platina.uz

Тадбиркорлар учун кредитдан тезроқ ва қулайроқ хизмат – факторинг

МКБАНК таклиф этаётган бундай хизматлар қисқа муддатда, кредит эса 1-5 кунгача расмийлаштирилади, кредитдан фарқли равишда гаров талаб этилмайди.

Бизнес
26 ноябрь, 13:45
Тадбиркорлар учун кредитдан тезроқ ва қулайроқ хизмат – факторинг

Бугун факторинг тушунчаси ва унинг қатор қулайликлари борасида кўплаб саволлар туғилмоқда. Ана шу саволлар юзасидан “Микрокредитбанк” АТБ Факторинг хизматларини кўрсатиш бўлими бошлиғи Абдусамад Султонов изоҳ бериб ўтди.

1. Факторинг хизмати ўзи нима, унинг тадбиркорлар учун қандай афзалликлари бор?

Фуқаролик кодексида (42-боб, 749-758-моддалар) факторинг тушунчаси келтирилган бўлиб, факторинг – пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаштириш хизмати ҳисобланади. Ёки оддий қилиб айтганда, факторинг – бу келгусидаги тушумни ҳозирги пул маблағларига алмаштириш деса ҳам бўлади.

Факторингни молия агенти сифатида банклар ва бошқа кредит ташкилотлари тузиши мумкин. Факторингнинг бир қатор афзалликлари мавжуд, хусусан:

  • гаров таъминоти талаб қилинмайди (гаров сифатида дебиторлик қарз қаралади);
  • тадбиркорларнинг айланма маблағлари узлуксизлиги таъминланади;
  • маблағларнинг мақсадли ишлатилиши талаб этилмайди.

2. Факторинг хизматининг қандай турлари бор ва улар бир-биридан нимаси билан фарқ қилади?

Факторинг хизматининг бир нечта асосий турлари мавжуд бўлиб, булар:

  • Анъанавий, тескари (реверсив), бир факторли, кўп факторли, регресс ҳуқуқи билан, регресс ҳуқуқисиз, очиқ ва ёпиқ турлари.
  • Анъанавий факторинг бу факторинг амалга ошириш ташаббускори – товар етказиб берувчи тадбиркор;
  • Тескари (реверсив) факторинг бу ташаббускор – сотиб олувчи тадбиркор;
  • Бир факторли бу маҳаллий факторинг амалиётларида қўлланилади;
  • Кўп факторли бу халқаро факторинг амалиётларига мос хизмат.

3. Факторинг билан кредит ўртасидаги фарқ нимада?

Факторинг хизматлари ва кредит амалиётлари бир-биридан фарқ қилади. Факторинг хизматлари қисқа муддатда, кредит эса 1-5 кунгача муддатда расмийлаштирилади. Шунингдек, факторинг хизматида гаров талаб этилмайди, кредит учун эса гаров шарт ҳисобланади.

4. Факторинг хизматидан фойдаланиш учун қаерга мурожаат қилиш керак ва қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Бугунги кунда барча тижорат банкларида факторинг хизматлари йўлга қўйилган. Жумладан, мижозларимиз МКБАНКнинг ўзига яқин бўлган банк филиалига мурожаат қилишлари мумкин. Бугун тижорат банклари томонидан интеграция қилинган электрон платформалардан фойдаланган ҳолда факторинг хизматларидан фойдаланиш имконияти кенгайган.

Шу ўринда факторинг хизмати кимларга кераклиги ҳақида ҳам айтиб ўтсам: корпоратив, кичик ва ўрта бизнес вакиллари, ишлаб чиқарувчилар, савдо компаниялари.

Демак, факторинг хизмати орқали тадбиркорларнинг айланма маблағлари узлуксизлиги ва энг муҳими, ишлаб чиқариш жараёнларининг узлуксизлиги таъминланади. Факторинг хизматидан асосан кечиктирилган тўловли савдоларда фойдаланилади ва корхоналарга тезкор молиявий ресурсга эга бўлиш имконини беради.

Шунингдек, МКБАНКнинг факторинг хизмати ҳақида бу ерда маълумотга эга бўласиз.

Банк Ахборот хизмати

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+