликка оид жиноятларнинг 33,4 фоизи ёшлар томонидан содир қилиняпти

Гиёҳвандликка оид жиноятларнинг салмоқли қисми ёшлар томонидан содир этилмоқда. Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда ёшлар ва ўсмирлар ўртасида гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддалар истеъмолининг олдини олишга қаратилган жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

Унда сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вазирлик ва идоралар масъуллари, жамоатчилик вакиллари ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этди.

2019–2023 йилларда республикамизда гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ содир этилган жиноятларнинг 22-25 фоизи ёшлар (30 ёшгача) томонидан содир этилган. Мазкур кўрсаткич жорий йилнинг ўтган 8 ойида эса 33,4 фоизни ташкил этган.

Ёшлар орасида “Тропикамид”, “Прегабалин” (“Лирика”, “Регапен” ва “Липре”), “Залеплон” (“Селофен”) каби кучли таъсир қилувчи препаратлар ва таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган “Трамадол” дори воситалари кенг тарқалган.

Тадбир давомида ички ишлар органлари томонидан 2021–2023 йилларда бу каби дори воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасида зарурий чора-тадбирлар олиб борилгани, натижада 13,8 тонна гиёҳвандлик воситалари мусодара қилингани айтиб ўтилди.

Онлайн платформалар гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний савдоси учун қулай ахборот майдонига айланиб бормоқда. Интернет маконида гиёҳвандлик воситалари ва психоактив моддалар савдосига ихтисослашган 52 та ахборот манбаи аниқланган. Уларнинг 14 таси веб-сайтларда, 38 таси эса телеграм мессенжери орқали фаолият юритган.

Телеграм мессенжерида шу мазмунда 38 та ахборот манбаи аниқланган. Уларнинг умумий аудиторияси 119 671 нафар фойдаланувчини ташкил этган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+