Жосуслик: АҚШ – Марказий разведка бошқармаси
Фош бўлмасликнинг уддасидан чиқа олган айрим агентларнинг номлари ўлганидан кейин ҳам ошкор қилинмайди. Улар махфий ҳужжатлар саҳифаларида қолиб кетишади.
Ахборот – ўта қиммат товар. Аммо “тез бузиладиган” товар. Кимки ахборотга эгалик қилса вазиятга ҳам эгалик қилади.
Асрлар давомида инсоният ахборотнинг қимматини англаб етди. Давлатлар пайдо бўлгач, керакли ахборотни излаш маълум бир тузилмалар ва шахслар зиммасига юканди. Бундай тузилмаларни одатда разведка (русча – “тадқиқ этиш, ўрганиш”, инглизча – Intelligence assessment – “ақлий кўмаклашув”) деб атала бошланди. Вақт ўтиши билан билим, тажриба ва кўникмалар тўпланди. Технологиялар ва илм-фан ривожланишига ҳамоҳанг равишда ахборот олиш усули ва воситалари такомиллашиб борди.
Разведка – бу ўз хавфсизлигини таъминлаш ёки ҳарбий сиёсий ва иқтисодий устуворликка эришиш мақсадида рақиб, душман ёки рақобатчи ҳақидаги (чунки иқтисодий разведка ҳам мавжуд) маълумот ва ахборотни тўплаш, баҳолаш, қайта ишлаш ва реализация – амалга татбиқ этишда кўмаклашишдан иборат бўлади.
Разведка очиқ ва ёпиқ маълумотларни легал ва нолегал йўллар билан қидириб топади. Бунинг учун махсус воситалар ва усулларга ҳамда инсон омилига – агентларга таянади.
Уруш шароитида разведка хизматининг аҳамияти беқиёс бўлади. Душманнинг асл қудрати ва режаларидан хабардор бўлиб туриш, ҳарбий техника аскарлар сони ва қудратидан ҳам кўра қимматлироқ аҳамият касб этади одатда.
Аслини олганда, разведканинг примитив шакллари ҳайвонлар ва ҳашаротларга ҳам хос ҳодиса. Бу душман ёки озиқ-овқат ва ўлжа манбаи ҳақидаги маълумотларни топиш ва қабиласига етказишни ўз ичига олади. Масалан, разведкачи асаларилар янги гуллар маконини топишса, уясига қайтиб келиб, жамоаси олдида ўзига хос “рақс” ижро этиш орқали манба қаерда, қанча миқдорда ва қанча масофада экани ҳақида бошқа ишчи асалариларни хабардор қилар экан.
Дунёда ҳозирги вақтда деярли ҳар бир давлатнинг ўз разведка хизматлари, ҳатто разведка хизматлари ҳамжамиятлари мавжуд. Разведка хизматининг қанчалик катта, қудратли, самарали бўлиши, қандай имконият ва ваколатларга эгалиги давлатнинг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари, халқаро сиёсий-ҳарбий вазият ҳамда тузилмани молиялаштириш имкониятларига бевосита боғлиқ.
Марказий разведка бошқармаси
Ҳозирги даврда АҚШ нафақат ҳарбий жиҳатдан, балки разведка хизматларининг қудрати ва самарадорлиги ҳамда имкониятлари жиҳатидан ҳам пешқадам ҳисобланади. Америка разведка хизматлари орасида эса, ҳеч шубҳасиз, Марказий разведка бошқармаси (МРБ) етакчи ўрин тутади.
Америка Қўшма Штатларининг МРБ (инглизча - Central Intelligence Agency; CIA) АҚШ федерал ҳукуматининг мустақил агентлиги бўлиб, унинг асосий вазифаси хорижий ташкилотлар ва фуқароларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишдан иборат.
МРБ AҚШ ташқи разведка ва контрразведка тизимининг асосий органи ҳисобланади.
Катта Жорж Буш номидаги разведка маркази номи билан ҳам танилган МРБнинг бош қароргоҳи Вашингтондан 13 км. узоқликда, Виржиния штатининг Фэрфакс округидаги Лэнгли шаҳрида жойлашган.
Ички хавфсизлик агентлиги бўлган Федерал қидирув бюросидан фарқли ўлароқ, МРБ ҳуқуқни муҳофаза қилиш функцияларига эга эмас ва биринчи навбатда ташқи разведкага эътибор қаратади. Лекин шунга қарамасдан, МРБ айрим ички разведка ва контрразведка элементларига эга. Гарчи AҚШнинг ташқи разведкага ихтисослашган ягона давлат идораси бўлмаса-да, электрон разведка билан шуғулланадиган Миллий хавфсизлик агентлиги ҳам мавжуд. Бундан ташқари, МРБ президентнинг кўрсатмаси билан яширин операцияларни қонуний равишда амалга ошириш ва назорат қилиш ваколатига эга бўлган ягона агентликдир. МРБ ўзининг тактик бўлинмалари, масалан, Махсус фаолият бўлими орқали ташқи сиёсатга таъсир кўрсатади.
МРБ Aмерика Қўшма Штатлари разведка жамиятининг бир қисми бўлиб, уни Миллий разведка директори бошқаради.
Тарихга назар
АҚШ ҳукумати ташкил топганидан бери разведка масаласига катта эътибор бериб келган. Бу ҳатто мустақиллик учун курашда ҳам ёрдам берган. Бироқ разведка билан шуғулланадиган алоҳида тузилма мавжуд бўлмаган. 1881 йилга келиб, Ҳарбий-денгиз бошқармаси ва Армия ҳарбий разведка бўлими ташкил этилган. Биринчи жаҳон урушида разведка маълумотларини тўплашни Қидирув-текширув бюроси ўз зиммасига олган. (Кейинчалик унинг асосида Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) (FBI - Federal Bureau of Investigation) тузилган.
МРБ тарихи эса Иккинчи жаҳон уруши авжига чиққан ва бу АҚШ манфаатлари ҳамда сиёсий-ҳарбий имижига таҳдид сола бошлаган даврларга тўғри келади. Шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда 1942 йилда Стратегик хизматлар бошқармаси (СХБ) ташкил этилган эди.
МРБ эса 1947 йилда AҚШ президенти Гарри Трумен томонидан имзоланган ва 1947 йил 18 сентябрда кучга кирган Миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонун билан тузилган. Унинг ходимларининг 3 дан 2 қисми ана шу СХБ ветеранларидан иборат эди. МРБ СХБнинг барча функцияларни ўз зиммасига олган, бироқ унинг ваколатлари ва молиялаштириш кўлами анча кенгайтирилган. Илгари МРБ ташкил этилишидан олдин унинг вазифаларини Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ўз зиммасига олган эди, аммо ҳозирда ФҚБ юрисдикцияси фақат ички сиёсат билан чекланган, МРБ эса ўз вазифаларини фақат АҚШ чегарасидан ташқарида амалга ошириш ҳуқуқига эга.
МРБ бошлиғи 2005 йилгача Марказий разведка ҳамжамияти директори бўлган. Лавозим 1946 йил январ ойида AҚШ ҳукуматининг разведка фаолиятига умумий йўналиш бериш учун яратилган, аммо 1947 йилги қонун директорга МРБ бошлиғи, шунингдек, AҚШ президентининг разведка масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳамда Миллий хавфсизлик кенгаши аъзоси каби қўшимча масъулиятни берди. 1981 йилда директор Разведка ҳамжамиятининг раҳбари бўлди.
МРБнинг биринчи раҳбари Марказий разведканинг учинчи директори, контр-адмирал Роско Хиленкоеттер бўлган.
2021 йил 19 мартда Уилям Бернс МРБ директори этиб тайинланди. У ушбу разведка хизматига раҳбарлик қилган биринчи дипломат мутахассис ҳисобланади.
Молиялаштириш манбаси
МРБ бюджети 1949 йилдан бошлаб махфий ҳисобланади. Бу ташкилотга ўз тузилмаси, кадрлари сони ва маоши ҳақидаги маълумотларни махфий тутиш ҳуқуқи берилган. Лекин айрим маълумотларга кўра, 1997 йилда МРБ га ажратилган бюджет 26,6 млрд. доллар бўлган. 1998 йилда мазкур бюджет 26,7 млрд. долларни ташкил этган. МРБ ходимлари эса жами 20 минг кишига яқинлиги очиқланган.
Aгентлар ва коррупция
МРБ ўз агентларини тайёрлаш ва ўқитиш учун иккита махсус ўқув марказига эга. Aсосийси – Farm (инглизча “ферма”) – Виржиния штатидаги Камп Пири армияси базасида жойлашган. Иккинчи марказ – The Point (инглизча “нуқта, гуруҳ”) Шимолий Каролина штатининг Ҳарвей Поинт шаҳрида жойлашган.
МРБ ҳамма ўйлаганидек, қонуннинг ҳар бир ҳар бир ҳарфига амал қилиб фаолият кўрсатмаган даврлар ҳам бўлган. Масалан, 2008 йилда XX асрнинг иккинчи ярмида МРБ ходимлари ва уларнинг бизнес ҳамкорлари МРБ томонидан олинган махфий маълумотлардан ўз манфаати учун фойдалангани маълум бўлган.
Шунингдек, террорчиликка қарши кураш жараёнида МРБ ходимларининг ўз ваколат доираларидан четга чиқишлари ҳам кузатилган. Мисол учун, 2007 йил декабр ойида МРБ гумонланувчиларнинг сўроқ пайтидаги иккита видеотасмасини йўқ қилганини тан олди. Бошқарманинг ўша пайтдаги директори Майкл Хейден МРБнинг ўз хавфсизлик хизмати фикрига таяниб, усуллар қонуний эканини таъкидлади. МРБ ўз ходимларини айбловчи далилларни йўқ қилди. Америка фуқаролик эркинликлари иттифоқи бу борада шундай деди: “Ушбу ленталарни йўқ қилиш айрим фуқароларни қийноқлар ва ҳокимиятни суиистеъмол қилганликлари учун жиноий таъқибдан сақлаб қолиш учун ижро ҳокимиятидан кенг кўламли ва узоқ муддатли фойдаланиш тизимининг бир қисмидир”.
2008 йил феврал ойида Майкл Хейден унинг зобитлари сўроқ пайтида гумонланувчини "чўкиш" эффектига эришиш учун вақтинча сувга чўмдириш усулидан фойдаланганини тан олди. МРБ бу қийноқларни ҳисобга олмайди ва уни "қаттиқроқ сўроқ қилиш усули" деб белгилайди. Ҳаммаси бўлиб 18 га яқин шунга ўхшаш усуллар ишлатилган ҳолатлар маълум. АҚШ Конгрессида МРБни сўроққа тутишган пайтида маълумот олишнинг ушбу усулидан фойдаланишни тақиқлаш таклифи илгари сурилди. Бироқ ўша пайтдаги президент Жорж Буш бундай қонунга вето қўйишини айтди. АҚШнинг навбатдаги президенти Барак Обама 2009 йил 22 январда қийноқлардан фойдаланган ҳолда сўроқ қилишни тақиқловчи фармонни имзолади. 2009 йилда АҚШ Адлия вазирлиги раҳбарияти МРБ ходимларининг бундай сўроқ усулларини қўллашга рухсат берганларни жиноий жавобгарликка тортиш мумкинлиги ҳақидаги мунозараларни бошлади.
Махфий қамоқхоналар
МРБ бош-қош бўлган, терроризмда гумон қилинган шахслар сақланадиган махфий жойлар ҳақидаги маълумотлар инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва жаҳон ОАВлари томонидан эълон қилинган. 2005 йил 2 ноябрдан бошлаб бу маълумот Америка ОАВларида пайдо бўлди.
Жумладан, 2001 йилда АҚШда содир этилган террорчилик актидан сўнг, Ироқ (“Абу Ғариб” қамоқхонаси) ва Афғонистонда ҳамда Куба яқинида (“Кэмп Делта” ёки “Гуантанамо” қамоқхонаси) МРБнинг махсус қамоқхоналари (айримлари махфий бўлган) ташкил этилиб, террорчиликда гумон қилинган маҳбуслар оғир ҳаёт шароити ва қийноқлар ва хўрлашлар остида яшаган. Уларни қўлга олишганида айблов эълон қилинмаган ва ушлаб ўтириш муддати кўрсатилмаган.
2006 йилда АҚШ президенти Жорж Буш бундай қамоқхоналарнинг мавжудлигини расман тан олди. Президент ушбу мавзудаги нутқида бундай муассасалар хавфсизлик нуқтаи назаридан зарурлигини ва у ерда фақат терроризмда гумон қилинган ўта хавфли шахслар сақланишини таъкидлади.
2009 йил 23 январда АҚШ президенти Барак Обама МРБнинг барча махфий қамоқхоналарини ёпиш тўғрисида фармон чиқарди. 2009 йил апрел ойида МРБ директори Л.Панетта хорижда жойлашган барча қамоқхоналар ёпилгани ҳақида баёнот берди.
Ҳозирга келиб, мазкур қамоқхоналарда ноҳақ сақланган ва қийноққа солинган собиқ маҳбусларнинг аксарияти озодликка чиқарилган ва уларга етказилган азият учун товон пуллари тўланган.
Қайд этиш жоиз, МРБ АҚШдан ташқарида бундай қамоқхоналар қурганининг сабаби – улар аввало АҚШ жамоатчилиги нигоҳидан узоқда бўлади. Қолаверса, уларга АҚШнинг демократик қонунчилиги талаблари татбиқ этилмайди.
Нима эксанг, шуни ўрасан...
МРБ агентлари нафақат бошқалардан маълумот олиб, уларга таъсир қилиш билан шуғулланади, балки ўзлари ҳам разведка объектига айланишган баъзан. Яъни, бошқа давлатларнинг махсус хизматлари МРБ агентлари ёки собиқ агентларини ёллашга уринади, МРБ ичида ўз “қулоқ”лари бўлишига ҳаракат қилишади.
Масалан, АҚШнинг Индиана штатидаги Терре-Хот шаҳридаги қаттиқ тартибдаги федерал қамоқхонада 30 йил аввал СССР ва АҚШ ўртасидаги жосуслик можароси ва катта шов-шувларга сабаб бўлган маҳбус сақланади. 81 ёшли маҳбус – Олдрич Хейзен Эймс бир умрга, авф этиш ҳуқуқисиз озодликдан маҳрум этилган. Эймс МРБда раҳбарлик лавозимида ишлаган ва кейинчалик ўз хизматини КГБга таклиф этган. Эймс 9 йил мобайнида жуда кўп қимматли маълумотларни СССРга узатиб турган.
Бундай хоинлар МРБ тарихида кўп бўлган. 2019 йилда ҳам ана шундай хоинлардан бири фош этилди: МРБнинг собиқ агенти Чун Шин Ли АҚШда 19 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 55 ёшли АҚШ фуқароси Шин Ли нафақага чиққанида, Ҳонгконгда Хитой махсус хизматлари ходимлари у билан боғланиб, бир неча юз минг доллар эвазига унинг МРБдаги 13 йиллик хизмати давомида билиб олган барча сирларини, жумладан, АҚШ мудофаа комплекси ҳақидаги маълумотларни ёзиб олишади.
Бироқ АҚШ контрразведка хизматлари Шин Лини фош қилган ва уни маҳкамага тортган. Таъкидлаш керак, бу 2019 йилда фош қилинган учинчи МРБ собиқ агенти бўлган.
ХОТИРА
Кинофилмларда тасвирланган жосус ва махсус хизмат агентлари – турли Жеймс Бонд ёки “007 агент”лар образи ҳамда улар ҳақидаги стереотиплар бир қадар тўғри: улар катта маош олишади, ўзи ва оиласининг ижтимоий ҳимояси кафолатланган. Хорижий мамлакатлар бўйлаб саёҳат қилишади, катта лавозимдаги одамлар ва гўзал қизлар ҳамроҳлигида иш олиб боришади. Ватани ва халқи учун катта фойда келтираётганидан руҳий қониқиш ҳосил қилиб яшайди. Нафақага чиққанида ҳам тинч ва фаровон ҳаёт кечиришлари мумкин.
Аммо агентлар ҳар доим ҳам келишган ва ёш йигит-қизлар бўлмайди, қимматбаҳо машина ва уйлар, фаровон ва гўзал ҳаёт қуршовида яшаб-ишламайди. Агент мункиллаган кекса киши ёки кўримсиз талаба йигит ҳам бўлиши мумкин. Агентлар муттасил ва хавотирлар ичида, ёлғонлар ва бошқа типаж ва ролларни ўйнаш юки остида яшайди кўпинча.
Қолаверса, агентларнинг ҳамммаси ҳам нафақа ёшигача етиб бора олмайди. Махсус топшириқларни бажариш чоғида ўлдирилган, қийноққа солинган ва қамоққа ташланган, бир умрга ногирон бўлиб қолган жосуслар ҳақидаги хабарлар бир талай. Чунки МРБ ходимларининг ҳаёти қизиқ, аммо хавфли; муҳим, аммо нозик. Чунки бир аскар ёки командир хато қилса, унинг оқибатлари арзимас бўлади, бу хатони тўғрилаш мумкин. Бироқ агент хато қилса ёки қўлга тушиб қолса, бу ҳолат халқаро муносабатлар ҳамда бирор давлат билан алоқаларга путур етиши, халқаро можаро ҳамда низоларга олиб келиши мумкин. Ёки қўлга тушган агент қийноқлар натижасида бошқа ҳамкасбларини “сотиш”га мажбур бўлиши туфайли бир неча йиллар давомида катта меҳнат ва маблағ сарфлаб шакллантирилган бутун бошли агентлар тармоғи ҳамда ахборот олиш механизми фош этилиб, барбод бўлиши мумкин. Лекин шу билан бир қаторда, бир агент эришган муваффақиятга бутун бошли армия ёки иқтисодий гигантлар эриша олмаслиги мумкин. (Масалан, собиқ СССРда эришилган барча технологик муваффақиятлар ҳамда саноат ютуқлари (жумладан, ҳарбий техника ва ядро қуроллари ҳам) КГБ жосуслари томонидан Ғарбдан ўғирланган.)
Бироқ МРБ ўз ватани манфаатлари учун, хизмат вазифаларини адо этиш йўлида ҳалок бўлган агентларини ҳеч қачон унутмаган. Уларнинг хотираси абадийлаштирилади, оила аъзолари давлат таъминотида бўлади. Бироқ, фош бўлмасликнинг уддасидан чиқа олган айрим агентларнинг номлари ўлганидан кейин ҳам ошкор қилинмайди. Улар махфий ҳужжатлар саҳифаларида қолиб кетишади. Бундайлар МРБ мемориали деворидаги навбатдаги номсиз юлдузчага айланади холос. Чунки уларни ошкор қилиш бутун тизим ёки бошқа амалдаги агентлар фаолиятига ҳам салбий ва ҳатто ҳалокатли таъсир қилиши мумкин.
МРБ хотира ва шараф девори 1974 йилда пайдо бўлган. Алабама мармаридан ясалган ушбу деворда ҳар бир ҳалок бўлган ходим хотирасига биттадан юлдузча ўйиб туширилган. Девор олдида "Шараф ва хотира китоби" қўйилган бўлиб, унда вафот этган ходимларнинг исмлари ва ҳалок бўлган йил кўрсатилган. Шунингдек, китобда бир неча ўнлаб номсиз юлдузлар бор – улар махфий тутилиши лозимлиги боис, ўлимларидан кейин ҳам ошкор этилмаган ходимларга бағишланган. Aйни пайтда "Шараф ва хотира китоби"да 37 та номсиз юлдуз мавжуд.
“Ўлим илҳомлантирувчи ёки қаҳрамонлик бўлиши керак”...
Мукофотга лойиқ номзодларни танлаш учун МРБ директори ҳузурида Жасорати ва қаҳрамонлиги учун тақдирлаш кенгаши бор. Кенгаш қуйидаги мезонларни ҳисобга олади: Аввало, “ўлим хорижда ёки AҚШда рўй берган бўлиши мумкин. “ўлим илҳомлантирувчи ёки қаҳрамонлик бўлиши керак”. Ўлим ходимнинг хизмат бурчини бажариши чоғида ёки террорчилик акти оқибатида ёки (ушбу ходимнинг МРБга мансублиги инобатга олинган ҳолда) ходимга қарши қаратилган қасддан ҳужум оқибатида, ҳарбий ҳаракатлар ёки хавф-хатарларнинг бевосита оқибатида, уруш ҳудудларида ёки бошқа ўта хавфли вазиятларда хизмат қилиш пайтида рўй берган бўлиши лозим.
МРБ директори тақдирлашга номзодликни тасдиқлаганидан сўнг, доимий тош ўймакори Тим Жонсон ушбу марҳум ходимга бағишланган янги юлдузни деворга ўйиб чизади.
Дастлаб AҚШнинг Жануби-Шарқий Осиёдаги ҳарбий кампанияси пайтида ҳалок бўлган МРБ ходимлари хотирасини шу тарзда улуғлашга қарор қилишган. Бироқ кейинчалик ушбу анъана кўлами кенгайиб, қаерда ишлаганидан қатъи назар, барча ходимлар учун ҳам татбиқ этила бошланди.
Шуни таъкидлаш керакки, янги юлдузларнинг пайдо бўлиши ҳозирги кундаги воқеаларга боғлиқ эмас, улар 10-20 йил аввалги марҳум агентлар хотирасига ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Охирги юлдуз
Ўтган йили Россия пропагандаси русларнинг Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси биносига берган ракета зарбаларидан кейин Мемориал деворидаги юлдузлар биттага кўпайиб қолган (139 тадан 140 тага чиққан), демак, бинода АҚШ МРБ агенти ҳам ҳалок бўлган, деган фейк хабарлар тарқалди.
Бироқ бу ёлғон хабарлиги аниқланди. Чунки АҚШнинг Лэнгли шаҳридаги МРБ биносида ўтказилган навбатдаги хотира маросими 2023 йил 23 май куни – Украина мудофаа вазирлиги биносига берилган зарбадан 6 кун аввал ўтказилган ва 140-юлдуз ўйиб чизилган.
Бу юлдуз 1969 йил 5 январда Таиланд жанубида, Лаос сари парвоз қилаётган самолёт авиаҳалокатга учраши натижасида вафот этган америкалик шифокор Жон Эванс хотирасига пайдо бўлган. Ўша пайтда шифокор полковник ҳарбий рутбасида эди ва АҚШнинг Таиланддаги элчихонасида ишлаган. Жон Эванс АҚШдаги Арлингтон ҳарбий мемориал қабристонига дафн этилган.
Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.